Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ишлаб чиқаришда бекор туриб қолиш даврида харажатлар ҳисоби
“Корхонанинг фаолият турларидан бири – электротехника асбобларини ишлаб чиқариш. Асбоблар импорт қилинган бутловчи қисмлардан йиғилади. Бутловчи қисмлар йил мобайнида туркумлар билан 2–3 марта келиб тушади. Бутловчи қисмлар мавжуд эмаслиги туфайли ишлаб чиқариш бўлинмаси бекор туриб қолиш ҳолатида, у бир ойдан бир неча ойгача давом этиши мумкин.
Мутахассисларни сақлаб қолиш учун уларга иш ҳақини тўлаш давом этмоқда. Шунингдек, корхона ҳар ойда ишлаб чиқариш биносини ижарага олиш, асосий воситалар амортизацияси бўйича харажатлар, коммунал харажатлар ва ҳоказони амалга оширади.
Улар харажатларнинг қайси турига олиб борилиши керак? Бекор туриб қолиш даврида юқорида кўрсатилган харажатлар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланадими?”
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволларга “Норма” экспертлари Татьяна БЕЛОУСОВА ва Татьяна ЛИМАРЕВА жавоб беришди:
Нимани бекор туриб қилиш деб ҳисоблаймиз
– Ишни вақтинча тўхтатиб туриш бекор туриб қолишдир .
Бекор туриб қолишнинг сабаблари турлича бўлиши мумкин:
- технологик (ускунани модернизация қилиш, янги ишлаб чиқариш технологиясини жорий этиш);
- ташкилий (корхона ёки унинг таркибий тузилмасини қайта ташкил этиш);
- ишлаб чиқариш (авария, техника, ускуна, бинони таъмирлаш);
- иқтисодий (энергия ресурслари ва хом ашёга киришнинг чекланганлиги, ишлар ҳажмларининг мавжуд эмаслиги, молиявий инқироз, контрагентлар томонидан шартнома мажбуриятларининг бузилиши);
- табиий хусусиятга эга (об-ҳаво шароитлари).
Бекор туриб қолиш бир нафар ҳамда ходимлар гуруҳига (сменага, таркибий тузилмага) ёки тўлиқ бутун компанияга дахл қилиши мумкин.
У қисқа муддатли (смена мобайнида) ёки узоқ муддатли бўлиши мумкин, бироқ доимий бўлмайди. Бекор туриб қолишни номуайян муддатга эълон қилиш мумкин эмас.
Бекор туриб қолишнинг вақти иккита тоифага бўлинади: режали ва режалаштирилмаган. Бекор туриб қолишнинг режалаштирилган вақти шу билан эътиборга моликки, у олдиндан огоҳлантиришни кўзда тутади ва тайёргарлик кўриш учун имкон беради.
Бекор туриб қолиш қандай расмийлаштирилади
Бекор туриб қолишда “Бекор туриб қолиш тўғрисида далолатнома (варақа)” ёки “Бекор туриб қолиш тўғрисида буйруқ” расмийлаштирилади. Уларда қуйидагилар кўрсатилади:
- сабаблари,
- давомийлиги (бошланиш ва тугаш санаси ва вақти, агар охиргилари маълум бўлса),
- тўлов тартиби,
- бекор туриб қолиш жорий этиладиган ходимлар рўйхати.
Буйруқни бекор туриб қолиш жорий этилган ходимларга ва буйруқнинг бажарилиши учун масъул бўлган бошқа шахсларга имзо қўйдириб эълон қилинг.
Иш вақтини ҳисобга олиш табелида ходимлар бекор туриб қолган вақтни қайд этинг.
Ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туриб қолишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туриб қолиш, одатда, қисқа муддатли бўлади ва ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатишни талаб қилмайди. Корхона (цех, бўлим) ичидаги жараёнлар сабабли юзага келади ва улар билан шартланган бўлади.
Ишлаб чиқаришнинг ички сабаблари жумласига технологик жараёнлар (режалаштирилган бекор туриб қолиш), ускунанинг кичик бузилиши ва бошқа ишлаб чиқариш сабаблари (режалаштирилмаган бекор туриб қолиш) билан боғлиқ бекор туриб қолиш киради.
Ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туришлар туфайли йўқотишлар маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархига киритиладиган харажатларга киради .
Хўжалик операцияларининг мазмуни |
Счётлар корреспонденцияси |
|
дебет |
кредит |
|
Ишлаб чиқаришнинг ички сабабларига кўра бекор туриб қолиш даврида харажатлар |
2510 «Умумишлаб чиқариш харажатлари» |
0200 «Асосий воситаларнинг эскириши» 6710 «Меҳнат ҳақи бўйича ходим билан ҳисоблашишлар» ва ҳоказо |
Бекор туриб қолиш туфайли йўқотишлар маҳсулот таннархига ҳисобдан чиқарилди |
2010 «Асосий ишлаб чиқариш» |
2510 «Умумишлаб чиқариш харажатлари» |
Умумишлаб чиқариш харажатлари улуши бекор туриб қолишда айбдор бўлган шахсларга олиб борилди |
4730 «Моддий зарарни қоплаш бўйича ходимларнинг қарзи» |
2510 «Умумишлаб чиқариш харажатлари» |
Ташқи сабабларга кўра бекор туриб қолишнинг ўзига хос хусусиятлари
Бундай бекор туриб қолиш узоқ давом этиши мумкин ва одатда, у режалаштирилмаган бўлади. Ташқи омиллар туфайли юзага келади ва уларга боғлиқ бўлади, одатда хом ашёнинг мавжуд эмаслиги, ёқилғи, электр энергияси, сув берилмаганлиги, ускунанинг йирик аварияси (бузилиши) ва бошқалар билан боғлиқ бўлади. Ишлаб чиқариш учун буюртмаларнинг мавжуд эмаслигини ҳам бекор туриб қолишнинг ташқи сабаби деб ҳисоблаш мумкин. У ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб туришни талаб қилади.
Ишлаб чиқариш жараёнини тўхтатиб туриш даврида бекор туриб қолиш туфайли йўқотишлар 9430-“Бошқа операцион харажатлар” счётига ҳисобдан чиқарилади, шу жумладан:
- қонун ҳужжатларига ёки хўжалик юритувчи субъектнинг ўзининг қарорига мувофиқ мажбурий прогул вақти ёки паст ҳақ тўланадиган ишни бажарганлик учун ҳақ тўлаш ;
- ишлаб чиқариш қувватлари ва объектларни сақлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш харажатлари ;
- бекор туриб қолиш билан боғлиқ бошқа харажатлар .
Бекор туриб қолиш давридаги харажатлар фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда чегириб ташланадими
Бекор туриб қолиш туфайли йўқотишларни, агар улар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлса, солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегириб ташланадиган харажатларга олиб бориш мумкин.
Ҳар қандай харажатлар, башарти улар ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келган тақдирда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар деб эътироф этилади :
- даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
- шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
- қонунчиликнинг қоидаларидан келиб чиқса.
Бекор туриб қолиш сабабларини ҳужжатлар билан тасдиқлаш учун уларни қайд этиш тавсия қилинади. Масалан, чет эллик етказиб берувчи билан иқтисодий санкциялар муносабати билан муддатида етказиб беришнинг имконсизлиги ҳақида ёзишмалар, об-ҳаво шароитлари туфайли хом ашёни етказиб беришда кечикишларда транспорт ташкилоти билан ёзишмалар, етказиб берувчиларнинг электр ресурсларини беришни тўхтатиб туришлари ҳақида расмий эълонлари.
Аммо назорат қилувчи органлар текширув чоғида бекор туриб қолиш вақтидаги йўқотишларнинг бир қисмини, агар корхонага қонун ҳужжатларида бундай харажатларни амалга ошириш мажбурияти юклатилмаган бўлса, Солиқ кодексининг 317-моддаси 18-бандига асосан чегириб ташланмайдиган харажатларга олиб боришлари хавфи мавжуд.
Бекор туриб қолиш давридаги йўқотишларни қандай мақбуллаштириш мумкин
Бекор туриб қолиш даврида йўқотишларнинг иккита катта моддаси бўлади:
- ишлаб чиқариш ускунаси амортизацияси харажатлари;
Амортизация ҳисоблаш ҳисобот давридаги корхона фаолияти натижаларидан қатъи назар ҳар ойда амалга оширилади ва у дахлдор бўлган ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади .
Лекин истисно мавжуд: ишлаб чиқариш усули қўлланганда амортизация бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда ҳисобланади . Бекор туриб қолишда ишлаб чиқариш ускунасининг амортизация харажатлари нолга тенг бўлади;
- ходимлар меҳнатига хақ тўлаш ва ижтимоий солиқ.
Ходимларга уларнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт учун ҳисобланган иш ҳақи ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш жумласига киради . Унга ЖШДС, ижтимоий солиқ солинади .
Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт учун қуйидаги тартибда ҳақ тўланади :
- иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинган вақт учун ходимнинг ўртача иш ҳақи миқдорида ҳақ тўланади;
- иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолинган вақт учун бекор туриб қолинган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган тариф ставкасининг (маошининг) камида 2/3 қисми миқдорида ҳақ тўланади.
Бекор туриб қолиш даврида ходимлар бошқа ишларни бажариш учун юборилиши мумкин.
Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга ўтказишнинг охирги муддатлари, меҳнатга ҳақ тўлашнинг аниқ миқдорлари, шунингдек ишлаб чиқариш заруриятининг алоҳида ҳоллари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра аниқланади.
Бунда Меҳнат кодекси нормаларига асосан ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга ўтказиш:
- 1 календарь йил давомида жами 60 календарь кундан ошиши мумкин эмас;
- ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бажараётган ишига қараб, бироқ аввалги ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда амалга оширилади.