Қандай қилиб КПК ёрдамида ходимларни овқатлантириш мумкин

preview

Кўпинча ташкилот ходимлари учун тушликка сомса, палов, чой ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларни харид қилади. Бундай харажатлар учун юридик шахснинг корпоратив банк картаси орқали ҳақ тўлаш мумкинми? Бунда қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

Buxgalter.uz нинг бухгалтер-маслаҳатчиси Виктория БЕЗГИНА бу борада ўз фикри билан ўртоқлашди:

- Корпоратив пластик карталардан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган операцияларни Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом тартибга солади. У ўз ходимлари учун озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олишни тақиқламайди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини шартнома тузмасдан сотиб олиш мумкин , ҳисобварақ-фактурани эса сотиб олувчининг талабига кўра умумий овқатланиш корхонаси реализация амалга оширилган ойнинг охирги санасига қадар – хизматлар амалда кўрсатилган сана билан тақдим этиши шарт .

Шунингдек, Ҳисобварақ-фактураларнинг шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиш тартиби тўғрисида низомда ҚҚС тўловчилар товарлар учун КПК орқали тўловни амалга оширганда харидларни ҳисобварақ-фактуралар реестрига киритишга ва уларни онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали қайд этган ҳолда ҚҚС суммасини ҳисобга олишга ҳақли эканлиги назарда тутилган .

Ходим билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартномани тузиб, уни КПКнинг сақловчиси этиб тайинлаш мумкин. КПКнинг сақловчиси уни ҳисобдорликка олган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмаган ҳолда КПК воситасида ишлатилган суммалар тўғрисида бухгалтерияга ҳисобот тақдим этиши шарт . Ҳисоботга харид қилиш далилини тасдиқловчи ва унинг хусусиятларини тавсифловчи (товар, хизмат номи, сони, қиймати ва ҳ.к.) чеклар, юкхатлар, ҳисобварақ-фактуралар илова қилинади.

КПКдан фойдаланган ҳолда ҳар кунги овқатланишни қандай ташкил этиш мумкин

Бунинг учун ходимларни озиқ-овқат билан таъминлаш қоидаларини белгилайдиган ички локал ҳужжатларни (жамоа/меҳнат шартномалари, ходимларга иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича низомлар) ишлаб чиқинг ва тасдиқланг. Ушбу мақсадлар учун харажатлар ҳажми раҳбарнинг буйруғи билан тасдиқланиши керак. Бу ҳолда ходимларнинг овқатланиши учун харажатлар иқтисодий жиҳатдан оқланган деб эътироф этилиши ва кейинчалик фойда солиғи ҳисоб-китобида солиқ базасидан чегириб ташланиши мумкин .

Ходимларни овқатлантириш қиймати бу ҳолда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибида компенсация тўловларига киради ва барча “иш ҳақи” солиқлари – ЖШДС, ШЖБПҲ ва ижтимоий солиқ солинади     .

Агар озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бир марталик тусга эга бўлса

Агар корхонада ходимларни овқатлантиришни ташкил этиш назарда тутилмаган бўлса ва бундай амалиёт бўлмаса, балки бир марталик тусга эга бўлса, сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари қиймати ходим учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади . Корхона, солиқ агенти сифатида, ушбу даромадга ЖШДС ва ШЖБПҲ солиши керак . Моддий наф тарзидаги даромадлар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибига кирмайди, демакки, ижтимоий солиқ солинмайди .

Бу ҳолда жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган корхонанинг харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайди , товарларни жисмоний шахсга бепул бериш эса ҚҚС солинадиган товарларни реализация қилиш бўйича айланма сифатида ҳисобланиши мумкин .

Таҳририятдан:

Мазкур жавоб муаллифнинг фикрини ифодалайди. Амалиётда ушбу масала бўйича мутахассисларнинг бошқача тарздаги фикрлари бўлиши мумкин.