ДСҚ “чораклик асосда” ҚҚСга ўтиш ҳақида хабардор қилди

preview

Шу кунларда my.soliq.uz даги шахсий кабинетларга барча солиқ тўловчиларга ҚҚСни  чораклик асосда тўлаш ва ҚҚС бўйича ҳисоботни тақдим этишга ўтиш тартиби тўғрисида хабарнома-хат йўлланди.  Buxgalter.uz   шу муносабат билан тушунтиради:

Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисобварақ-фактураларни қўллайдиган ҚҚС тўловчиларга 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқи тақдим этилган.

ДСҚнинг хатида хабар берилишича, мазкур ҳуқуқдан фойдаланаётган солиқ тўловчилар солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган муддатда хабарномани тақдим этишлари даркор, айнан:

  • II чорак учун – 2020 йилнинг 20  майига қадар;
  • III чорак учун – 2020 йилнинг 20 августига қадар;
  • IV чорак учун – 2020 йилнинг 20 ноябрига қадар.

Хабарнома шакли my.soliq.uz порталида электрон солиқ ҳисоботи шакллари таркибида жойлаштирилган, шакл коди - 10012_1.

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш тартибини қуйидаги мисолларда кўриб чиқамиз.

Мисол
Солиқ тўловчи ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга ҳақли
Солиқ тўловчи тўлиқ ЭҲФга ўтган. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича товар айланмаси 2020 йилнинг II чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 010-сатрида қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель учун – 100 млн сўм;
  • май учун – 500 млн сўм;
  • июнь учун – 800 млн сўм.
Солиқ тўловчи ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга ҳақли. 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни бюджетга тўлаш лозим.
Мисол
Солиқ тўловчи ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини олмайди
Солиқ тўловчи тўлиқ ЭҲФга ўтган. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича товар айланмаси 2020 йилнинг II чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 010-сатрида қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель учун – 1 100 млн сўм;
  • май учун – 900 млн сўм;
  • июнь учун – 700 млн сўм.
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 майидан кечиктирмай жорий йилнинг апрель ойи учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва солиқни бюджетга тўлаши лозим. Бунда у ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини олмайди.
Мисол
Солиқ тўловчи ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади
Солиқ тўловчи тўлиқ ЭҲФга ўтган. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича товар айланмаси 2020 йилнинг II чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 010-сатрида қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель учун – 100 млн сўм;
  • май учун – 1 500 млн сўм;
  • июнь учун – 800 млн сўм.
Солиқ тўловчи май ойи якунларидан бошлаб ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади ва тегишинча 2020 йилнинг 20 июнидан кечиктирмай жорий йилнинг апрель ва май ойлари учун солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва солиқни бюджетга тўлаши керак.
Эътибор беринг

Қўшилган қиймат солиғини ҳар чораклик асосда ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқидан фойдаланадиган солиқ тўловчилар бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • ҳисобот йилининг исталган ойи учун товар айланмаси 1 млрд сўмдан ошмаслиги керак;
  • солиқ тўловчи тўлиқ ЭҲФга ўтган ва ҳисобот чорагининг барча ойлари мобайнида ЭҲФни қўллайди.

Ушбу талабларга жавоб бермайдиган солиқ тўловчилар ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини ҳар чораклик асосда тақдим этиш ва солиқни тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва ҳар ойлик асосда ҳисоботни топшириш ва солиқни тўлаш тизимига ўтади.