Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Агар корхона бошқа ходимга ЖШДС тўласа
“Корхона ўзи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахс учун ЖШДС тўлаши мумкинми? Бу ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботда қандай акс эттирилади?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ жавоб берди:
– Тўлов манбаида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва тўлаш мажбурияти юридик шахслар зиммасига юклатилади.
Тўлов манбаида ЖШДС солинадиган даромадлар жумласига жисмоний шахсларнинг қуйидаги даромадлари киради :
- меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги;
- моддий наф тарзидаги;
- мулкий;
- бошқа.
Ўзи билан меҳнатга оид муносабатларда бўлмаган жисмоний шахсга моддий наф тарзидаги даромад тўлайдиган солиқ агенти жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳақли. Бунда жисмоний шахс солиқни йил якунлари бўйича йиллик жами даромад тўғрисида декларация асосида мустақил равишда тўлаши шарт .
Мисол учун, агар корхона жисмоний шахсларга қимматбаҳо совғалар бериш ва ўз ҳисобидан ЖШДС тўлашга қарор қилса, у жисмоний шахсларнинг ЖШДС тўлаш бўйича қарзини ўз маблағлари ҳисобидан ҳисобдан чиқаради . Бунда корхона томонидан жисмоний шахс учун солиқнинг тўланиши жисмоний шахс учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади . Бинобарин, қўшимча даромад ҳисоблаш зарур.
- Даромад:
5 000 000 : (100% – 12%) = 5 681 818,18 сўм;
- Тўланадиган ЖШДС:
5 681 818,18 х 12% – 681 818,18 сўм.
Совғалар қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди, шу боис ижтимоий солиқ солинмайди .
Мазкур харажат корхона - фойда солиғи тўловчиси учун чегириб ташланмайдиган харажат ҳисобланади .
Солиқ ҳисоботида бу даромадни қуйидагича акс эттиринг:
- ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида – Ҳисоб-китобга 6-иловада ва шу Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида. Сизга моддий наф тарзидаги даромад олган жисмоний шахснинг ЖШШИРи талаб қилинади.
Моддий наф тарзидаги даромадларни Ҳисоб-китобнинг 011 ва 0110-сатрларида кўрсатманг, чунки улар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди .
- Фойда солиғи ҳисоб-китобида – Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0119-сатри 3 ва 4-устунларида.