МХИК учун кўзланаётган жаримага тортиш: умумий овқатланиш соҳасидаги муаммолар

preview

2022 йил апрелдан бошлаб солиқчилар ЭҲФ ёки назорат-касса техникаси чекларида “нотўғри” МХИКлар акс эттирилганлиги учун жаримага тортишни бошлашлари мумкин. Солиқ маслаҳатчиси Гульнара ЭРГАШЕВА бу вақтга қадар солиқ органлари талай саволларга жавоб беришлари лозимлигига эътибор қаратди. Хусусан, МХИК билан боғлиқ катта мураккабликлар умумий овқатланиш корхоналарини объектив равишда синовдан ўтказмоқда:

 

- Бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари йил якунига қадар  СКга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришларни муҳокама қилишмоқда. Улардан бири - ЭҲФ ёки назорат-касса техникаси чекларида сотиб олинган товарлар номенклатурасига ёки амалга оширилаётган фаолият турлари ва хусусиятларига мос келмайдиган МХИКларни акс эттирганлик учун жариманинг жорий қилиниши.

Агар қўшимчалар ўзгаришларсиз қабул қилинадиган бўлса, жарима миқдори ЭҲФ ёки чекда кўрсатилган товарларни (хизматларни) реализация қилиш қийматининг 1%ини ташкил этади ва ҳар бир нотўғри расмийлаштирилган ҳужжат учун 1 БҲМдан кам бўлмайди. Жарима суммаси - катта...

Ушбу нормани СКнинг 223-моддаси “Солиқ базасини яшириш (камайтириб кўрсатиш)”га киритишмоқчи эканликларига эътиборни қаратмоқчиман, бу унчалик ўринли эмас, сабаби 07.09.2021 йилдаги ПФ-6307-сон Фармонга асосан 2022 йил 1 январдан бошлаб:

1) камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилмайди;

2) тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

Ушбу нормани СКнинг 220-моддасига киритиш тўғрироқ бўлади.

Шу билан бирга ушбу нормани қўллаш бўйича ҳам жуда кўп саволлар мавжуд. Қонунчиликда МХИК билан ишлашнинг аниқ қоидалари мавжуд эмас, мавжуд классификаторни эса ҳар доим ҳам соф кўринишида қўллаш мумкин эмас. Бу жуда кўп хатоларга олиб келиши очиқ-ойдиндир.

Солиқчилар бу хато эканлигини қандай исботлашлари ҳам тушунарсиз, сабаби ушбу масала бўйича етарли норматив база мавжуд эмас.

Мисол учун, яқинда ДСҚ ва умумий овқатланиш корхонаси вакиллари МХИК муаммоларини муҳокама қилишди. Кафе ва ресторанлар қандай муаммоларга дуч келишаётганлигини тушунтириш учун, айрим бухгалтерларнинг фикрларини келтираман:

1. Фарида: - “Ҳар бир умумий овқатланиш муассасасида таомлар номи жуда кўп бўлиши мумкин. Айни бир таомнинг таркиби ва тайёрланиши турли хил бўлиши мумкин. Масалан: “гуручли шўрва” ва “мастава” маҳсулотлар тўплами бўйича бир хил, бироқ тайёрлаш жараёни ҳар хил. ДСҚ мутахассисларининг таъкидлашларича, мазкур шўрвалар учун турли МХИКлар бўлиши керак. Бунда қандай маъно бор?

МХИК - бу маҳсулот ва хизматларнинг 17 белгили идентификация коди, у гуруҳлар, синфлар, позициялар, субпозициялар, бренд, атрибутга бўлинади. МХИКни таомлар бўйича бўлишга зарурат йўқ, деб ҳисоблайман, сабаби умумий овқатланиш - бу хизмат кўрсатиш соҳаси ҳисобланади. Бизнинг фаолиятимиз - ишлаб чиқариш тусидаги хизмат кўрсатиш, чакана савдо эмас.

Ва умуман, умумий овқатланиш -   ўзига хос бўлган хизматлар соҳаси. Харид қилинадиган буюмлар ҳам, алкоголли ичимликлар ҳам, официантлар томонидан хизматлар ҳам хизмат таркибига киради”.

 

2. Лариса Т.: – “Баъзи таомларни миллий ва Европа таомларига, гўштли ёки товуқли таомларга ажратишнинг имконияти йўқ, сабаби улар ўзида ассортини намоён қилади. Масалан, фирма таоми бир вақтнинг ўзида дўлма, қиймали булғор қалампири, стейк-медальонлар, товуқ қанотлари ва товуқнинг лаҳм гўштини ўз ичига олади.  Ассорти гўштлар ва товуқ гўштидан иборатдир. Бунда, яна таркибидаги бостирма ва қази - миллий таом, мол ветчинаси ва дудланган қанотлар - Европа таомлари.

Шунингдек, масалан, маринад таркибида вино соуси ёки коньяк билан тайёрланган таомлар ҳам мавжуд. Яъни вино ва коньяк қуйиб ҳам, шиша идишда ҳам сотилмайди, балки таомнинг таркибига киради. Буни МХИКли чекда қандай ажратиш ва ҳисобдан чиқариш мумкинлиги  тушунарсиз.

Алкоголли ва алкоголсиз коктейллар ҳам бор ва уларда ҳам худди шу муаммо мавжуд. Минерал сув, фанта, кока-кола, ароқ, шампан виносини реализация қилишни чекда МХИК бўйича қандай ажратиш мумкин?

Бешбармоқни қаерга киритиш умуман тушунарсиз. Уни шўрва билан ҳам, шўрвасиз ҳам буюртма қилиш мумкин.

“Бош ошпаздан” қурама таомларни МХИК бўйича ажратишнинг имкони йўқ. Тўпламга нафақат таомнинг ўзи, балки алкоголсиз ичимликлар, салатлар, чой ва ҳ.к. киради.

Шунингдек, идишларнинг синиши, хизмат кўрсатиш ва ҳ.к. бўйича МХИКларни акс эттиришнинг имконияти мавжуд эмас”.

 

3. Максума Т.: – “Биз умумий овқатланиш корхоналарининг мажмуасида фаолият юритамиз. Битта бинода иккита кафе ва иккита ресторан жойлашган бўлиб, барчаси битта МЧЖга киради, барча тўртта муассаса бўйича битта ҳисобот топширамиз. Маҳсулотларни битта марказлаштирилган омборга кирим қиламиз. Барча шохобчаларнинг ўзига хос хусусиятлари турличадир, хизмат кўрсатиш шакли ҳам шундай. Шу боис ҳатто битта МЧЖ доирасида ҳам таом номидаги айни бир нарса маҳсулотлар таркиби ва уларни солиш нормалари бўйича фарқ қилади.

Биринчи, иккинчи таомлар, гарнирлар, салатлар, пишириқлар ва ичимликларнинг катта ассортиментида кассир ҳаммасини МХИК кодлари бўйича урадиган бўлса, бу мижозлар учун улкан ноқулайликлар туғдиради. Кассир мижознинг патнисидаги нарсаларни қараб чиқиб (патнислар эса тўла бўлади), буларнинг барчасини кодлар билан уриб чиққунча, одамлар кечга бориб тушлик қилишади.

Менинг таклифим - МХИКларни, менюда келгани каби, гуруҳларга бўлиб чиқиш лозим. Биринчи таомлар, иккинчи таомлар (жумладан гарнирлар, иссиқ ва совуқ газаклар), салатлар, алкоголсиз ичимликлар (чой, кофе, коктейллар ва бошқалар), алкоголли ичимликлар, ошпазлик маҳсулотлари (пишириқлар, пишлоқли пишириқлар, запеканкалар, фастфуд). Хизмат кўрсатиш, идишларнинг синишига ҳам алоҳида кодлар киритиш лозим.

Ҳар бир иштирокчи учрашувга ўз фикр-мулоҳазалари билан келди. Мен, масалан, ҳар бир таомга калькуляция тузишни ва унда маҳсулотларнинг ўзаро ўрнини босишини назарда тутишни таклиф қилдим. Гарчи бу ҳам вазиятдан чиқиш йўли эмаслигини жуда яхши тушунаман. Ўринли нарса таклиф қилиш учун МХИК олдига қандай мақсадлар қўйилаётганлигини, улар ёрдамида нимани назорат қилишмоқчи эканликларини аниқ тушуниш зарур.

Ҳозирча бу тушунарсиз. Нечта қозонда ош ёки нечта кастрюлда шўрва сотилганлигини ҳисоблаш маънога эга эмас, деган фикрга тўлиқ қўшиламан. Давлат позициясидан озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳажмларининг ҳисобини юритиш долзарбдир.

Умуман, солиқчилардан ҳам аниқ жавоб олмадик. Тушунарли бўлган ягона нарса: барча маҳсулотлар МХИКга эга бўлиши керак, e-aktiv тизими эса уларнинг сарфини кузатиб боришга ёрдам беради.

Умид қиламанки, нотўғри МХИК учун жавобгарликни жорий қилишдан олдин, солиқчилар уларни қўллашнинг аниқ қоидаларини тақдим этадилар ва улар билан қандай ишлашни тушунтирадилар”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш Савдо ва овқатланиш /uz/publish/doc/text174188_mhik_uchun_jarimaga_tortish_umumiy_ovqatlanish_sohasidagi_muammolar