1 июлдан киритиладиган ўзгартиришларга олдиндан тайёрланинг:
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асосларини тасдиқлади (10.06.2026 й. АВ рўйхат рақами 3854-сон). Ҳужжат 2027 йил 1 январдан кучга киради ва 2024 йилдаги худди шундай ҳужжат ўрнини эгаллайди.
Янги нашрларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
Эътибор беринг
Материаллардан нусха кўчириш ва фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола берилган ёки таҳририятнинг ёзма рухсати олинган тақдирдагина йўл қўйилади.
Концептуал асослар нима учун керак
Ҳужжат МҲХСнинг Концептуал асосларига яқинлаштирилган бўлиб, молиявий ҳисоботнинг бўлажак миллий стандартлари (МҲМС) тизими айнан унга таянади.
Тасдиқланган Концептуал асослар мулкчилик шаклидан қатъи назар, Ўзбекистоннинг барча юридик шахсларига нисбатан қўлланади, жамоат манфаати ташкилотлари ва бюджет ташкилотлари бундан мустасно. Уларнинг мақсади қуйидагиларга ёрдам беришдир:
- молиявий ҳисобот тузувчиларига – муайян операция ёки бошқа ҳодисага нисбатан қўлланадиган стандарт мавжуд бўлмаганда ёхуд стандарт ҳисобга олиш усулини танлаш имконини берган ҳолларда изчил ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда;
- бошқа фойдаланувчиларга – МҲХС ва молиявий ҳисоботни тушуниш, шарҳлаш ва таҳлил қилишда.
Концептуал асослар ҳисобот элементлари (активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, даромадлар ва харажатлар) таърифларини, баҳолаш асосларини (дастлабки қиймат, ҳаққоний қиймат), ахборотни тақдим этиш ва очиб бериш тамойилларини ҳамда бошқа муҳим жиҳатларни мустаҳкамлайди.
МҲМСларни 2026–2027 йилларда ишлаб чиқиш
Концептуал асослар – кенг кўламли ислоҳотнинг биринчи қадами, холос. Эслатиб ўтамиз, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026–2027 йилларда амалдаги БҲМС ўрнига ишлаб чиқиладиган 33 та МҲМС лойиҳаси рўйхатини эълон қилди.
Республикада молиявий ҳисоботга нисбатан уч хил ёндашув амал қилиши режалаштирилмоқда:
- жамоатчилик манфаатларини ифодаловчи ташкилотлар учун – тўлиқ МҲХС;
- кичик ва ўрта бизнес учун – МҲХСга асосланган миллий стандартлар (МҲМС);
- ҳар қандай корхона учун – тўлиқ МҲХСни ихтиёрий қўллаш.
Бу ислоҳот профессионал ҳамжамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 2026 йил 21 май куни Тошкент шаҳрида молия мутахассисларининг II Республика форуми бўлиб ўтди ва ундаги асосий мавзулардан бири МҲМСга ўтиш масаласи бўлди.
Иштирокчилар муҳим бир муаммони қайд этишди: агар концептуал асос аллақачон мажбуриятни тан олишни талаб қилса-ю, тегишли МҲМС ҳали қабул қилинмаган бўлса, бухгалтер бир-бирига зид қоидалар орасида қолиб кетиши мумкин. Шу сабабли, тизимни бир бутун ҳолда жорий этиш тўғрироқ. МҲМСга босқичма-босқич ўтиш хатарлари ҳақида батафсил маълумотни молия мутахассисларининг II Республика форуми ҳисоботида ўқинг.
![]()