Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Тугалланмаган қурилишдан мол-мулк солиғини тўлаш керакми
“Ташкилот ўз кучи билан бино барпо этмоқда, қурилиш ҳали тугалланмаган. Қурилиш тугалланадиган сана лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилмаган. Ер солиғини тўлаймиз. Солиқ органи мол-мулк солиғини тўлаш бўйича талабнома тақдим этди. My3.soliq.uz сервиси орқали сўров тақдим этдик, бироқ бизга рад жавобини беришди.
Солиқ органи мол-мулк солиғини тўлаш бўйича талабномани чақириб олиши учун қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?”
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА тушунтирди:
– Қурилиши тугалланмаган объектларга юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ солинади. Улар жумласига қуйидагилар киради :
- лойиҳа-смета ҳужжатларида белгиланган норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар;
- агар қурилишнинг норматив муддати белгиланмаган бўлса –қурилишга ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ичида қурилиши тугалланмаган объектлар.
Мол-мулк солиғи бўйича ҳисобот кадастр органларида мавжуд бўлган ёки my3.soliq.uz сервиси орқали тақдим этилган маълумотлардан келиб чиққан ҳолда автоматик тарзда шакллантирилади.
Лойиҳа-смета ҳужжатлари нусхаларини (қурилишнинг норматив муддати кўрсатилмаган), шунингдек қурилишга ваколатли бўлган органнинг рухсатномасини илова қилган ҳолда “Норматив муддатда қурилиши тугалланмаган объектлар” сервиси орқали солиқ органига сўров жўнатинг.
Қурилишга ваколатли бўлган органнинг рухсатномаси олинган ойдан эътиборан 24 ой ўтгач, солиқ органи автоматик тарзда тўланиши лозим бўлган мол-мулк солиғини 3% ставка бўйича ҳисоблайди.