Импорт қилинган товарни реализация қилиш чоғида зиддиятли ҚҚС

preview

Божхона томонидан қўшимча ҳисобланган ҚҚС – корхона учун чегириладиган харажатми ёки чегирилмайдиган харажатми? Buxgalter.uz Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ва Давлат солиқ қўмитасига тушунтириш беришларини сўраб мурожаат қилди. Улар Кодекснинг биргина нормаларини икки хил, бир-бирига буткул зид равишда талқин қилиб бердилар. Шундай бўлиши мумкинми? Келинг, уларни бирма-бир кўриб чиқамиз…


Масаланинг моҳияти

Товарлар импорт қилинганда божхона органи, одатда, товарнинг инвойс бўйича қийматидан ошадиган божхона қийматини ҳисоблайди. Божхона тўловлари: бож, ҚҚС ва бошқалар ушбу божхона қийматидан ҳисобланади.

Импорт қилувчи корхона ҳисобида товарлар етказиб бериш қийматидан келиб чиқиб ҳисобга олинади. Товарни реализация қилиш қиймати бозор конъюнктурасига боғлиқ. Яъни реализация қилишдан тушган тушум божхона қийматидан паст бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолда харидордан олинган ҚҚС божхонада тўланган ҚҚСдан паст бўлади.

Товарларни импорт қилиш чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммаси билан битим тарафлари томонидан қўлланган ушбу товарларни реализация қилиш нархи асосида ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси ўртасида ижобий фарқ юзага келади. Ушбу фарқ иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатларга кирадими? Фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида уни жами даромаддан чегириш мумкинми?


1. ДСҚнинг позицияси:

СК 305-моддаси 1–4-қисмларига мувофиқ, юридик шахслар – солиқ резидентларининг солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан СК XII бўлимига кўра чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно.

Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида солиқ тўловчи томонидан Ўзбекистонда ҳам, унинг ҳудудидан ташқарида ҳам ҳисобот (солиқ) даври давомида амалга оширилган (кўрилган), асосланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган чиқимлар (СК 333-336-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса зарарлар) даромад олиш билан боғлиқ харажатлар деб эътироф этилади.

Асосланган харажатлар деганда баҳоси пул шаклида ифодаланган, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар тушунилади.

Ҳар қандай чиқимлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган чиқимлар деб эътироф этилади:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
  • шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

СК 248-моддаси 5-қисмига мувофиқ, импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси импорт қилиш чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

СK 317-моддасида фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатларнинг ёпиқ рўйхати белгиланган.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса, импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида юзага келадиган товарларни импорт қилиш чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган ҚҚС суммаси билан битим тарафлари томонидан қўлланган ушбу товарларни реализация қилиш нархи асосида ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС суммаси ўртасидаги ижобий фарқ қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқадиган харажатлар жумласига киради. Ушбу харажатлар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб тан олинади ва тегишинча, солиқ тўловчининг асосланган харажатлари сифатида фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлаш чоғида жами даромаддан чегириб ташланиши лозим.

Шу билан бирга кўрсатилган харажатлар тури СK 317-моддасида келтирилган чегириб ташланмайдиган харажатлар рўйхатида йўқлигини қайд этиб ўтиш керак.

Жавобнинг тўлиқ матни – бу ерда.


2.
 Тошкент шаҳар ШСБнинг позицияси:

СК 248-моддаси 1, 4, 5-қисмларига мувофиқ, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҚҚС бўйича солиқ базаси СК 176-моддаси талабларини ҳисобга олган ҳолда, акциз солиғини (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ҳисобга олиб, унга солиқни киритмаган ҳолда, битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг (хизматларнинг) қиймати сифатида аниқланади.

Агар битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Солиқ тўловчи бундай қарор юзасидан битимнинг нархи бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.

Импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида солиқ базаси ушбу товарларни олиб кириш (импорт қилиш) чоғида бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқ ҳисоблаб чиқарилган қийматдан паст бўлиши мумкин эмас.

БК 301-моддасига мувофиқ, олиб кириладиган товарнинг божхона қиймати божхона қийматини аниқлаш усулларидан бири орқали аниқланади ва божхона тўловларини ҳисоблаш мақсадида фойдаланилади.

СК 266-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасини аниқлашда, агар СК 267-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланиши лозим бўлган) солиқ суммасини ҳисобга олиш орқали СК 265-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган солиқнинг умумий суммасини камайтиришга, қуйидаги шартларни бир вақтда бажарган тақдирда, ҳақли бўлади:

...3) товарлар олиб кирилган (импорт қилинган) тақдирда солиқ бюджетга тўланганда.

СК 305-моддаси 1 ва 14-қисмларига мувофиқ, юридик шахслар – солиқ резидентларининг солиқ базасини аниқлашда жами даромаддан даромад олиш билан боғлиқ барча харажатлар чегириб ташланади, бундан СК XII бўлимига кўра чегириб ташланмайдиган харажатлар мустасно.

СК 306316-моддалари ва 45-бобида кўрсатилган харажатлар СК 305-моддасининг 2-қисмида назарда тутилган шартларга риоя этилган ҳолда чегирмалар жумласига киритилади.

СК 314-моддасига мувофиқ, агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматида қўшилган қиймат солиғи бўйича қуйидаги чиқимлар ҳисобга олинади:

1) СК 267-моддасида назарда тутилган тартибда ҳисобга олинмайдиган ҚҚС суммаси;

2) СК 268-моддасининг 6-қисмида назарда тутилган тартибда ҚҚС суммаси;

3) СК 270-моддасида кўрсатилган ҳолда ҚҚСга тузатиш киритиш суммаси.

ҚҚС тўловчиси ҳисобга олинмайдиган солиқ суммасини қуйидаги ҳолларда харажатлар жумласига киритишга ҳақли:

1) СК 268-моддасининг 5-қисмига мувофиқ мутаносиб усулни қўллашда;

2) агар солиқнинг тузатиш киритиш суммасини бундай тузатиш амалга оширилаётган сотиб олинган товарларнинг (хизматларнинг) қийматига киритиш мумкин бўлмаса, ҚҚСга СК 269 ва 270-моддаларига мувофиқ тузатиш киритишда;

3) СК 271-моддасида назарда тутилган тартибда ҚҚСга тузатиш киритишда.

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқилса:

  • импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида ҚҚС бўйича солиқ базаси импорт қилишда бюджетга ҳақиқатда тўланган солиқни ҳисоблаб чиқаришга асос бўлган қийматдан кам бўлиши мумкин эмас. Импорт қилиш чоғида бюджетга тўланган ҚҚС бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлаш чоғида ҳисобга олиниши лозим;
  • СК 314-моддаси нормасида (чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритиладиган ҚҚС бўйича харажатлар) товарларни импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун божхона органлари томонидан белгиланадиган қиймат билан импорт қилинган товарларни реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқдан юзага келган ҚҚС назарда тутилмаган. Шу сабабли ҚҚС бўйича бундай харажатлар корхона учун фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш чоғида чегирилмайдиган харажатлар ҳисобланади.

Жавобнинг тўлиқ матни – бу ерда.


Нима қилмоқ керак?

Табиий савол туғилади: бундай вазиятда солиқ тўловчи нима қилиши керак? Кимнинг тушунтиришига таяниши лозим?

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА buxgalter.uz учун махсус вазиятни шарҳлаб берди:

– «ДСҚнинг тушунтириши Солиқ кодекси тамойилларига мувофиқ келади деб ўйлайман.

Шу билан бирга ШСБнинг жавобида СК 305-моддасида баён этилган фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида харажатларни чегириб ташланадиган харажатларга киритишнинг умумий тамойилларидан ташқари СКда ҚҚСни чегириб ташланадиган харажатларга киритиш ҳоллари санаб ўтилган махсус модда: 314-модда «Қўшилган қиймат солиғига доир харажатлар» мавжудлигига тўғри эътибор қаратганини қайд этиб ўтиш лозим. СК 314-моддасида ҳам божхона қийматидан ҳисоблаб чиқарилган ҚҚС билан импорт қилинган товарларни реализация қилиш чоғида тушган тушумдан ҚҚС ўртасидаги ижобий фарқдан юзага келган ҚҚС назарда тутилмаган.

Фикримча, ДСҚнинг жавобида кўрсатилганидек:

  • фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган;
  • даромад олиш билан боғлиқ бўлган;
  • ҳужжатлар билан тасдиқланган (БЮД, инвойс ва ҳ.к.);
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқадиган ;
  • СК 317-моддасида келтирилган фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар рўйхатида мавжуд бўлмаган;
  • бироқ СКнинг махсус 314-моддасида мавжуд бўлмаган харажат –

харажатларни тақсимлашнинг асосий тамойилларига мувофиқ келадиган харажат сифатида чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилиши керак». 

Ушбу вазиятни шартли мисолда кўриб чиқамиз.

Мисол
Божхонада тўланган ва реализация қилиш чоғида тақдим этилган ҚҚС ўртасидаги фарқ
2020 йил июнь ойида ҚҚС тўловчи корхона товарни импорт қилган ва уни ички бозорда реализация қилган.
Товарнинг контракт қиймати 189 718,2 минг сўмни ташкил этган. Божхона қиймати – 230 000 минг сўм, божхона божи – 11 500 минг сўм, импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоб-китоб қилиш учун база – 241 500 минг сўм (230 000 + 11 500).
Товарни божхонада расмийлаштириш чоғида ҳисобланган ҚҚС 36 225 минг сўмни (241 500 х 15%) ташкил этган. Тўлиқ тўланган.
Товар 15% ҚҚСни ҳисобга олганда 230 000 минг сўмга реализация қилинган. Харидорга ҳисобварақ-фактурада 30 000 минг сўм (230 000 : 115 х 15) миқдорида ҚҚС тақдим этилган.
ҚҚС ҳисоб-китоби қуйидагича тўлдирилади:
1) ҚҚСни ҳисоблаш
  • ҳисобварақ-фатура кўрсаткичлари Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 5-илова) киритилади: етказиб бериш 200 000 минг сўм, ҚҚС 30 000 минг сўм;
  • ушбу суммалар автоматик равишда ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0102-сатрида акс эттирилади;
  • товарни импорт қилиш чоғида ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинган қиймат билан уни ҚҚСсиз реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ 41 500 минг сўм (241 500 – 200 000) ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг 0104-сатри 3-устунида акс эттирилади. Ушбу суммага 6 225 минг сўм ҚҚС ҳисобланади;
2) ҚҚСни ҳисобга олиш
  • БЮД кўрсаткичлари Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестрига (ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова) киритилади: етказиб бериш 241 500 минг сўм, ҚҚС 36 225 минг сўм;
  • ушбу суммалар автоматик равишда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илованинг 010-сатрида акс эттирилади.
Фарқ – 6 225 минг сўм (36 225 – 30 000) давр харажатларига – 9430-«Бошқа операцион харажатлар» бухгалтерия счётига киритилади.
Мазкур операция бўйича бюджетга ҚҚС тўланмайди (36 225 – 36 225 = 0).
Фойда солиғини ҳисоб-китоб қилиш чоғида «қўшимча ҳисобланган» ҚҚС суммаси – 6 225 минг сўм чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилади ва Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0116-сатрида акс эттирилади.

Таҳририятдан:

Солиқ органларида биргина масала юзасидан иккита қарама-қарши фикр юзага келган. Иккала идора ҳам Солиқ кодексига ҳавола қилиб, ўз фикрини асослаб берган. Фикримизча, бундай мантиққа зид вазият СК нормаларини турлича талқин қилмаслик учун уларга тузатиш киритиш зарурлигидан далолат беради. Эҳтимол, СК 314-моддасига ўзгартиришлар киритиш керакдир.