2027–2029 йилларда Ўзбекистонда режалаштирилаётган солиқ ўзгаришлари шарҳи

preview

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027–2029 йиллар учун Фискал стратегияни эълон қилди. Buxgalter.uz солиқ сиёсати ва маъмурчилигида режалаштирилаётган ўзгаришлар шарҳини тайёрлади:

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари

Т/р

Йўналиш

Режалаштирилаётган чора-тадбирлар

1

Даромаддан олинадиган солиқлар

Фойда солиғида айрим чиқимлар бўйича харажатларни чегириш ва кўрилган зарарларни ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

фойда солиғи ва ЖШДС бўйича айрим имтиёзларни қайта кўриб чиқиш;

юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги қарз операцияларига солиқ солишни бир хиллаштириш.

2

ҚҚС

ҚҚС занжирининг яхлитлигини ва узлуксизлигини таъминлаш учун имтиёзларни оптималлаштириш; ҚҚСни қайтариш механизмларини такомиллаштириш.

3

Акциз солиғи ва экология

Акциз солиғини ҳисоблаш тартибини такомиллаштириш ва ставкаларни инфляция даражасини инобатга олган ҳолда индексация қилиш;

«яшил солиққа тортиш» тамойиллари ва элементларини ишлаб чиқиш.

4

Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи

Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш натижасида аниқланган бозор баҳосига нисбатан солиқ солиш тизимини такомиллаштириш;

ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи ставкаларини инфляция даражасида ошириб бориш.

5

Солиқ имтиёзлари

Халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида «солиқ харажати»ни баҳолаш бўйича методология ишлаб чиқиш;

имтиёзлардан фойдаланишда мажбурий қўлланиладиган шартларни ишлаб чиқиш.

6

Бож тариф сиёсати

Божхона божи ставкаларини белгилаш ҳамда божхона божи бўйича имтиёзларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш.

 

Яширин иқтисодиётни қисқартириш

Фискал стратегияда таъкидланишича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кузатилмайдиган иқтисодиёт даражаси 2019 йилдаги 50 фоиздан 2025 йилга келиб 25 фоиз атрофигача камайди.

Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон Фармони билан қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланган: 2030 йилгача кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЯИМдаги улушини 1,3 бараварга қисқартириш, аҳолининг нақд пулсиз тўловлари улушини 75 фоизга етказиш ҳамда расмий бандликни кенгайтириш.

Кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини янада қисқартиришнинг асосий йўналишлари:

1) Расмий фаолият юритиш учун шароит яратиш:

  • фаолиятни амалга ошириш учун қулай ва соддалаштирилган шарт-шароитлар яратиш орқали тадбиркорлик субъектлари ва ўзини ўзи банд қилган шахсларни иқтисодиётнинг норасмий секторидан расмий секторга ўтишини рағбатлантириш;
  • солиқ солишнинг соддалаштирилган режимидан умумбелгиланган тартибга ўтиш шартларини кенгайтириш, тадбиркорларнинг йириклашиши учун тўсиқларни камайтириш;
  • фаолиятни кенгайтириш ва жозибадорликни ошириш учун бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчиларини жалб қилиш бўйича қўшимча енгилликлар бериш;
  • интизомли солиқ тўловчиларга назоратни камайтириш;
  • аҳоли ва тадбиркорларда солиқ тўлаш маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, уларга қонуний фаолият юритишнинг афзалликларини етказиш орқали солиқ тўлаш маданиятини янада ошириш.

2) Солиқ ва божхона маъмурчилигини рақамлаштириш:

  • солиқ ва божхона органлари томонидан тақдим этиладиган рақамли хизматлар ҳамда давлат органлари томонидан солиқ тўловчиларга кўрсатиладиган бошқа хизматларни кенгайтириш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари билан интеграцияни кенгайтириш орқали электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн назорат касса машиналари чеклари, рақамли маркировка ва бошқа маълумотларни таҳлил қилиш ва қайта ишлаш бўйича амалий кўникмаларни ошириш;
  • нақд пулли ҳисоб-китоблар даражаси юқори ва кузатувчанлик етарли бўлмаган секторларга алоҳида эътибор қаратиш (чакана савдо, умумий овқатланиш, қурилиш, кўчмас мулк ижараси, қишлоқ хўжалиги, йўловчи ва юк ташиш);
  • бизнесни сунъий равишда бўлиш, айланмани яшириш ва солиқлардан қочишнинг бошқа схемалари, норасмий бандликнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш;
  • ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини ва яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш тизимини яратиш.

3) Нақд пулсиз тўловлардан фойдаланишни рағбатлантириш орқали уларни кенгайтириш:

  • банк карталари, QR-тўловлар, мобил пул ўтказмалари ва электрон тўлов тизимларидан фойдаланишда қўшимча рағбатлантиришни жорий этиш орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ривожлантириш;
  • маркетплейсларни ривожлантиришни рағбатлантириш, улардаги сотувчиларга қўйиладиган талабларни жорий этиш, шунингдек электрон тўловларни қўллашни кенгайтириш ва солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш;
  • аҳоли учун нақд пулсиз тўловларни амалга оширишда, айниқса айланмалар яширилиши хавфи юқори бўлган соҳаларда янги рағбатларни жорий этиш;

4) Бандликни расмийлаштириш:

  • меҳнат қонунчилигини янада такомиллаштириш, ходимларни ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва улар билан меҳнат муносабатларини бекор қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш;
  • расмий ишга жойлашиш учун рағбатларни, шу жумладан расман банд бўлганларга кредитлар, ипотека, ижтимоий тўловлар ва меҳнат муҳофазасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш;
  • ходимларни ихтиёрий равишда легаллаштиришда иш берувчилар учун қўшимча рағбатлантириш чораларини жорий этиш;
  • норасмий бандларни, айниқса, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, транспорт каби соҳаларда аниқлаш учун таҳлил ва мониторинг ўтказиш;

5) Хавфларга йўналтирилган назорат:

  • мўлжалланаётган харажатлар ва кутилаётган натижалар нисбати асосида фаолият йўналишларини устуворлаштиришни назарда тутган ҳолда мавжуд ресурслардан, шу жумладан инсон ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. Бунда эътибор бир вақтнинг ўзида қонунбузарлик эҳтимоли ва бюджетнинг потенциал йўқотишлари юқори бўлган секторларга қаратилади;
  • солиқ қонунчилигига ихтиёрий риоя қилиш, солиққа оид хатоликларни олдини олиш ва ресурсларни энг кам сарфлаган ҳолда иқтисодий фаолликнинг муҳим улушини қамраб олиш даражасини ошириш;
  • илгари ҳисобга олинмаган хўжалик фаолиятини аниқлаш, ҳисобга олиш ва расмий иқтисодий айланмага жалб этиш йўли билан солиқ солинадиган базани кенгайтириш;
  • халқаро «TADAT» методологияси асосида солиқ назорати жараёнларини қайта кўриб чиқиш ва рақамлаштириш;
  • солиқ-божхона маъмурчилигини юқори даромадли мамлакатлар тажрибалари асосида такомиллаштириб бориш.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text216282_2027-2029_yillarda_uzbekistonda_rejalashtirilaetgan_soliq_uzgarishlari_sharhi