Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Ер участкасини сотиб олишда қандай тежаш мумкин
2024 йил 6 сентябрдаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда ер ресурсларининг инвестициявий имкониятларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-135-сон Фармонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларининг қийматини тўлашда муайян шартлар асосида бўлиб-бўлиб тўлаш ва чегирма назарда тутилган.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган (мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида) ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (ижара ҳуқуқи асосида) ер участкаларини сотиб олиш қийматини – ҳар ойда тенг улушларда, қолдиқ суммага МБнинг асосий ставкасида фоиз ҳисоблаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлаш мумкин:
- Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида – 15 иш куни ичида дастлабки тўловни амалга ошириш шарти билан камида 35% миқдорида 3 йил давомида;
- бошқа аҳоли пунктларида – 5 йил давомида, 4 ва 5-тоифадаги туманларда эса – 15 иш куни ичида дастлабки тўловни амалга ошириш шарти билан камида 15% миқдорида 10 йил давомида.
Харидор ер участкасининг қийматини 15 иш куни ичида тўлиқ тўлаган тақдирда, у умумий суммага нисбатан 20% чегирма олади. Бошланғич нархи 50%дан ортиққа пасайтирилган ҳолда реализация қилинган ер участкалари бундан мустасно.
Янги реализация қилинган ер участкаларига нисбатан объектни фойдаланишга топшириш даврига тенг бўлган, бироқ 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда ер солиғи ставкаси 50% миқдорида қўлланади. Истисно –Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида жойлашган ер участкалари.
Лойиҳалаш, қурилишни бошлаш ва якунлаш, объектни фойдаланишга топшириш муддатларига риоя қилинмаганда, у қайтадан онлайн аукционга чиқарилади.
Шунингдек, 2025 йил 1 январдан бошлаб:
- ер фондининг барча тоифалари ва ер турлари, шу жумладан, олдиндан мавжуд ва янгидан ажратиладиган (реализация қилинадиган) ер участкалари учун ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилади;
- ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш тури Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Ягона классификаторга мувофиқ белгиланади. Капитал қурилиш объектидан фойдаланиш мақсади ер участкасининг рухсат этилган фойдаланиш турига мувофиқ бўлиши шарт;
- ер участкасидан рухсат этилган фойдаланиш тури ер участкаларини беришда (реализация қилишда), уларни баҳолаш, аукцион савдолари учун бошланғич нархини аниқлашда, қурилиш соҳасида рухсат берувчи хусусиятга эга ҳужжатларни расмийлаштиришда, ижтимоий ва инфратузилма объектларига юкламани ҳисоблашда ва ҳоказода инобатга олинади;
- шартли рухсат этилган фойдаланиш тури учун рухсатнома олишга ижтимоий ва инфратузилма объектларига қўшимча юкламани компенсация қилиш шарти билан йўл қўйилади.