Май ойида ҳар бир бухгалтерга асқотади:
Халқаро автомобиль ташувларига рухсатнома беришнинг янги тартиби: 2026 йил 1 июндан нималар ўзгаради
Ўзбекистонда юк ва йўловчиларни халқаро автомобиль йўналишларида ташиш учун рухсатномаларни тақсимлаш ва бериш тизими ўзгармоқда. 1 июндан бошлаб улар тўғридан-тўғри чегара божхона постларида берилади, рухсатномани олдиндан банд қилиш имконияти яратилади.
Тафсилотлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Teлеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Юк ва йўловчиларни халқаро автомобиль йўналишларида ташишга оид рухсатномаларни тақсимлаш, бериш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2026 йилдаги 114-сонли қарори билан тасдиқланди. Ҳужжат 1 июндан кучга киради ва жумладан, рухсатномалар учун тўловларни амалга ошириш тартибини белгилайди.
Рухсатнома олиш учун аризани кўриб чиққанлик учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирилади. Бериладиган ҳар бир хорижий ёки кўп томонлама рухсатнома учун эса – БҲМнинг 25 фоизи миқдорида.
Тўлов ташувчининг ҳисобварағидан пул ўтказиш йўли билан, мобил тўлов тизимлари орқали ёки бошқа рухсат этилган усулларда амалга оширилади. Тўланган йиғимлар қайтариб берилмайди ва қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Рухсатномалар қаерда ва қандай берилади
2026 йил 1 июндан бошлаб миллий ташувчиларга хорижий ва кўп томонлама рухсатномалар транспорт воситаси халқаро йўналишга чиқаётганда чегара божхона постларида берилади. Бунинг учун постларда мазкур рухсатномаларни бериш, қабул қилиш, сақлаш ва рўйхатга олиш бўйича махсус пунктлар ташкил этилади.
Миллий ташувчилар транспорт воситасига юк ортишдан олдин Транспорт вазирлигининг ахборот тизими орқали рухсатномани 10 кун муддатга олдиндан банд қилишлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Транспорт вазирлиги тизимда қуйидагиларни эълон қилиб бориши керак бўлади:
- мамлакатлар бўйича халқаро ташув йўналишлари рўйхати (ўтган йилги маълумотлар асосида);
- рухсатнома бериш пунктлари рўйхати;
- хорижий ва кўп томонлама рухсатномаларнинг миқдори (тақчиллиги) тўғрисидаги маълумотлар;
- миллий ташувчиларнинг рентабеллик коэффициенти кўрсаткичлари (Солиқ қўмитаси билан биргаликда шакллантирилади), айрим турдаги рухсатномаларни олиш имконияти ушбу коэффициентга боғлиқ бўлади.
Шунингдек, яна бир рейтинг – Ўзбекистон миллий ташувчиларининг рейтинги жорий этилади.
Рухсатнома беришда қандай чекловлар назарда тутилган
Миллий ташувчиларда ташиш учун аниқ буюртмаларсиз тўпланиб қолаётган юк ташишга доир хорижий ва кўп томонлама рухсатномаларнинг сунъий тақчиллиги юзага келишининг олдини олиш мақсадида 2026 йил 1 июндан бошлаб қуйидаги тартиб жорий этилади:
1. 2026 йил учун айирбошлаш квотаси доирасида олинган, ташиш тури бўйича умумий сони 1 000 та ва ундан кам бўлган хорижий рухсатномалар фақат халқаро ташув йўналиши бўйича қуйидагиларга берилади:
- экспорт товари ортилган автотранспорт воситаси учун – тегишли божхона декларацияси мавжуд бўлганда барча миллий ташувчиларга;
- бошқа давлатдан импорт юкини ёки учинчи давлатга/дан юкни юклаш мақсадида экспорт товари билан чиқиб кетаётган автотранспорт воситаси учун – қайтиш йўналиши географик жиҳатдан яқин бўлиши шарти билан ва фақат 2025 йил якунларига кўра фойдалилик коэффициенти 1,0 ва ундан юқори бўлган миллий ташувчиларга.
2. Учинчи мамлакатларга/дан юк ташиш учун 2026 йилги айирбошлаш квотаси доирасида олинган ва умумий сони 1 000 тадан ортиқ бўлган хорижий рухсатномалар қуйидагиларга берилади:
- экспорт ёки транзит товари билан чиқиб кетаётган автотранспорт воситаси учун, қайтиш йўналиши географик жиҳатдан яқин бўлиши шарти билан – барча миллий ташувчиларга;
- юксиз (бўш) ҳолда чиқиб кетаётган автотранспорт воситаси учун – 2025 йил якунларига кўра даромадлилик коэффициенти 0,7 ва ундан юқори бўлган миллий ташувчиларга.
3. Бошқа барча рухсатномалар миллий ташувчининг халқаро юк ташишга оид буюртманомаси бўйича, халқаро ташув йўналишида, халқаро ташувлар учун фойдаланиладиган автотранспорт воситалари сони доирасида (тегишли лицензия карточкаси мавжуд бўлганда) берилади.
Эътибор беринг
Олинган рухсатномалардан улар олинган санадан эътиборан 90 календарь кун мобайнида фойдаланиш лозим. Агар рухсатномадан фойдаланилмаса, ташувчи уни Транспорт вазирлигига қайтариши шарт.
Агар ташувчи рухсатномаларни ўз вақтида қайтармаса, тизим улар қайтарилгунига қадар янги рухсатномалар беришни автоматик тарзда блоклайди. Истисно: ЙТҲ, ёнғин ёки табиий офат оқибатида ҳужжат йўқолганлиги ҳужжат билан тасдиқланган ҳолатлар.
Ташиш учун рухсатномалар эгасининг номи ёзилган ҳолда берилади ва бошқа ташувчиларга ёки учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас. Олинган хорижий ёки кўп томонлама рухсатномалар ёхуд улар бўйича ҳуқуқлар учинчи шахсларга ўтказилганлиги, шунингдек, уларнинг яроқсиз ҳолга келтирилганлиги (йўқ қилинганлиги, шикастланганлиги, ташувчининг номини ўқиш имкони йўқлиги) факти аниқланса, тизим рухсатномалар беришни 3 ойга блоклайди. Бу 2025 йилда берилган рухсатномаларга ҳам тааллуқлидир.
Янги ВМҚда яна нималар назарда тутилган
Масъул идораларга қуйидагилар топширилди:
- Хитой билан учинчи мамлакатларга/дан юк ташиш учун рухсатномалар алмашинувини йўлга қўйиш;
- талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича рухсатномалар квоталарини камида 2 баравар ошириш масаласини ишлаб чиқиш;
- 2026 йил 1 июнга қадар Хитой, Туркманистон ва Тожикистон билан e-Permit (электрон рухсатномалар) тизимини ишга тушириш;
- 2026 йил 1 июлга қадар транзит давлатлар – асосий савдо ва минтақавий бозорлар билан икки томонлама ва транзит юк ташувларининг рухсатномасиз тизимига ўтиш бўйича музокараларни бошлаш;
- хорижий тажрибани ўрганиш ҳамда автомобилда юк ташишга оид лицензия талаблари ва шартларини, шу жумладан ҳайдовчиларда малака сертификатлари мавжудлигига доир талабларни янгилаш.
![]()