Солиқчилар Фойда солиғи бўйича бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани “маъқуллашмаса”

preview

“Солиқ органи солиқ тўловчига қўшимча ҳисобланган солиқни тақдим этди ва I чорак кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда фойда солиғи бўйича бўнак тўловидан инкассони олиб ташлади. Бунда - бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани инобатга олишмади, унда тадбиркор II чоракда объектив сабабларга кўра тушум ҳажмлари пасайиши кутилаётганлигини кўрсатган”. 

Buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА корхона солиқчиларнинг хулосалари ва ҳаракатларига рози бўлмаса, қандай йўл тутиши лозимлиги ҳақида сўзлаб берди:

 

– Мазкур вазиятда СКнинг 340-моддасида назарда тутилган иккита ҳуқуқ тўқнаш келган. Бир томондан, бу  солиқ тўловчининг фойда солиғи бўйича бўнак тўловларини ҳисоблаб чиқариш учун Маълумотномани тақдим этиш ҳуқуқи, унда келгуси чоракда солиқ солинадиган фойданинг камайиши прогноз қилинаётганлиги кўрсатилади. Бошқа томондан - солиқ органларининг Маълумотномада кўрсатилган кўрсаткичларни қайта кўриб чиқиш ва унга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи. Бунда қонунчиликда ушбу нормалар қандай рўёбга чиқарилиши лозимлиги батафсил баён этилмаган.

Мен доим мижозларимга: агар маълумотнома жўнатсангиз, ортидан тушунтириш хатини ҳам жўнатинг, деб тавсия бераман. Хат - бу менинг НҲҲ нормаларида белгиланган шахсий тавсиям. Сиз хатда келгуси чоракда солиқ солинадиган фойданинг камайиши юзасидан прогноз сабабларини асослантирилган тарзда тушунтириб беришингиз мумкин.

Масалан:

  • маҳсулот ва хизматларга мавсумий талаб;
  • таъмирлаш муносабати билан ишни тўхтатиб туриш;
  • илгариги контрактлар ҳажмининг мавжуд эмаслиги ва ҳоказо.

Бу солиқ органига вазиятни тушунишга ёрдам беради ва эҳтимол, қарор қабул қилишга таъсир кўрсатади.

Кейинчалик қонунчиликда ушбу вазиятни судга қадар тартибга солиш тартиб-таомилини ёзиш мақсадга мувофиқ бўларди. Шу жумладан - маълумотномани қабул қилмаслик сабаблари ҳақида солиқ тўловчини хабардор қилишни назарда тутиш.

Афсуски, бугунги кунда фойданинг камайиши ҳақида хабар берувчи маълумотнома бўйича қабул қилинаётган қарорларнинг сабаблари номаълумлигича қолмоқда. Амалиётда Солиқ қўмитаси тушунтиришсиз қўшимча солиқлар ҳисобламоқда, солиқ тўловчилар эса бу ҳақда талабнома ва шахсий ҳисоб карточкасидан хабар топмоқда.

 

Қўшимча  ҳисобланган солиққа рози бўлиш керакми ёки йўқ

Солиқ тўловчида бу вазиятда иккита йўл бор. Биринчиси - солиқ органи қарорига рози бўлиш ва қўшимча ҳисобланган солиқни ҳисобга олган ҳолда бўнак тўловларини амалга ошириш. Сабаби, агар тўланмаса, СКнинг 110-моддасига мувофиқ пенялар ҳисоблаб чиқарилади. Бир кун учун Марказий банк асосий ставкасининг 1/300 миқдоридаги пеня календарь йил учун қайта ҳисоб-китоб қилганда йиллик 21%ни ташкил этади. Чорак якунлари бўйича ортиқча тўлов кейинги чоракка ўтказилади ёки бошқа солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига ҳисобга олинади.

Лекин бошқача вазият бўлиши ҳам мумкин. Мисол учун, солиқ тўловчи камайишга маълумотнома тақдим этди, чунки аввалбошдан у бошқа йўл йўқлигини билади. Била туриб оширилган бўнак тўловлари мажбуриятлар бўйича тўловни амалга оширолмасликка олиб келади. Бу вазиятда дарҳол судга мурожаат қилиш лозим. Фақат шу тарзда солиқ қўмитаси қарорлари ижросини суд қарорига қадар тўхтатиб туриш ва тўловнинг муддати ўтказиб юборилганлиги учун пеня тарзида қўшимча суммаларни йиғмаслик мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Фойда солиғи Фойда солиғи Фойда солиғи /uz/publish/doc/text181948_soliqchilar_foyda_soligi_buyicha_bunak_tulovlari_tugrisidagi_malumotnomani_maqullashmasa