Харидорлар ва сотувчилар ўртасидаги p2p ҳисоб-китоблар қандай аниқланади

preview

2023 йил 1 майдан бошлаб тўлов ташкилотлари жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, ўз хизматлари учун ЭҲФ тақдим этади. Шу жумладан – комиссия учун 0 сўм бўлган тақдирда ҳам . Янгилик талай саволлар туғдиради, уларга ҳозирча қонун ҳужжатларида ҳамда регуляторнинг тушунтиришларида жавоб мавжуд эмас.

Норма кучга киргунга қадар қандай муҳим жиҳатларни аниқлаштириб олиш кераклиги ҳақида солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

 

1. Тадбиркорларда ҳамма p2p лар ҳам –бу ҳуқуқбузарлик эмас 

– Гап p2p тўловлари – маиший вазиятларда нақд пул айланмасини ўрнини босувчи жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари ҳақида бормоқда. Мисол учун, сиз дўстингизга унинг картасига ўтказган ҳолда, қандайдир суммани қарзга бердингиз, у пулни худди шу усулда қайтарди ёки сиз картадан оила аъзоингизнинг картасига пул ўтказдингиз ва ҳоказо. Пулларнинг бундай ҳаракатига солиқ солинмайди, p2p сервиси шунинг учун мўлжалланган.

Лекин ушбу сервисдан тадбиркорлик субъектлари ҳам хизматлар ва товарлар учун ҳисоб-китобларда фаол фойдаланишмоқда. Бу – ноқонуний. P2p сервиси сотувчилар ва харидорлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар учун мўлжалланмаган. Афтидан, Солиқ қўмитаси шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларни аниқлаш учун юқорида айтилган янгилик ташаббуси билан чиққан. Аммо, ахир тадбиркорда  бошқа p2p тўловлари орасида бутунлай қонунийлари ҳам бўлиши мумкин.

P2p нинг умумий ҳажмида қаерда суиистеъмолчилик мавжуд, қаерда мавжуд эмаслигини ким ва қандай аниқлайди?

 

2. Ким ЭҲФ тақдим этиши керак

Бу масалада ҳам якуний аниқлик йўқ.

ПФ-21-сон Фармоннинг 7-бандида “тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар” ЭҲФ тақдим этади, дейилган. “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ тўлов хизматлари:

  • Марказий банк;
  • банклар;
  • тўлов ташкилоти, бундан нақд пул маблағларини банк ҳисобварақларига ўтказиш учун қабул қилиш, электрон пулларни ва банк карталарини чиқариш хизматлари мустасно;
  • банклар ва тўлов ташкилотлари учун рухсат этилган тўлов хизматларининг турлари доирасида – тўлов агенти ҳамда тўлов субагенти томонидан кўрсатилади.

ПФ-21-сон Фармоннинг нормаларидан келиб чиққан ҳолда кўрсатилган барча ташкилотлар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиниши керак. Акс ҳолда бу уларга СКнинг 227-1-моддасига биноан реализация амалга оширилган охирги ҳисобот чорагида олинган соф тушум миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Аммо бу техник томондан нима учун керак? Ҳисобварақ-фактурани фақат кўрсатилган тузилмалардан бири расмийлаштириши керак. Лекин – улардан айнан қайси бири?

Кўриб турганимиздек, p2p тўловга бир йўла бир нечта ташкилотлар жалб қилинган. Тўлов ташкилотлари ва тўлов агентлари тўловнинг танасини ҳамда комиссияни ечишмайди. Банкнинг ўзи жисмоний шахснинг картасидан бутун суммани ечиб олади, лекин у банк сири қисмида ЎРҚ-530-II-сон Қонуннинг талабларини бажариши шарт, унда ҳозирча p2p учун ҳеч қандай истиснолар мавжуд эмас.

Эътибор беринг: ахир бежиз 04.10.2021 йилдаги ПҚ-5252-сон қарорга мувофиқ  тўлов иловалари ва маркетплейсларга товарлар ва хизматларни реализация қилишда фискал чекларни шакллантириш мажбурияти юклатилиб, “p2p” бундан мустасно” дейилмаган.

Ҳисоб-китобларда, аниқроғи – ўтказилган p2p тўловлари учун комиссияни тақсимлашда – хизматларни ташкил этишга жалб қилинган барча  ташкилотлар (булар эса – тўлов иловаси, тўлов тизими ва банк) ҳар бир тўловни алоҳида кўриб чиқишмайди. 14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга мувофиқ тўлов ташкилотлари банкларга бундай хизматларни кўрсатганлик тўғрисида ҳисобварақ-фактура расмийлаштиради, улар эса ўз навбатида ойнинг охирида жамлама бир томонлама ЭҲФни шакллантиради.

 

Қандай йўл тутиш лозим?

Булар – ҳозирча юзаки турган ва ваколатли органларнинг тушунтиришларисиз қолаётган иккита масала. Ва афтидан, уларга ҳозирча жавоб йўқ.

Тўлов ташкилотлари жавоб излаш асносида экспертларга, шу жумладан  –солиқ маслаҳатчиларига мурожаат қилишмоқда, сабаби агар айнан улар ҳар бир p2p транзакцияси бўйича ЭҲФ шакллантиришларига тўғри келса, яна белгиланган тартибни бузиш ва ахборот тизимларини қайта созлаш керак бўлади. Бунинг учун эса ҳаммаси қандай тузилиши ҳамда нима ва қандай ишлаши кераклигини ойдинлаштирадиган аниқ қоидалар зарурдир. Вариантлар – кўп, регулятор улардан қайси бирини жорий этмоқчи?

Ушбу ва бошқа масалалар май ойида ва янгиликнинг амалда қўлланилиши бошланадиган кейинги ойларда ўз ечимини топишини истамаган бўлардик. Вақт кам қолганлиги боис, мазкур топшириқнинг бажарилиши учун масъул бўлганлар тезроқ ишлашлари, қабул қилинадиган қарорларни оммавий муҳокама қилишлари ва банк фаолиятининг мавжуд норма ва тамойилларини бузмаслик учун ҳаракатларни Марказий банк билан келишишлари лозим.

Биринчидан, регламентни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, унда ушбу механизм қандай ишлаши ва бунда ким нима учун жавоб бериши аниқ ёзилиши керак.

Иккинчидан, қонун ҳужжатларига, хусусан – Солиқ кодекси, “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида” ва “Банк сири тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритиш керак.

Учинчидан, р2p ўтказмалари учун ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштириш тўғрисида низомни тасдиқлаш зарур.

Тўртинчидан – дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва у амалиётга жорий этилгунга қадар апробация қилиш.

Фақат шу тарзда натижаси кўп ҳолларда замбаракдан чумчуқларга қарата ўқ узишни эслатадиган, ноқулайликлардан эса интизомли солиқ тўловчилар қийналадиган вазиятни бартараф этишимиз мумкин.

Балки тафсилотларни пухта ишлаб чиқиш учун янгиликни кечиктиришдан маъно бордир? Ҳозирча эса солиқчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда p2p дан ноқонуний фойдаланишга қарши курашишнинг бутунлай қонуний, анча меҳнат талаб қиладиган усуллари мавжуд, хусусан – назорат харидини ўтказиш билан сайёр солиқ текширувлари.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /uz/publish/doc/text188749_haridorlar_va_sotuvchilar_urtasidagi_p2p_hisob-kitoblar_qanday_aniqlanadi