Чет эллик-резидент қандай солиқларни ва қай тарзда тўлайди

preview

“РФ фуқароси 2022 йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга келди, вақтинча рўйхатдан ўтказишни расмийлаштирди ва чет эл компанияси (ГФР) билан масофадан туриб консалтинг хизматлари кўрсатишга доир шартнома тузди. 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб ҳар ойда бажарилган ишлар учун тўловни Ўзбекистондаги банкда очилган шахсий валюта картасига олади. 2023 йилнинг март ойида у резидентга айланди, ЖШШИРга эга”. 

Чет элликнинг даромадларига резидент мақомини олгунга қадар ва олгандан кейин қандай солиқ солиниши керак, шунингдек у солиқларни қаерда тўлаши керак – РФдами, Ўзбекистондами ёки ГФРдами? Буни “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА тушунтирди:

 

– ЖШДСнинг солиқ тўловчилари деб қуйидагилар эътироф этилади :

1) Ўзбекистоннинг резидентлари бўлган жисмоний шахслар;

2) Ўзбекистондаги манбалардан даромад олувчи норезидент бўлган жисмоний шахслар.

Ўзбекистон ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларга декларация асосида солиқ солинади .

Ўзбекистоннинг резиденти бўлган ёки жорий йилнинг 1 апрелигача резидентга айланган чет эл жисмоний шахси СКнинг 397-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатларда жами йиллик даромади тўғрисида декларация тақдим этади .

Шу тариқа, агар Россия фуқароси 2023 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг резидентига айланган бўлса, у:

  • 2022 йил учун ЎзРдаги ва унинг ташқарисидаги манбалардан олинган даромадлар бўйича жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни 2023 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши;
  • ЖШДСни 2023 йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлаши керак .

Резидент бўлган жисмоний шахснинг даромадларига 12% ставка бўйича ЖШДС солинади . Резидент томонидан Ўзбекистондан ташқарида тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари Ўзбекистонда солиқни тўлашда ҳисобга олинади. Солиқни ҳисобга олиш СКнинг 342-моддасида белгиланган қоидаларга асосан жисмоний шахс томонидан тақдим этилган декларация асосида амалга оширилади.

Немис компаниясига кўрсатилган хизматлар учун олинган даромад – бу меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад . Ўзбекистоннинг юридик шахслари ижтимоий солиқ тўловчилар ҳисобланиши боис , резидентнинг чет элда олинган иш ҳақидан у тўланмайди. Лекин резидент ижтимоий солиқни Ўзбекистонда ихтиёрий асосда тўлаши мумкин .

2023 йилда Ўзбекистоннинг резиденти бўлган чет эл фуқароси томонидан олинган даромадларга ҳам жами даромад тўғрисида декларация асосида солиқ солинади. Уни 2024 йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай топшириш лозим. Ўзбекистон ҳудудидан ташқарига чиқиб кетаётган бўлса, чет эллик ташқарига чиқиб кетишидан 1 ой аввал Ўзбекистон ҳудудида турган даврда жорий солиқ даврида ҳақиқатда олган даромадлари тўғрисидаги декларация тақдим этиши керак .

 

Солиқни қаерда тўлаш керак – РФдами, ГФРдами ёки Ўзбекистондами?

Чет эллик – Ўзбекистоннинг резиденти эканлиги,  даромадни эса ГФРдаги манбалардан олишини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўpтасида даромад ва мол-мулк солиқлари юзасидан икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисида битим доирасида юзага келади. Жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солиш мазкур Битимнинг 14 ва 15-моддалари доирасида амалга оширилади.

Саволдан чет эллик ходим сифатида ёлланганлиги ёки мустақил хусусиятдаги хизматлар кўрсатиши тушунарсиз. Турли ҳолларда солиқ солиш турлича амалга оширилади:

  • агар бу – ёлланган ходим бўлса, у томондан олинадиган даромадларга Германияда солиқ солинади (Битимнинг 15-м.). Германияда солиқ тўланганлиги тўғрисида маълумотнома декларация тақдим этишда Ўзбекистонда тўланган солиқни ҳисобга олиш учун асос бўлади;
  • агар чет эллик – иш берувчидан мустақил бўлган (штатда бўлмаган) шахс бўлса, Германияда олинадиган даромад Германияда солиқ солишдан озод қилиниши мумкин (Битимнинг 14-м.). Мазкур ҳолда унга Ўзбекистонда ЖШДС солинади. Ушбу ҳолда Ўзбекистонда солиқ резидентлиги тўғрисида ҳужжат олиниши тавсия қилинади.