Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Онлайн-НКТ ва солиқ ҳисоботларидаги суммалар қандай фарқланиши мумкин
Ҳар ойнинг 25-санасида «Soliq xizmati xabarlari – Rasmiy kanali» Телеграм канали сотувчи рўйхатдан ўтказилган чеклар бўйича товарларни сотишдан олинган даромад суммаларини солиқ ҳисоботида акс эттирмаган бўлса, кешбэк тасдиқланмаслиги ҳақида хабар беради. Яъни – агар унинг онлайн-НКТ ва солиқ ҳисоботидаги суммалари ўртасида тафовутлар мавжуд бўлса. Онлайн-НКТ орқали ўтган реализация бўйича маълумотлар айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоботларига «автоматик тарзда ўтирса» ва бу рақамларни ҳисоботда қўлда тузатиб бўлмаса, бундай ҳолат қандай юзага келиши мумкин?
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига кўра Солиқ қўмитаси ҳузуридаги «Yangi texnologiyalar» ИТМ мутахассислари тушунтириб беришди. Экспертлар шунингдек, юзага келган тафовутларни қандай бартараф этиш мумкинлигини ҳам аниқлаштиришди.
Муҳим тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм каналимизга обуна бўлинг.
– Бундай ҳолат икки сабабга кўра юз бериши мумкин.
1-вазият. Солиқ тўловчи солиқ ҳисоботини интернет йўқлиги туфайли касса аппарати офлайн режимда ишлаётган пайтда топширган. Онлайн-НКТ солиқ тўловчининг алоқаси тикланганидан сўнг бу давр учун маълумотларни фискал маълумотлар операторига узатади. Солиштирганда фарқ чиқади: чеклар кечроқ келган, ҳисобот эса олдинроқ топширилган. Солиқ органларининг ахборот тизимлари бундай вазиятни солиқ ҳисоботида онлайн-НКТ орқали амалга оширилган реализациянинг ҳақиқий сотувларга нисбатан камроқ суммаси акс эттирилган ҳолат сифатида аниқлайди.
2-вазият. Солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботини топширадилар, шундан сўнг ҳисобот топширилган давр учун чекларни тузатадилар. Бунда – солиқ ҳисоботини ўз вақтида қайта топширишни унутиб қўядилар. Солиқ органларининг ахборот тизимлари маълумотларига кўра бундай вазият ҳам олдинги ҳолатдаги каби кўринади: онлайн-НКТдаги реализация суммаси солиқ ҳисоботида кўрсатилганидан ошиб кетади.
Ҳар икки ҳолатда ҳам маълумотлардаги номувофиқликни бартараф этиш учун солиқ тўловчи солиқ ҳисоботларини қайта топшириши керак. Шунда ахборот тизимларида унга нисбатан саволлар бўлмайди:
- у текширувдан олдинги таҳлил ва камерал текширув доирасида «илинмайди»;
- унинг мижозлари SoliqUz мобиль иловаси орқали тўланадиган кешбэкни олишади.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади