Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
КПК ёрдамида харид қилинганда сотувчи ЭҲФ ва НКМ чекини расмийлаштирмаган
«Хизмат автомобили учун эҳтиёт қисмларини корпоратив карточкадан сотиб олдик. Сотувчи терминал чеки ва қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактурани берди. ЭҲФни тақдим этиш сўралганда узрли сабабларсиз рад жавоби берилди. Бундай вазиятда бухгалтер қандай йўл тутиши керак? Хўжалик операцияси амалга оширилган. Уни қандай ҳисобга олиш лозим»?
Buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ солиқ маслаҳати бошқармасининг бўлим бошлиғи Улуғбек ДАДАХОНОВ ва «Норма» компанияси эксперти Ольга БУСАРОВА ушбу вазиятни шарҳлаб бердилар:
Улуғбек ДАДАХОНОВ: – СКнинг 15-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши, уларнинг ишбилармонлик обрўсини текшириши шарт. Лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаганлик оқибатида кўрилган зарарлар харидорнинг зиммасига тушади.
СКнинг 47-моддасига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги битимлар ҳисобварақ-фактуралар билан расмийлаштирилади. Ҳисобварақ-фактура шакллари ҳамда уларни тўлдириш, тақдим этиш ва қабул қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомда қайд этилишича, сотувчи корпоратив пластик карта ёрдамида харид қилиш чоғида харидорнинг талабига биноан ЭҲФни тақдим этиши шарт.
СКнинг 47-моддасидан келиб чиқадиган бўлсак, назорат-касса техникаси чеки ёки белгиланган намунадаги бошқа ҳужжат тўлақонли равишда электрон ҳисобварақ-фактура ўрнини боса олади. Президентнинг 6.09.2019 йилдаги ПФ-5813-сон Фармонига мувофиқ банк картаси ёрдамида ҳисоб-китобларни амалга оширишда сотувчи тўлов терминали чеки билан бирга назорат-касса машинаси чекини ҳам бериши шарт.
Сотувчи онлайн-НКМга ўтган бўлса, бу харидорга икки марталаб қўл келади, сабаби у шахсий кабинетдаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини рўйхатдан ўтказиш» хизмати ёрдамида электрон ҳисобварақ-фактура ўрнини тўлақонли боса оладиган ҳужжатни олиши мумкин ва қўшимча ҳаракатларни амалга оширишга ҳожат қолмайди.
Сотувчи ЭҲФни тақдим этишни рад қилганлиги ёки назорат-касса техникасининг чекини бермаганлиги ҳолати унинг ишончлилигига шуҳба уйғотиши мумкин. Ахир бугунги кунда барча тадбиркорлик субъектлари электрон ҳисобварақ-фактурага ўтганлар ва уларнинг барчасида бундай ҳужжатни тақдим этиш имконияти мавжуд. Шунингдек харидорни нега бу ҳолат тўхтатиб қолмаганлиги тушунарсиз бўляпти. Автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорида рақобат жуда яхши ривожланган, бошқа дўкондан қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда харид қилиш имконияти мавжуд бўлган бир пайтда харидор нега бундан фойдаланмаган.
Албатта, ушбу вазиятда харидор Солиқ кодекси нормалари ва талаблари бузилганлиги ҳақида солиқ органларига хабар беришга ҳақли. Сотувчи назорат-касса техникасини қўллаган ҳолда ҳисоб-китобларни амалга ошириш қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортилиши мумкин. СКнинг 221-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатига қараб жарима 5 млн сўмдан 20 млн сўмгача бўлган миқдорни ташкил этади. Шунингдек бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тартибини бузганлик учун санкциялар назарда тутилган. МЖТКнинг 175-1-моддасига мувофиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатига қараб мансабдор шахсларга 5 БҲМдан 20 БҲМгача миқдорда жарима солиниши мумкин.
Ольга БУСАРОВА: – Ваколатли органларга сотувчи устидан шикоят қилиш-қилмасликни харидор ўзи ҳал этиши лозим. Биз солиқ ҳисоби нуқтаи назаридан ушбу вазиятнинг оқибатларини кўриб чиқамиз.
Эслатиб ўтаман: харидор корпоратив картадан харид қилиш чоғида сотувчидан товар сотилган ойнинг охирги санасига қадар ЭҲФни расмийлаштиришни талаб қилиши мумкин .
ҚҚС тўловчиси ҳисобланган харидор ЭҲФ ёхуд онлайн НКМ ёки витуал касса чеки мавжуд бўлмаган тақдирда ҚҚСни ҳисобга ололмайди .
Фойда солиғини ҳисоблашда бухгалтер хизмат автомобили учун эҳтиёт қисмларни олишда сарфланган суммаларни корхонанинг чегириладиган харажатларини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олади. Фикримча, унда бунинг учун асос – бошланғич ҳужжатлар: терминал чеки ва карта сақловчисининг ҳисоботи бор . Дарвоқе харид қилинган ТМҚни ҚҚС билан ҳисобга олиш лозим.
Харидор айланмадан олинадиган солиқни тўловчи бўлса, унда ҚҚСни ҳисобга олишда муаммолар бўлмайди. Юқорида таъкидланганидек, харажатларни ҳисобга олиш учун бошланғич ҳужжатлар мавжуд.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.