Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС бўйича ноль кўрсаткичли ҳисобот топшириш оқибатлари
Оборотлари мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, барча ҚҚС тўловчилар унга доир ҳисоботни топширишлари шарт. Шу сабабли ҳисобот ойида улар мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам ноль кўрсаткичли ҳисоботни топшириш лозим. Бироқ бундай ҳисоботлар солиқ органларида шубҳа уйғотади.
Айрим солиқ тўловчилар камерал назоратга тушмаслик учун реализация қилиш оборотлари кўпроқ бўлса ҳам, солиқ органлари ноль ва манфий кўрсаткичли ҳисоботларга алоҳида эътибор беришларини мўлжаллаб, ҳисоботларда кичик суммаларни кўрсатадилар.
ДСИга ноль кўрсаткичли ёки оборотлари камайтирилган ҚҚС бўйича ҳисобот жўнатаётганда солиқ органлари ташқи манбалар (банк, божхона органлари ва б.) маълумотлари асосида ҳақиқий оборотларингизни текширишига тайёр туринг.
Мисол. Савдо корхонаси товарларни реализация қилиш оборотлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли 2019 йил январь ойи учун ҚҚС бўйича ноль кўрсаткичли ҳисоботни тақдим этди.
Банк берган маълумотларга кўра солиқ органлари товарларни реализация қилишдан корхонанинг банкдаги ҳисобварағига 90 млн сўм нақд пул келиб тушгани ва терминал орқали 150 млн сўм тўланганини аниқладилар. Шу тариқа, корхона тақдим этган ҳисоботда 240 млн сўмлик (90 + 150) суммадаги даромад қайд этилмагани боис бюджетга 40 млн сўм ҚҚС (240 х 20 : 120) ҳисобланмаган.
Ноль кўрсаткичли ҳисобот топширдингизми – экспресс-ўрганиш ўтказилишини кутинг
Ноль кўрсаткичли ҳисобот топширган солиқ тўловчиларда мавзули экспресс-ўрганиш ўтказилади. Олинган ва реализация қилинган ТМҚ, бажарилган ишларнинг ва кўрсатилган хизматлар ҳажмларининг, номенклатурасининг (ассортиментининг) ва суммаларининг камерал назорат натижасида солиқ тўловчининг банк ҳисобварақлари бўйича пул маблағлари ҳаракати таҳлили чоғида аниқланган номутаносиблиги уни тайинлаш мезонларидан бири ҳисобланади (Солиқ кодексининг 71-2-моддаси).
Эслатиб ўтамиз, мавзули экспресс-ўрганиш солиқ тўловчи ҳузурига борган ҳолда амалга оширилади. Уни ўтказиш тартиби махсус Низом (ВМнинг 27.11.2018 йилдаги 965-сон қарорига илова) билан белгиланган. Уни ўтказиш муддатларида номувофиқликлар кузатилади: Солиқ кодексига мувофиқ – 7 календарь кундан ортиқ эмас, 965-сон Низомга кўра – 5 иш кунидан ошмаслиги керак.
Ирина Ахметова, «Norma» МЧЖ эксперти.