Ижтимоий солиқ: 2027-2029 йилларда бизнес учун нималар ўзгаради

preview

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2027-2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегияни тақдим этди, унда алоҳида бўлим пенсия тизимини ислоҳ қилишга бағишланган. Гап ижтимоий солиқнинг келгусидаги маъмуриятчилиги, имтиёзлар ва натижада иш ҳақи фондига солиқ юки ҳақида бормоқда. Батафсил маълумот buxgalter.uz сайтида.

Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

Эътибор беринг

Материаллардан нусха кўчириш ва улардан фойдаланишга фақат манбага фаол ҳавола ёки таҳририятнинг ёзма рухсати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

 

Ислоҳот нима учун керак

Фискал стратегия муаллифлари тўғридан-тўғри таъкидлашича, сўнгги йилларда Пенсия жамғармаси демографик омиллар ва аҳолини пенсия тизими билан қамраб олишнинг кенгайиши туфайли бюджет трансфертларига тобора кўпроқ боғлиқ бўлиб қолмоқда. Икки муаммо кўрсатиб ўтилди: норасмий бандлик туфайли даромадлар базасининг чекланганлиги ва юридик шахсларнинг айрим тоифалари учун ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар.

 

Нималарни ўзгартиришни таклиф қилишмоқда

1. Жамғарма қамровини кенгайтириш ва даромадларини ошириш

  • ижтимоий солиқ тўламайдиган рўйхатдан ўтган ўзини ўзи банд қилган шахсларни босқичма-босқич ижтимоий солиқ тўлашга ўтказиш;
  • расмий даромадга эга бўлган фуқароларга ишламайдиган оила аъзолари учун уларнинг меҳнат стажини шакллантириш мақсадида ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаш имкониятини яратиш;
  • жамғарма даромадларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ижтимоий солиқ бўйича янги имтиёзлар беришни чеклаш ва амалдаги имтиёзларни босқичма-босқич бекор қилиш.

 

2. Тўланган ижтимоий солиқ ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш

Иккинчи чора-тадбирлар блоки пенсияларни ҳисоблаш тамойилига тааллуқли бўлиб, биринчи навбатда ўртача маошдан юқори даромад олувчи ходимларга таъсир қилади:

  • ижтимоий солиқ билан бевосита боғлиқ бўлмаган ижтимоий харажатларни республика бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш режалаштирилмоқда;
  • иш ҳақи бўйича пенсияни ҳисоблашда ҳисобга олинадиган давр ходимнинг бутун меҳнат фаолияти давомидаги ҳиссасини тўлиқроқ акс эттириш мақсадида босқичма-босқич кенгайтирилади;
  • ҳозирда пенсияни ҳисоблашда иш ҳақининг юқори чегараси амал қилади, шу сабабли ўртача ва юқори маош олувчи ходимлар бир хил пенсия оладилар. Пенсия миқдорини ҳақиқатда тўланган ижтимоий солиқ билан боғлаш учун ушбу чегарани босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда;
  • электрон маълумотлар тўлиқ бўлмаган даврлар учун меҳнат стажини тасдиқлаш тартиби соддалаштирилади;
  • расмий бандликни рағбатлантириш мақсадида пенсияга чиқиш учун минимал иш стажини халқаро стандартларга мувофиқ босқичма-босқич ошириш режалаштирилмоқда.

3. Жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантириш

Алоҳида блок фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига бағишланган.

Фуқароларнинг жамғарган маблағларига ҳисобланадиган даромад фоизи тижорат банклари таклифидан паст бўлганлиги сабабли, ушбу тизимда ихтиёрий равишда иштирок этишга қизиқиш паст. Шунинг учун қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • кам таъминланган фуқароларнинг тўловларини давлат томонидан биргаликда молиялаштириш (матчинг) механизмларини жорий этиш,
  • юқори иш ҳақини қонунийлаштиришни рағбатлантириш (carve out).

Фуқароларнинг кексалик даврида қўшимча маблағ жамғаришини рағбатлантириш мақсадида жамғариб бориладиган пенсия тизимини такомиллаштириш ва унда иштирок этишнинг жозибадорлигини ошириш.

Жамғарилган маблағларни молиявий воситаларга жойлаштириш ва даромадлар тўғрисидаги маълумотлар чекланган. Тизимнинг шаффофлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ишончини ошириш мақсадида фуқароларга ўз пенсия жамғармаларини бошқаришда иштирок этиш имкониятини босқичма-босқич яратиш зарур.

 

Ҳужжат ҳозирча ислоҳот йўналишларини белгилаб беради. Аниқ ставкалар, муддатлар, механизмлар, имтиёзларни бекор қилиш ва ҳоказолар Солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мустаҳкамланиши керак.

 

 

Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солишга доир норматив ҳужжатлардаги янги ўзгаришлар Янгиликлар Янгиликлар /uz/publish/doc/text216295_ijtimoiy_soliq_2027-2029_yillarda_biznes_uchun_nimalar_uzgaradi