Бизнесингиз қайси тоифага киришини қандай аниқлаш мумкин

preview

Президентнинг 10.02.2023 йилдаги ПФ-21-сон Фармони тадбиркорлик субъектларини кичик, ўрта ва йирик бизнесга ажратиш мезонларини белгилади. Корхонага солиқ солиш, имтиёзлар ва преференциялар унинг таснифланишига боғлиқ бўлади.

 

Бизнес қуйидаги мезонлар бўйича тоифаларга бўлинади :

1. Кичик тадбиркорлик субъектлари:

  • якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ);
  • микрофирмалар - жисмоний шахслар томонидан таъсис этилган, жами даромади 1 календарь йил давомида 1 млрд сўмгача бўлган тадбиркорлик субъектлари;
  • кичик корхоналар - жами даромади 1 календарь йил давомида 1 млрд сўмдан 10 млрд сўмгача бўлган субъектлар ҳамда юридик шахслар томонидан таъсис этилган микрофирмалар.

2. Ўрта тадбиркорлик субъектлари:

Бу – жами даромади  1 календарь йил давомида 10 млрд сўмдан 100 млрд сўмгача бўлган компаниялар.

3. Йирик тадбиркорлик субъектлари:

Бу – жами даромади 1 календарь йил давомида 100 млрд сўм ва ундан юқори бўлган компаниялар.

Шунингдек, Фармон билан имтиёзлар тасдиқланди, улар 2023 йилнинг 1 апрелидан кучга киради:

  • Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан бир йилда 1 маротаба ўрта тадбиркорлик субъектларига мол-мулкни суғурта қилиш харажатларининг бир қисми (50%игача, бироқ БҲМнинг 20 бараваридан ошмаган қисми) қоплаб берилади;
  • йирик тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларида 20 фоизлик квота жорий этилади. Ушбу харидлар доирасида бюджет буюртмачилари билан тузиладиган шартномаларда 50 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириш назарда тутилиши керак;
  • давлат харидларида энг яхши таклифларни танлаш ва тендер савдоларида иштирокчилар таклифларини баҳолашда ҚҚС суммаси инобатга олинмайди. Бу – хушхабар, сабаби илгари корхоналарда бу масалада талай муаммолар юзага келган:

Давлат харидига доир шартнома қийматини ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш мумкинми.

Дори воситаларининг давлат соғлиқни сақлаш муассасаларига бепул берилиши ёки амал қилиш муддати қисқалиги сабабли нархи пасайтирилган қиймат бўйича реализация қилиниши:

  • иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган харажатлар (зарарлар) деб эътироф этилади;
  • фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланади.
Эътибор беринг

Корхоналарни йирик солиқ тўловчилар ва кичик ва йирик тадбиркорлик субъектлари жумласига киритишнинг мавжуд мезонларини ҳам унутмаслик лозим. 

Йирик солиқ тўловчилар тоифасига қуйидагилар киради :

  • акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи ва акциз тўланадиган хизмат кўрсатувчи корхоналар;
  • тижорат банклари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;
  • “Навоий КМК” ДК, “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;
  • маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;
  • маҳсулот (товар, иш ва хизмат)ларни сотишдан олинган соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган ёки кетма-кет келадиган ўн икки ойлик давр якуни бўйича ушбу миқдордан ошган юридик шахслар, чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари (бўлинмалари);
  • углеводород хом ашёси ва минерал ресурсларни қазиб олувчи, қайта ишловчи, етказиб берувчи ва сотувчи ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи юридик шахслар ва уларга товар (иш ва хизмат) етказиб берувчи чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасалари (бўлинмалари), бундан автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари мустасно;
  • Ўзбекистон Республикасининг ҳаво бўшлиғидан йўловчиларни ташиш мақсадларида фойдаланувчи, халқаро ҳаво алоқаларини амалга оширувчи ва уларнинг таркибига кирувчи юридик шахслар;
  • реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган электрон шаклдаги хизматларни реализация қилишни амалга оширувчи чет эл юридик шахслари.

Низом талаблари татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар бир ойдан кечикмай ДСҚ томонидан тасдиқланади . Шунингдек, бундай корхоналар МҲХС асосида бухгалтерия ҳисобининг юритилишини ва молиявий ҳисоботнинг шакллантирилишини таъминлайдилар .

Кичик тадбиркорлик  субъектлари жумласига киритиш эса ҳануз “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун ва 24.08.2016 йилдаги 275-сон ВМҚ билан тасдиқланган Кичик тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган ташкилотлар таснифлагичи асосида амалга оширилмоқда. Бу ерда корхонани кичик бизнес жумласига киритиш учун асосий мезонлар қуйидагилардир:

1) статистика органлари томонидан йил якунлари бўйича бериладиган ИФУТ;

2) ходимларнинг ўртача йиллик сони.

ИФУТ коди ва корхоналарнинг кичик бизнес субъектлари жумласига киришини stat.uz сайтидаги “КТЯДРдан маълумотлар” хизмати ёрдамида ҳам текшириш мумкин.

 

Сизга қуйидаги тавсиялар фойдали бўлади:

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text188061_biznesingiz_qaysi_toifaga_kirishini_qanday_aniqlash_mumkin