Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Чет эллик ҳамкор олдидаги қарз қандай ҳисобдан чиқарилади
“2021 йилда ташкилот чет эл компанияси билан товар етказиб беришга доир импорт контракти тузди. Кейинроқ ушбу компания билан алоқа узилди, биз уларга қарзнинг қолган суммасини тўлай олмаяпмиз. Мазкур суммани фойда солиғини тўламасдан ҳисобдан чиқариш мумкинми?”.
Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директори Иродахон АББОСХОНОВА жавоб берди:
– Мазкур масалани ҳал қилиш чоғида тузилган импорт контракти шартларига амал қилинг. Унда қарзни ундириш бўйича даъво муддатининг ўтиши қайси қонунчилик ҳужжатларига (Ўзбекистоннинг ёки бошқа мамлакатнинг) биноан тартибга солиниши кўрсатилган бўлиши керак. Ушбу муддат мобайнида контрагент қарзни сўндиришни талаб қилишга ҳақли, шундан кейин бошқа контрагент қарзни даромадларга ҳисобдан чиқариши мумкин.
Ўзбекистоннинг қонунчилик ҳужжатларига биноан умумий даъво муддати 3 йилни ташкил этади .
Даъво муддати ўтгач, импорт контракти шартларига асосан сизнинг корхонангиз:
1) кредиторлик қарзини даромадларга ҳисобдан чиқариши;
2) ушбу суммани фойда солиғи ҳисоб-китобида жами даромадга киритиши керак .