Ўзбекистонда 2024 йил май ойида нималар ўзгаради

preview

Ўзбекистонда 2024 йил май ойида кучга кирадиган қонун ҳужжатларига ўзгартиришларнинг анъанавий шарҳини тақдим этамиз.

 

Телеграм-каналда материалларимизни кузатиб боринг.

 

Хорижий компанияларнинг ваколатхоналари онлайн тарзда аккредитация қилиниши мумкин

Май ойида янги Ўзбекистон ҳудудида хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарини аккредитация қилиш ва уларнинг фаолият юритиш тартиби тўғрисида низом кучга киради .

 

Ижро ҳужжатлари солиқ тўловчининг кабинетига келиб тушади

Ижро ҳужжатларини олиш соддалаштирилди .

Суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилмоқда. Юридик шахслар суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатларни уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олишади ва тақдим этишади.

Фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланмоқда – МҲЭКМнинг 0,5 баравари миқдорида.

 

Аҳоли учун электр энергияси ва газ истеъмолининг меъёрлари кучга киради

1 майдан бошлаб аҳоли учун электр энергияси ва газ истеъмолининг ойлик базавий меъёрлари кучга киради.

 

Қум-шағал қазиб олиш ҳуқуқини олиш – фақат E-auksion платформаси орқали  

1 майдан бошлаб Чирчиқ, Сирдарё, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий кучга киради .

Дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материаллари қазиб олиш ҳуқуқини фақат E-auksion электрон савдо платформаси орқали сотиб олиш мумкин бўлади.

Мораторий амал қиладиган даврда дарё ўзанлари, соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналаридан қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш натижасида табиатга етказилган зарар учун ундириш суммалари 10 бараварга оширилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

 

Ваколатли органлардан хулосаларнинг 17 турини онлайн тарзда олиш мумкин

Хулосаларнинг 17 турини бериш паспортлари тасдиқланди . Қуйидагилар шулар жумласидандир:

  • хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича   тегишли   моддий-техник   база   ҳамда ходимларнинг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса;
  • меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги талабларига мувофиқлик тўғрисида хулоса;
  • бино (иншоот) ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса;
  • моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳаолди ва лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича хулоса;
  • дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш бўйича хулоса.

Хулосаларни давлат хизматлари марказларида ёки ЯИДХП орқали олиш мумкин.

 

Бизнес жамоат ҳожатхоналаридан даромад ишлаб топиши мумкин

1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига жамоат жойлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган жойларида санитария-гигиена шохобчаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади .

Туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан жамоат ҳожатхоналари ўрнатилиши режалаштирилаётган жойларнинг дислокацияси ҳамда мазкур ҳудуддаги инфратузилма объектлари ва аҳоли ҳаракати гавжумлиги даражаси тўғрисидаги маълумотлар Е-auksion тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиб борилиши керак. Аукцион савдолари минимал нархдан бошланади, ушбу нархни аниқлаш тартиби ҳам тасдиқланиши лозим. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига пулли ҳожатхоналар ўрнатиладиган жойлар мулк ёки ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

 

Бизнес муҳтожларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга жалб қилинади

Бундай эксперимент пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида ишга туширилади. Давлат муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни тадбиркорлик субъектларига аутсорсинг асосида беради .

Тадбиркорлик субъектлари хизматлар кўрсатишга энг яхши таклифларни танлаш орқали танланади. Аутсорсинг шартномаси Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан тузилади. Молиялаштириш – давлат бюджети ва Агентликнинг махсус жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Хизматларнинг нархи Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилаётган хизматлар учун белгиланган харажатлар сметасидан келиб чиқиб аниқланади.

Шартнома талабларига риоя этилиши махсус ташкил этилган Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилинади.

 

 

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади