Хўжалик юритувчи субъектларни ихтиёрий тугатиш ва давлат реестридан чиқариш тартибида нималар ўзгарди

preview

Муассислар ёки уларнинг ворислари тижорат ташкилоти фаолиятини қайта тиклаш мақсадида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилиши мумкин бўлган муддат 3 йилдан 1 йилгача қисқартирилди.

Ихтиёрий тугатиш тартибида ва фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартибида яна нималар ўзгарди, buxgalter.uz шарҳида батафсил ўқинг:

Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 07.11.2025 йилдаги 709-сон қарори билан иккита – тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ҳужжат 10 ноябрдан кучга кирди.

1. Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар

  • Йиллик айланмаси охирги 3 йил ичида 10 млрд. сўмдан ошмаган ҳамда солиқ хавфи даражаси ўрта бўлган, солиқ маслаҳатчилари ёки аудиторлик ташкилотлари томонидан солиқларга доир хулоса бериш орқали ихтиёрий тугатилиш истагини билдирган тижорат ташкилотида солиқ текшируви ўтказилмайди.
  • Тижорат ташкилотларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш амалга оширилмайди, агар:

– давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб улар молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаса;

– охирги 3 йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган, бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган, мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган, «хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими баҳолаш натижаларига кўра солиқ хавфи даражаси паст деб баҳоланган бўлса. Бунда, тадбиркорлик субъектларининг активлари ва мажбуриятлари чиқиб кетиши натижасида юзага келадиган солиқ мажбуриятлари тўлиқ бажарилган ва солиқ қарзи мавжуд бўлмаганда солиқ хизмати органи томонидан рўйхатдан ўтказувчи органга Тизим орқали автоматик тарзда хулоса тақдим этилади.

  • Тугатиш баланси тижорат ташкилотининг муассислари (иштирокчилари) томонидан тасдиқланади ва тугатувчи томонидан 1 иш куни ичида солиқ хизмати органига топширилади. Тугатиш баланси қабул қилингандан кейин солиқ хизмати органи, тижорат ташкилотининг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарзи, шунингдек ташқи савдо операциялари бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзи, мол-мулки, тайёр маҳсулот қолдиқлари ва бошқа активлари мавжуд бўлмаган тақдирда, 1 иш куни мобайнида тугатувчига, шунингдек Тизим орқали рўйхатдан ўтказувчи органга солиқлар ва йиғимлар бўйича қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида хулоса юборади.
  • Тижорат банклари ихтиёрий тугатилаётган тижорат ташкилотининг солиқлар ва йиғимлар бўйича қарзи мавжуд эмаслигини солиқ органларидан электрон сўров орқали текшириб олишга ҳақли.

2. Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришлар

  • Низом энди нафақат юридик шахсларга (тижорат ташкилотларига), балки ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам татбиқ этилади.
  • Унинг 2-банди (асосий тушунчалар) қуйидаги хатбошилар билан тўлдирилди:

– «фаолиятни вақтинча тўхтатиб туриш - якка тартибдаги тадбиркор томонидан фаолиятни бошлаш ёки амалга оширишда молиявий ресурслар (ўз маблағлари, кредитлар кабилар) мавжуд эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра фаолиятини бир йил муддатгача бўлган даврда вақтинча тўхтатиш;

– Марказий маълумотлар базаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитасининг юридик шахслар, фаолиятини ваколатхона, филиал ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базаси».

  • Низомнинг 5-бандига киритилган ўзгартиришларга кўра, тижорат ташкилотини молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб эътироф этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

– давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 3 ой мобайнида банк ҳисобварақларини очмаганлиги;

– банк ҳисобварақларини очган, бироқ 6 ой мобайнида: молия-хўжалик фаолияти бўйича банк ҳисобварақларига пул маблағларини туширмаганлиги; ЭҲФни тақдим этмаганлиги; онлайн-НКМ, виртуал касса ва маркетплейс тўлов тизимидан фойдаланмаганлиги; ташқи савдо операцияларини амалга оширмаганлиги.

  • Тижорат банкларидан ва (ёки) Низомнинг 5-банди талабларига мувофиқ маълумотлар олинганда, солиқ хизмати органи 3 иш куни ичида тижорат ташкилотлари фаоллик ҳолатини фаолият кўрсатмаётган ҳолатга ўзгартиради ва бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни ва рўйхатдан ўтган жойдаги статистика органларини Тизим орқали хабардор қилади.
  • Солиқ органи фаолият юритмаётган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан аввалгидек камерал солиқ текширувини эмас, балки - «Марказий маълумотлар базасида мавжуд ҳамда бошқа органлар, муассасалар ва ташкилотлардан тақдим этилган маълумотлар асосида тижорат ташкилотининг фаолиятини ахборот тизимлари орқали текширувдан олдинги таҳлилдан» ўтказади.
  • Муддат 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди:

– бу муддат давомида муассислар, уларнинг вакиллари ёки ворислари тижорат ташкилоти фаолиятини қайта тиклаш мақсадида рўйхатдан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари мумкин;

– рўйхатдан ўтказувчи орган фаолият кўрсатмаётган ташкилотни давлат реестридан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади, унинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасини бекор қилади ва ҳ. к.

  • Низом янги 4-1 «Фаолиятини вақтинча тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат реестридан чиқариш» боби билан тўлдирилди. Унда қуйидаги шартлар қайд этилган:

– ЯТТни давлат реестридан чиқариш тартиби;

– уларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари қолдиқлари қандай ва қаерга тақсимланиши.

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш ҳамда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида» 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

ВМҚ янги 2-1-илова билан тўлдирилди – «Фаолият кўрсатмаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қайта тиклашга кўмаклашиш борасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, иқтисодиёт ва молия органлари ва солиқ органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида низом».

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text211790_hujalik_yurituvchi_subektlarni_ihtieriy_tugatish_va_davlat_reestridan_chiqarish_tartibida_nimalar_uzgardi