Экспертлар томонидан тасдиқланган жавобларни олинг:
МҲТЭКМ ва БҲМ оширилмоқда, озиқ-овқат маҳсулотларига мажбурий техник регламентлар ва стандартлар бекор қилинмоқда, эконазорат инспекторлари текширувни дарҳол, олдиндан рўйхатдан ўтказмасдан, баъзи қоидабузарликлар содир бўлганда бошлаш ҳуқуқига эга бўлди...
1 августдан Ўзбекистондаги шу ва бошқа янгиликлар ҳақида батафсил – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Telegram каналимизга обуна бўлинг.
МҲТЭКМ ва БҲМнинг оширилиши
- бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга ошади;
- МҲТЭКМ ойига – 1 271 000 сўмни ташкил этади;
- БҲМ – 412 000 сўмга етади.
Тавсия
Қидирувга вақт сарфламанг: Ўзбекистонда 2025 йилда БҲМ, МҲТЭКМ, ПҲБМ ва МИХ миқдорлари бўйича долзарб маълумотлар доимо шу ерда > > >
ЯММТ орқали ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларини банд қилиш
2025 йил 1 августдан бошлаб ЯММТда ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринларини захиралаш тизими жорий этилади. Ташкилотлар ўзлари жойлашган ҳудуддаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний ҳолати ва имкониятлари, шунингдек, малака даражасини ҳисобга олган ҳолда электрон реестр маълумотлари асосида иш ўринларини захирага қўядилар
.
Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштирган юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари ва субсидиялар ҳақида батафсил маълумотни бу ерда ўқинг > > >
Мўғулистондан қўй ва эчки импорт қилувчиларга имтиёзлар
Мўғулистондан майда шохли молларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектларига
:
- ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи қопланади;
- тўлов кафолати ва фоизлар ҳисобланмасдан ҚҚС тўлашни кечиктириш имконияти берилади.
Имтиёзлар 2025 йил 1 августдан 2027 йил 31 декабргача амал қилади.
Мебель ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар
2025 йил 1 августдан бошлаб маҳаллий мебель технологлари учун халқаро малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш тартиби жорий этилади
. Бу ривожланган хорижий давлатларнинг нуфузли ташкилотлари томонидан бериладиган соҳага оид сертификатлар бўлиши лозим.
2025 йил 15 августдан бошлаб маҳаллий корхоналар ўзларининг мебель ёки ёғочга ишлов бериш маҳсулотлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлаш учун бепул экспертизадан ўтказиш имкониятига эга бўладилар. "Ўзбекэкспертиза"нинг маҳаллий ишлаб чиқарилган товар тўғрисидаги сертификати ёки эксперт хулосаси ҳам ҳақ олинмаган ҳолда берилади
.
Нодавлат олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишни рўйхатдан ўтказиш талаби
1 августдан бошлаб нодавлат олий таълим ташкилотлари абитуриентларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқларни hemis.uz порталида (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг олий таълим жараёнини бошқариш ахборот тизими) рўйхатдан ўтказишлари шарт
.
Нодавлат олий таълим муассасаларига тааллуқли бошқа ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотни бу ерда ёзган эдик > > >
Озиқ-овқат маҳсулотларига мажбурий стандартларнинг бекор қилиниши
2025 йил 1 августдан бошлаб озиқ-овқат маҳсулотларига мажбурий техник регламентлар ва стандартлар бекор қилинади
.
Айрим турдаги товарлар санитария-эпидемиология хизмати, давлат ветеринария хизмати, ўсимликлар карантини ва техник жиҳатдан тартибга солиш органлари томонидан назорат қилиниши лозим бўлган рўйхатлардан чиқарилади.
Бунинг ўрнига Кодекс Алиментариус стандартлари асосида устувор озиқ-овқат маҳсулотлари учун санитария қоидалари, нормалари ва гигиеник меъёрлардан фойдаланилади.
Экология соҳасида тезлаштирилган текширувлар
2025 йил 1 августдан бошлаб Давлат экологик назорат инспекцияси инспекторлари қуйидаги экологик ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумот келиб тушган тақдирда дарҳол текширишни бошлаш ҳуқуқига эга бўлдилар
:
- юридик шахслар ўз ҳудудида бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилишда белгиланган талабларни бузса, дарахтлар, буталар ёки бошқа ўсимликларни, шу жумладан кимёвий ва биологик воситалар қўллаган ҳолда қасддан йўқ қилса;
- майдони 500 кв. м ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдончаси, унга туташ ҳудуд ва ундан чиқиш йўлларида ҳавога чанг ва қум зарраларининг кўтарилишига қарши чоралар кўрилмаган бўлса ёки ифлослантирувчи моддаларнинг ҳавога чиқарилиши рухсат этилган меъёрлардан ошиб кетган бўлса;
- ёввойи ҳайвон ярим эркин шароитда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки асирликда сақланса.
Инспекторларга текширув бошланганидан сўнг 24 соат ичида уни "Ягона давлат назорати" тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали бизнес-омбудсманни текширув ҳақида хабардор қилиш мажбурияти юкланди.
Тавсия
Шунингдек, ўтган ойларда миллий қонунчиликдаги ўзгаришлар шарҳлари билан танишишингиз мумкин > > >
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади