Агрегацияланган импорт кодлари билан қандай ишлаш керак

preview

Импорт қилувчи компания биринчи марта республикага электрон сигареталар олиб кирди – 150 минг бирлик. Товар рақамли маркировкалаш талаблари остига тушади. АИК кодлари мавжуд эмаслиги туфайли божхонада товарни расмийлаштириш ва эркин муомалага чиқаришга рухсат беришмади. Юкнинг эгаси ёрдам сўраб интеграторга мурожаат қилди.

АИКни қандай расмийлаштириш, шунингдек бу кимга ва қандай товарлар учун керак бўлиши мумкинлигини buxgalter.uz илтимосига биноан Green White Solutions рақамли маркировкалаш тизими интегратори мутахассиси Роман ГРОМОВОЙ тушунтирди:

 

Эътибор беринг

Мақолага ГҚИК ва ТҚИК кодларини расмийлаштириш билан Data Matrixнинг донабай кодларини гуруҳлаш қисмига ўзгартириш киритилди.

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Агрегацияланган импорт коди (АИК) – бу божхона расмийлаштируви ва рақамли маркировкалаш остига тушадиган товар билан боғлиқ барча зарурий тартиб-таомиллар учун зарур ноёб идентификатор.

Ушбу кодни товарнинг ҳар бир туркуми учун CRPT TURON рақамли маркировкалаш тизими операторидан олиш керак. Фақат ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи маркировкалаш кодларини (шу жумладан АИК) буюртма қилиш ҳуқуқига эга .

Эътибор беринг

  • АИК божхона юк декларациясида акс эттирилади.
  • Товарнинг бир турига битта АИК талаб қилинади.
  • АИКдан фақат бир марта фойдаланилади.
  • Товар муомалага киритилганидан сўнг АИК тугатилади.
  • АИК товар, қадоқ ёки транспорт воситасига туширилмайди.
  • Asl Belgisi МАТда АИКни ҳосил қилиш – бепул.
  • АИК фақат БЮДда кўрсатилади. Бошқа ҳужжатларда – чеклар, ЭҲФ ва ҳоказода – уни кўрсатиш мумкин эмас.
  • АИКни генерациядан сўнг ўзгартириш мумкин эмас.
  • АИК қоидаларига риоя қилмаслик ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва СКнинг 227-1-моддаси бўйича санкцияларга сабаб бўлади.

 

АИКни расмийлаштиришнинг бир нечта вариантлари мавжуд, уларнинг энг мақбулини кўриб чиқамиз.

Муҳим! Битта божхона юк декларациясида (БЮД)  1 000 дан кўп бўлмаган АИКни кўрсатиш мумкин. Вақт ва маблағни тежаш учун бундай қилиш мумкин:

  • донабай Data Matrixни блокка бирлаштириш мумкин. Масалан, товарнинг 10 бирлиги битта блокка ёки битта АИКга тенг;
  • сўнгра блоклар қутиларга (қутига) агрегация қилинади. Масалан, товарнинг 100 бирлиги – бу битта қути ёки битта гуруҳ коди (ГҚИК);
  • ниҳоят, қутилар кодларини палетга бирлаштириш мумкин. Масалан, товарнинг 1000 бирлиги – бу битта палет ёки битта ТҚИК.

Кўриб чиқилаётган ҳолатда импорт қилувчи товарнинг 150 минг бирлигини олиб кирган. Демак:

150 000 : 1 000 = 150 палет ёки 150 транспорт қадоғи коди  (1 палета = 1 ТҚИК нисбатида).

Агрегациядан сўнг товарнинг мулкдори Asl Belgisi тизимидаги ўз шахсий кабинети орқали унга керакли миқдорда АИК буюртма қилиши мумкин. Бизнинг ҳолатда – битта АИК, негаки мижоз бир номдаги товарни олиб кирган. Мана шу битта АИКка  150 минг Data Matrix кодлари билан 150 та транспорт қадоғининг идентификациялаш кодлари бириктирилади. Шу тариқа, импорт қилувчи БЮДни расмийлаштиришда  нафақат маблағни, балки вақтни ҳам тежаши мумкин.

Эътибор беринг

Битта ном (тур)даги барча товарлар жамланмасига битта АИК кўрсатилиши керак.

 

Агар АИК олинмаса

Агар импорт қилувчи АИК олмаган бўлса, БЮД расмийлаштирилмайди, товар божхонада қолади.

Фақат АИК олиниб, БЮД расмийлаштириб товар республика ҳудудида эркин муомалага чиқарилганидан сўнг АИКга бириктирилган кодларнинг мақоми  автоматик тарзда “Муомалага киритилган”га ўзгаради. Шунда товарларни мамлакат ичида реализация қилиш мумкин.

 

Кимлар АИК олиши мумкин

Агрегацияланган импорт коди фақат Ўзбекистонга маркировкаланган маҳсулотларни олиб кирадиган импорт қилувчи – юридик шахс ёки ЯТТнинг буюртмасига кўра ҳосил қилинади. Бу – муҳим! Интеграторнинг ўзи АИКни буюртма қилиш  ҳуқуқига ва имкониятига эга эмас, ишлаб чиқарувчи ёки товар мулкдорининг буюртмаси керак!

 

АИК қандай олинади

  1. Asl Belgisi МАТ тизимида рўйхатдан ўтинг.
  2. Товар тўғрисидаги маълумотларни Маркировкаланадиган товарлар реестрига киритинг.
  3. Asl Belgisi МАТ шахсий кабинетида АИКни генерация қилишга буюртма беринг.
  4. БЮДни (божхона декларацияси) расмийлаштиришда АИК кодини кўрсатинг.

АИКни тўғри расмийлаштиринг ва рақамли маркировкалаш тартиб-таомилидан кечиктирмасдан ўтинг!

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади