Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шаклини тўғри тўлдириш усули
Бухгалтерлар 10006_14 коди билан ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шаклини топшираётганда нафақат олинган ва тақдим этилган ЭҲФни ўз вақтида имзолаш борасида, балки улардаги етказиб бериш қиймати кўрсаткичлари ва ҚҚС суммаси тўғрилиги борасида ҳам кўплаб муаммоларга тўқнаш келдилар. Buxgalter.uz эҳтимолий хатоларни таҳлил қилиб, ўз хулоса ва тавсиялари билан ўртоқлашишга тайёр.
Чунончи, ҚҚС ҳисоб-китобининг янги шаклида қуйидагилар назарда тутилган:
- ҚҚС ҳисоб-китобига 4-«Харид қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» ва 5-«Реализация қилинган товарлар (хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри» иловаларнинг автоматик равишда тўлдирилиши – товарлар, хизматларни етказиб берувчилардан олинган ва товарлар, хизматларнинг харидорларига тақдим этилган ҳисобварақ-фактуралар бўйича;
- 1-«Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси ва 3-«Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби» иловаси кўрсаткичларининг ЭҲФ тизимидан тўлдириладиган 4 ва 5-иловалар кўрсаткичлари билан «тийинигача» мажбурий равишда солиштирилиши.
Тегишинча, ушбу иловалардаги кўрсаткичларингиз мос келмаса, тизим хато борлигини кўрсатиб, сиз ҳисоботни топшира олмайсиз. 2020 йил май ойи учун ҳисобот бераётганда бунга кўпчилик тўқнаш келди…
Контрагентларнинг ҳисобварақ-фактураларида ҳам, ўзингизникида ҳам хатолар топилди. Қаердадир товар позициясини тўғри қайд этмаганлар, қаердадир нарх қўйишда адашганлар, ҚҚСнинг нотўғри ставкасини кўрсатганлар ва ҳ.к. Натижада дастур 1-иловадаги реализация қилишдан соф тушумнинг умумий суммаси кўрсаткичлари ва ундан ҳисобланган ҚҚСни, 3-илова бўйича олинган товарлар, хизматлар қиймати кўрсаткичлари ва ҳисобга олинадиган ҚҚСни ЭҲФ кўрсаткичларидаги маълумотлар билан солиштира бошлаганда турли тафовут ва номувофиқликлар борлиги кўринди.
Кейинги ҳисобот даврида бундай вазиятларга тўсатдан тўқнаш келмаслик учун:
- етказиб берувчидан олинган ЭҲФни имзолашга шошилманг, етказиб бериш қийматининг барча кўрсаткичлари ва ҚҚС суммаси тўғри кўрсатилганига ишонч ҳосил қилинг. Эҳтимол, уларни бошланғич етказиб бериш ҳужжати – шартнома, товар ёки хизматни етказиб бериш учун буюртманома, юкхат, бажарилган ишлар далолатномаси, ТТЮ ва ҳ.к. билан солиштиришга тўғри келар;
- сизга тақдим этилган ҳисобварақ-фактура айнан сиз учун мўлжалланганига, контрагентингиз сизни ҳеч ким билан адаштирмаганига, хато қилмаганига ишонч ҳосил қилинг. Ҳа, шундай бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, шартнома муддати тугаган бўлса ҳам, хато қилиб автоматик равишда ҳисобварақ-фактурани тақдим этган бўлишлари мумкин. Айниқса мижозлари кўп бўлган сервис ташкилотлари бундай хатога кўп йўл қўядилар, улар ҳисобварақ-фактураларни бир йўла жўнатиш функциясидан фойдаланадилар;
- харидорга ҳисобварақ-фактурани тақдим этишдан олдин шартнома шартлари: товар ёки хизмат сони ва қиймати, товар, хизмат номенклатураси ва ҳ.к. ўзгарган-ўзгармаганини текширинг;
- товар, хизматлар позициялари – номенклатураси, сони, нархи, ҚҚС ставкаси ва суммасини ўзингиз диққат билан тўлдиринг. Товар ёки хизматни ҚҚС билан реализация қилсангиз, жорий йил учун ҚҚС ставкасини 15% этиб тўғри кўрсатинг.
Етказиб берувчидан олинган ҳисобварақ-фактурани ЭРИ билан имзолаган бўлсангиз ёхуд харидорингиз сизнинг ЭҲФни имзолаган бўлса, шундан кейин хатоларни топган бўлсангиз, бундай вазиятларда тузатиш киритувчи ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва ҚҚС бўйича ҳисобот даврининг сўнгги санаси келишини кутмай вазиятни тузатиш кераклигини ҳам инобатга олиш лозим.
Ҳисоботнинг энг биринчи варағи нотўғри тўлдирилгани сабабли кўп бухгалтерларда ҚҚС ҳисоб-китобини жўнатиш чоғида яна битта техник хато юзага келган. Бу ерда «ҚҚС суммаси ҳисобга олинадиган усул» – мутаносиб ёки алоҳида-алоҳида ҳисобга олиш усулини кўрсатиш – танланган усул учун «1» белгисини қўйиш керак эди. Бунда бошқа усул учун ҳеч нима кўрсатиш керак эмас эди.
Бироқ ҳурматли бухгалтерларимиз солиқ ҳисоботининг барча сатрларини тўлдиришга ўрганиб қолганлар, ҳеч қандай кўрсаткичлар қайд этилмайдиган сатрларга «0» белгисини қўядилар. Айни шу иш хатога олиб келган.
Ҳисоботларни муваффақиятли топширишингизда маслаҳатларимиз қўл келади деган умиддамиз. Июнь ойи ва 2020 йил II чораги учун ҳисоботларни осон топшириб олишингизга тилакдошмиз!
Татьяна ЛИМАРЕВА.