Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
МК лойиҳаси: иш вақтини ҳисоблаймиз
Ўқувчиларни Меҳнат кодексининг янги таҳрири лойиҳаси билан таништиришни давом эттирамиз. Эксперт, лойиҳани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи аъзоси Алексей НИЯЗМЕТОВ buxgalter.uz илтимосига биноан иш вақтини ҳисобга олишда нималар ўзгараётганлигини гапириб берди:
Иш вақтини ҳисобга оламиз
- Иш берувчининг иш вақтини ҳисобга олиш мажбурияти амалдаги МКда ҳам мустаҳкамланган. Янги кодекс уни қандай тўғри амалга оширишни белгилайди ва жараёнга таъриф беради.
Иш вақтини ҳисобга олиш – бу моҳиятига кўра, ҳар бир ходим томонидан ишлаб берилган вақтни қайд этиш. Турлича ҳисоблаш мумкин. Бу ҳисобга олиш тури ва ҳисобга олиш даврига боғлиқ (кунлик, ҳафталик, жамланган).
Шу билан бирга, умумий қоида бундай: фақат ходим томонидан меҳнат вазифалари ҳақиқатда ижро этилган вақт ва у билан боғлиқ даврларни ҳисобга оламиз. Шу жумладан – ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, болани овқатлантириш учун танаффуслар, наряд, материаллар, асбобларни олиш, техника, ҳужжатлар билан танишиш, иш жойини тайёрлаш ва йиғиштириш, тайёр маҳсулотни топшириш ва ҳ.к. Бундай ҳолларнинг тўлиқ рўйхатини, МКга таянган ҳолда, локал ҳужжат – иш вақтини ҳисобга олиш сиёсатида (тартибида) акс эттиринг.
Иш вақтидан ташқари ишлар, вақтбай ишлар, хизмат сафарлари ва ички ўриндошлик вақтларини алоҳида қайд этинг.
Иш вақтини ходим иш жойига келган пайтдан бошлаймиз, ҳақиқатда ишдан озод бўлган пайтда эса – тугатамиз.
Қуйидаги вақтларни ҳисобга олмаймиз:
- яшаш жойидан ишгача ва ишдан яшаш жойигача;
- кириш жойидан иш жойигача ҳаракатланиш;
- кийим алмаштириш (агар махсус кийим назарда тутилган бўлса);
- келиш ва кетишда рўйхатдан ўтиш.
Жамлаб ҳисобга олишни қўллаймиз
Асосий қоида: агар жамлаб ҳисобга олишни ўрнатган бўлсангиз – ҳисобга олиш даври учун иш вақти меъёрига риоя қилинг. Ушбу меъёрни муайян ходимлар тоифаси учун ҳафталик иш вақти давомийлигидан келиб чиқиб белгиланг. Умумий қоидага кўра, бу 40 соат. Бироқ, мисол учун, I ва II гуруҳ ногиронлиги бор шахслар учун у камроқ – 36 соат.
Ҳисобга олиш даврининг энг кўп муддатини 6 ойгача (илгари – 1 йил) қисқартиришади. Вазирлар Маҳкамаси муддатни 1 йилгача узайтиришга ҳақли, лекин фақат айрим тоифадаги ходимлар учун.
Жамлаб ҳисобга олиш тартиби, унинг муддатлари ва иш ҳақини тўғрилаш учун дастакларни жамоа шартномасида ёки бошқа локал ҳужжатда акс эттиринг. Ушбу ҳужжатни касаба уюшмаси билан келишиб олинг.
Масалан, ягона ҳисобга олиш сиёсатини, жумладан жамлаб ҳисобга олишни, қабул қилиш ва бир марта уни касаба уюшмаси билан келишиб олиш мантиқан тўғридир.
Байрам олди кунлари кимларни вақтлироқ қўйиб юборишмайди
Амалдаги кодекс бўйича байрам кунлари арафасида иш давомийлиги 1 соатга қисқартирилади. Бироқ техник сабабларга кўра фаолиятини тўхтолмайдиган корхоналар мавжуд: қозонхоналар, эритиш цехлари ва ҳ.к.
Бундай ҳоллар учун МК лойиҳасида ходим учун қисқартирилган кун ўрнига – қўшимча дам олиш вақти тақдим этиш имконияти назарда тутилади. Мажбуран иш вақтидан ташқари ишларни “тирик пуллар” билан компенсация қилиш мумкин, агар ходим рози бўлса ёки унинг ўзи бу ҳақда илтимос қилса. Бундай ҳолларда ҳақни иш вақтидан ташқари ишлар меъёрлари бўйича ҳисоблаймиз – икки ҳисса миқдорда.
Дам олиш учун қўшимча вақт тақдим этдингизми ёки пул билан тўладингизми – буни буйруқ билан мустаҳкамланг ва у билан ходимни таништиришни унутманг. Буйруққа унинг аризасини (розилиги) илова қилинг.
Иш вақтидан ташқари ишларни ҳисоблаймиз
Янги МК иш вақтидан ташқари ишлар соатларини қандай ҳисоблашни белгилайди. Асос – ташкилот ўрнатган иш вақтини ҳисобга олиш тури.
Масалан, кунлик ҳисобга олишда ходим кунлик смена давомийлигидан ташқари “машғул бўлган” барча ишларни иш вақтидан ташқари ишлар деб эътироф этамиз. Одатда – беш кунлик ҳафтада бир кунда 8 соат.
Ҳафта учун иш вақтини ҳисобга олиш меъёри – ҳафталик ҳисобга олишда иш вақтидан ташқари ишларнинг саноқ бошидир.
Жамлаб ҳисобга олиш мураккаброқ... Ташкилот касаба уюшмаси билан келишган ҳолда ҳисобга олиш даврини белгилайди. У ҳафтадан кўпроқ бўлиши кераклиги мантиқан тўғри. Шундан кейин шу давр учун иш вақти меъёри белгиланади, меъёрдан ортиқча барчаси эса, иш вақтидан ташқари ишлар ҳисобланади.
Барча иш вақтидан ташқари ишларни бажарганлар бўйича битта буйруқ чиқаринг. Асос – ҳисобга олиш даври якуни бўйича маълумотлар (ҳисоб-китоб).