Февраль ойида экспертларнинг материаллари сиз учун фойдали бўлади:
Биз 2026 йил март ойидан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришларнинг анъанавий шарҳини тайёрладик. Улар ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга тааллуқлидир.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда 2026 йил 1 мартдан бошлаб:
Янги постларни Телеграм-каналда кузатиб бориш қулай.
I. Юридик шахслар учун:
1. Барқарорлик рейтингидаги балларни пасайтирувчи янги мезонлар жорий этилмоқда
.
1 мартдан бошлаб рейтинг баллари қуйидагилар сабабли пасайтирилади:
- норасмий бандликнинг тасдиқланган фактлари;
- ходимларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам иш ҳақи ҳисобланиши;
- интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар.
Бунда товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларининг мавжудлиги қўшимча балл келтиради.
2. Электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласи бутунлай тақиқланади
.
2026 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда қуйидагиларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш, ташиш, сотиш, импорт ва экспорт қилиш тақиқланади:
- чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, шу жумладан таркибида никотин бўлган чекилмайдиган маҳсулотлар;
- таркибида никотин ёки унинг ҳосилалари, шу жумладан никотин тузлари, эритмалари, никотин суюқликлари ёки таркибида никотин бўлган, лекин тамаки барги ва (ёки) тамаки ўсимлигининг бошқа қисмларини ўз ичига олмаган чекиш маҳсулотлари (никотинни етказиб беришнинг электрон тизимлари учун никотин суюқликлари, электрон сигареталар учун никотин суюқликлари);
- таркибида тамаки ва никотин бўлмаган, лекин никотинни етказиб бериш электрон тизимлари билан, шу жумладан электрон сигареталар билан фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулотлар (никотинни етказиб бериш электрон тизимлари учун никотинсиз суюқликлар, электрон сигареталар учун никотинсиз суюқликлар);
- никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, шу жумладан электрон сигареталар.
3. Сунъий интеллект давлат харидлари тизимидаги ўртача бозор қийматини баҳолайди 
Давлат харидлари ахборот порталида давлат харидлари предметининг ўртача бозор нархини ҳисоблашнинг электрон модули ишга туширилади. У сунъий интеллект технологиялари асосида ишлайди.
4. Божхона тартиб-таомиллари арзонлашмоқда ва соддалашмоқда 
1 мартдан бошлаб товарларни чегара ўтказиш пунктларига етиб келгунига қадар олдиндан декларациялаш йўли билан «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига жойлаштиришда:
- божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20%га камайтирилади;
- божхона тўловларини 14 кунгача бўлган муддатга бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда фоизлар ҳисобланмайди.
ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссия босқичма-босқич ишлаб чиқаришда хомашё ва материаллардан фойдаланиладиган, импорт бўйича ундириладиган божхона божи суммаси тайёр маҳсулот учун божхона божи суммасидан ортиқ бўлган товарлар рўйхатини шакллантиради. Бундай товарларни қайта ишлаш учун олиб кириладиган хомашё ва материаллар божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимидан кейин эркин муомалага чиқарилганда:
- импорт божхона божи қайта ишлаш маҳсулотларидан, келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар, божхона тарифида белгиланган ставкалар миқдорида ундирилади;
- божхона тўловлари бўйича қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар қайта ишлаш маҳсулотларига нисбатан қўлланилади;
- Божхона қўмитаси олиб кирилган хом ашё ва материаллардан мақсадли фойдаланишни назорат қилади.
5. Хўжалик юритувчи субъектларга «ягона дарча» тамойили асосида давлат ва хусусий хизматларни кўрсатиш мақсадида «Бизнес ҳамроҳ» лойиҳаси амалга оширилмоқда 
Хизматлар орасида консалтинг, молия, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматлар мавжуд.
Дастлабки босқичда республиканинг барча вилоят марказларида МЧЖ шаклидаги «Бизнес ҳамроҳ» марказлари ишга туширилади. 2026 йил 1 мартдан бошлаб уларда республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан мулоқотлари ўтказилади.
6. «Асл белгиси» тизими яроқлилик муддати ўтган маркировкаланган товарлар савдосини автоматик равишда чеклайди 
1 мартдан бошлаб муддати ўтган товарлар учун товар чекини онлайн-НКТ орқали чоп этишнинг имкони бўлмайди.
7. Қурилиш материаллари сифати устидан назорат кучайтирилмоқда 
«Техник жиҳатдан тартибга солиш» ва «Шаффоф қурилиш» ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш доирасида маҳсулотлари хавфсизликка номувофиқ деб топилган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларининг электрон реестри шакллантирилади. Бундай корхоналар давлат харидларида қатнаша олмайди.
Мазкур рўйхат ваколатли давлат органларининг ахборот тизимлари ва расмий веб-сайтларида жамоатчилик учун очиқ тарзда эълон қилинади.
8. Туризм сектори учун янги имтиёзлар ишга туширилмоқда 
Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
- ҳар йили 10 та энг яхши лойиҳаларга туристик стартапларни – янги турдаги туристик хизматларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50%и миқдорида субсидиялар ажратилади (лекин 1 млрд сўмдан кўп эмас);
- меҳмонхоналарнинг тасдиқланган рўйхатда назарда тутилган халқаро тан олинган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қопланади.
9. Фон мониторингидан бош тортганларни экология бўйича 5 баробар компенсация тўловлари кутади 
1 мартдан бошлаб I ва II тоифадаги корхоналарга 5 баравар миқдорда компенсация тўловларини қўллаш тартиби кучга киради:
1) белгиланган муддатда фон мониторинги станцияларини ўрнатмаганда;
2) Миллий экология қўмитасининг Миллий экомониторинг маркази билан интеграция қилинмаганда.
10. ЯИДХПда юридик шахслар учун янги хизматлар тақдим этилади 
2026 йил март ойида ЯИДХПда қуйидаги хизматлар тақдим этилади:
- ўрмон участкаларини илмий-тадқиқот, маданий, соғломлаштириш, рекреация мақсадлари учун фойдаланишга бериш;
- саноат хавфсизлиги декларацияларини ҳисобга олиш;
- саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт ташкилотларини аккредитация қилиш;
- автотранспорт соҳасида малака ошириш курсларидан ўтганлиги тўғрисида сертификатлар бериш;
- халқаро автомобилда ташувчиларнинг касбий кўникмаларини сертификатлаш.
11. «Оғир» тоифадаги ҳудудларда оилавий тадбиркорларга имтиёзли кредитлар берилади 
2026 йил 1 мартдан бошлаб «оғир» тоифадаги ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратилади.
Ушбу тоифага тегишли туманлар 05.02.2026 йилдаги ПҚ-49-сон қарорга 5-иловада келтирилган.
12. Лицензиялаш тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда 
2026 йил 1 мартдан бошлаб лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этган юридик шахсларга жарима қўллашда уларнинг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш тартиби бекор қилинади.
Бундан ташқари, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олишда «Лицензия» АТда ихтиёрий равишда дастлабки баҳолаш хизмати жорий этилади. Унинг доирасида бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, ходимлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда лицензия ва рухсатнома олишнинг бошқа талабларига мувофиқлиги (ҳаммасига 20 кундан ошмаган ҳолда) ўрганилади. Шундан сўнг тегишли хулоса берилади.
Хизмат учун тўлов тегишли лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган йиғим миқдоридан ошмайди.
13. Электр энергиясини ҳисобга олишнинг янги қоидалари амал қила бошлайди 
Янги қоидалар 749-сон ВМҚ томонидан тасдиқланган ва ҳисобга олиш тизимларини ўрнатиш, ишлатиш ва автоматлаштириш тартибини батафсил тартибга солади.
Ҳужжат ишлаб чиқарувчилар, узатиш ва тақсимлаш операторлари, сақлаш тизимлари, шунингдек, 6 кВ ва ундан юқори кучланишли тармоқларга уланган барча фойдаланувчиларга қўйиладиган ягона талабларни белгилайди.
Юридик шахслар учун қоидалар мажбурий, маиший истеъмолчилар ва 0,4 кВ уланишлар учун – тавсиявий характерга эга.
14. Барча қурилиш лойиҳаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитлар яратиш бўлими бўлиши керак, акс ҳолда – жарималар қўлланилади 
Ушбу нормалар 2026 йил март ойидан кучга киради. Яъни – БҲМнинг 50-70 баравари миқдорида жарима солинади:
1) шаҳарсозлик режалаштириш ҳужжатлари бўйича эксперт ташкилотлари томонидан ижобий хулоса берилганлиги учун лойиҳада ногиронлиги бўлган шахслар учун шарт-шароитлар яратишга бағишланган алоҳида бўлим мавжуд бўлмаганда ёки ушбу бўлим шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлмаганда;
2) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилувчи органлар томонидан имконияти чекланган шахслар учун шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлими бажарилмасдан қурилган бино ва иншоотлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилганлиги учун .
15. Ер тоифасини ўзгартириш ва фермерлар томонидан йўқотишлар ҳисобини юритиш учун онлайн ариза топшириш мумкин 
2026 йил 1 мартдан бошлаб фермерлар Агропортал орқали қуйидагиларни амалга оширишлари мумкин:
- қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартириш тўғрисида ариза юбориш ва уларнинг ижроси ҳолатини онлайн кузатиб бориш;
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловларини автоматик ҳисоблаш тизимидан фойдаланиш, тўловларни амалга ошириш ва уларнинг ҳисобини юритиш.
II. Жисмоний шахслар учун:
1. Ўзининг пропискаси, шахсий кўчмас мулки ва унда рўйхатдан ўтказилганлар сони тўғрисидаги маълумотларни тузатиш тартиби соддалаштирилмоқда 
1 мартдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари яшаш манзили ва ўзларига тегишли кўчмас мулкда рўйхатдан ўтган шахслар тўғрисидаги маълумотларни таҳрирлаш учун ЯИДХП орқали электрон ариза беришлари мумкин бўлади.
2. Ўзбекистонда ўзбек тилини билиш бўйича сертификатлаш бошланади 
1 мартдан бошлаб чет эл фуқаролари учун CEFR мезонларига мувофиқ ўзбек тилини билишнинг А1, А2 ва В1 даражалари бўйича малака сертификатини олиш учун имтиҳонлар жорий этилади.
Ўзбек тилини билиш даражасини баҳолаш 4 та кўникма – тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш асосида амалга оширилади.
Ўзбек тили бўйича В1 даражадан паст бўлмаган малака сертификатига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда давлат тили имтиҳонидан озод этилади.
3. Нотариал ижро хатлари бўйича қарзларни ундириш механизми жорий этилмоқда 
Қарз берувчи қарзни ундириш учун судга мурожаат қилиши шарт эмас, нотариал талаб (ижро ёзуви) туфайли уни МИБ орқали ундириш мумкин бўлади. Нотариус БҲМнинг 1 000 бараваригача бўлган қуйидаги низосиз фуқаролик-ҳуқуқийй талабларга нисбатан ижро хатини қўйиши мумкин
- нотариал тасдиқланган битимларга асосланган;
- ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида;
- кўп квартирали уйлардаги жойлар мулкдорларидан ижара тўловлари, мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида.
4. Яқинларининг ўлими ҳақидаги маълумотномалар электрон шаклда мавжуд бўлади 
Янги тартибга кўра, QR-код қўйилган ўлимни қайд этиш тўғрисидаги маълумотнома реал вақт режимида эр (хотин), ота-она, фарзандларнинг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига (қоғоз шаклига қўшимча равишда) бепул юборилади.
QR-код қўйилган ўлимни қайд этиш тўғрисидаги маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади.
5. Давлат органларидаги бўш иш ўринлари онлайн тарзда мавжуд бўлади 
Давлат органларида бўш давлат фуқаролик хизмати лавозимларини эгаллашнинг янги тизими доирасида:
- давлат органлари вакансияларни vacancy.gov.uz электрон платформасида эълон қилади;
- фуқаролар vacancy.gov.uz сайтида иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин;
- талабгорлар тест синовларидан онлайн ўтишлари мумкин бўлади.
6. Давлат архивлари хизматлари янада тезкорлашмоқда 
Айрим архив хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилмоқда:
- архив ҳужжатлари ёки уларнинг нусхаларини Ўзбекистондан ташқарига вақтинча олиб чиқишга рухсатнома берилганда – 15 иш кунидан 5 иш кунигача;
- яроқсиз ҳолга келган ёки йўқолган меҳнат дафтарчасидаги ёзувларни тасдиқлаш – 20 иш кунидан 10 иш кунигача;
- олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқиганлигини тасдиқловчи архив маълумотномасини бериш – 5 иш кунидан 2 иш кунигача;
- архив ҳужжатлари, китоблар ва қўлёзмаларни рақамлаштириш (электрон нусха олиш) – 3 иш кунидан 1 иш кунигача.
7. Суд жараёнларидан дастлабки маълумотларни ЯИДХП орқали сўраш мумкин 
«Рақамли суд» концепцияси доирасида эксперимент тариқасида фуқаролар ЯИДХП орқали фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини электрон шаклда сўрашлари ва олишлари мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз
Барча муҳим «бухгалтерия саналари» бизнинг 2026 йил март ойи учун бош бухгалтер режасида белгиланган. Ҳеч нарсани ўтказиб юбормаслик учун унга қарашни унутманг!
![]()