Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
Давлат банклар, тўлов тизимлари операторлари, тўлов ва бошқа ташкилотларнинг жавобгарлигини кучайтирмоқда, кибержиноятлардан зарар кўрган мижозлар фойдасига улардан зарарни ундириш механизмини жорий этмоқда (30.04.2025 й. ПҚ-153-сон)
Тафсилотлар - buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Банклар, тўлов тизимлари операторлари, тўлов ва бошқа ташкилотлар айнан ахборот ва кибер хавфсизлик талабларига риоя қилмаслик натижасида содир этилган кибержиноят туфайли етказилган моддий зарарни ўз ҳисобидан қоплайдилар. Шунингдек, оқибатлар мавжуд бўлмаса ҳам, санаб ўтилган ташкилотларнинг йўл қўйилган қоидабузарликлар учун жавобгарлиги кучайтирилади.
Бу карта эгаларини хавфсизликнинг асосий қоидаларига риоя қилишдан озод қилмайди:
- бегона шахсларга ПИН-код, CVV/CVC-код, картанинг амал қилиш муддати ёки SMSдаги бир марталик паролларни маълум қилмаслик;
- шахсий ҳужжатларни нотаниш шахсларга суратга олиш ёки нусха кўчириш учун топширмаслик;
- хабарлар ва хатлардаги шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик;
- «банк ходимлари»нинг илтимосига кўра масофадан туриб фойдаланиш учун иловаларни ўрнатмаслик;
- маълумотларни киритишдан олдин веб-сайтларнинг URL-манзилларини текшириш ва бегона қурилмаларда онлайн-банкингдан фойдаланишда сеансни доимо тугатиш.
Ҳар ойнинг якунлари бўйича ИИВ заифликлар ва бошқа камчиликлар туфайли тизимларида энг кўп кибержиноятлар қайд этилган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхатини эълон қилади.
Банк карталари, ҳисоб рақамлари, SIM-карталари ёки шахсий маълумотлари кибержиноятларни содир этиш учун фойдаланилаётган шахслар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик жорий этилади. Жиноий қонунчиликда жиноят содир этишда ахборот технологияларидан фойдаланиш оғирлаштирувчи омил бўлади.
Банклар шунингдек ота-оналарни уларнинг вояга етмаган фарзандлари иштирокидаги шубҳали (фирибгарлик) операциялар ҳақида хабардор қилиш механизмини жорий этадилар.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади