2021 йилда солиқ солишда нималар ўзгаради

preview

Молия вазирлиги "Солиқ сиёсатининг 2021 йилга мўлжалланган асосий йўналишларини қабул қилиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасига пресс-релизни эълон қилди. Батафсил – buxgalter.uz шарҳида.

Солиқ ставкалари

2021 йилда қуйидаги асосий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш назарда тутилмоқда:

  • ҚҚС - 15%;
  • фойда солиғи - 15%, солиқ тўловчиларнинг алоҳида тоифалари учун - 20%;
  • ЖШДС - 12%;
  • юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи - 2%;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ер солиғи - 0,95%;
  • ижтимоий солиқ: хўжалик юритувчи субъектлар - 12%, бюджет ташкилотлари - 25%;
  • айланмадан олинадиган солиқ, базавий ставка - 4%.

СК таркибига акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ставкаларини, шунингдек ушбу ставкаларни қўллаш билан боғлиқ айрим нормалар киритилади.

Акциз солиғи

Акциз бўйича импорт ва ишлаб чиқариш учун акциз солиғи аксарият ставкаларини тенглаштириш назарда тутилади. Фақат алкоголли маҳсулотлар, тамаки маҳсулотлари ва тайёр шакарни  импорт ва ишлаб чиқариш учун турли ставкалар сақлаб қолинади.

Мутлақ миқдорда белгиланган солиқ ставкалари 1 февралдан бошлаб индексация қилинади:

  • алкоголли маҳсулотлар, шу жумладан пивога, шунингдек тамаки маҳсулотлари учун 2 босқичда: 2021 йил 1 февралдан бошлаб - 2020 йилда уларни индексация қилиниши рад этилганлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳамда 2021 йил 1 сентябрдан - ўртача 7,5%га;
  • АИ-80 маркали бензин – октан сонидан қатъи назар 2022 йилда акциз солиғи ставкаларини тенглаштириш учун 20%га (жадал суръатларда);
  • дизель ёқилғиси, ЭКО, дизель ёқилғиси ва дизель ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи – 20%га.

Импорт бўйича 73 та товар позициясига акциз солиғини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Улар орасида - озиқ-овқат маҳсулотлари (20 турдаги товарлар -шарбатлар, пишлоқ, творог, маргарин, унли қандолат маҳсулотлари, колбаса ва шунга ўхшаш гўшт маҳсулотлари ва ҳ.к.), электротехника товарлари бўйича (35 турдаги товарлар - музлатгичлар, телевизорлар, газ плиталари, чангютгичлар, кир ювиш машиналари ва ҳ.к.) ва бошқа товар позицилари.

Мобиль алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шаxслар учун мобиль алоқа xизматлари учун акциз солиғи ставкаси 20%дан 15%гача пасайтирилмоқда.

Ҳушбўйлаштирувчи ёки ранг берувчи қўшимчаларсиз оқ шакарни Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга 20% ставка бўйича солиқ солиш таклиф қилинмоқда. Бунда, шакар ҳом ашёсини олиб киришга акциз солиғи солинмайди.

ҚҚС

Қонун лойиҳаси билан тушум ҳажмидан қатьи назар ҚҚС тўлайдиган корхоналар доирасини кенгайтириш назарда тутилган. Улар жумласига қуйидагилар киритилиши керак:

  • алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари;
  • бозорлар ва савдо комплекслари.

Амалдаги қоидаларга биноан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар бўлган даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва ЭҲФни қўллайдиган ҚҚС тўловчилар ҚҚСни ҳар чораклик асосида ҳисоблаш ва тўлашга ҳақли . Ушбу нормани келгусида ҳам сақлаб қолиш ва уни Солиқ кодексида доимий равишда назарда тутиш таклиф этилади.

Қонун лойиҳасида валюта тушуми суммаси тушишидан қатъий назар ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) ҚҚСни ҳисобга олиш имконияти назарда тутилмоқда. Бу консигнация (тўловни кечиктириш) шартлари билан экспортга товарларни жўнатишни амалга оширувчи экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга ва айланма маблағларини банд қилишни олдини олишга имкон беради. Бугунги кунда товарларни экспорт қилишда ноль даражали ставкани қўллаш экспорт қилинаётган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи банк кўчирмаси мавжудлиги билан шартланган .

ЖШДС ва ижтимоий солиқ

Пенсияларни ҳисоблаш тартибини соддалаштириш мақсадида жисмоний шахсларнинг айрим тоифаси учун ижтимоий солиқ ставкаларини унификация қилиш таклиф этилади. Хусусан, ўзини-ўзи банд қилган жисмоний шахслар, “Уста-шогирд” мактаблари ўқувчилари - улар 25 ёшга тўлгунига қадар ишлаган даври, деҳқон хўжаликлари, шунингдек меҳнат шартномаси асосида чет элда ёлланиб ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек савдо уйларида, ваколатхоналарда (шу жумладан юридик шахс ташкил этмасдан), Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан чет давлатларда ташкил этилган (очилган) ташкилотларда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига камида 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўлайдилар. Тўлочиларнинг ушбу тоифаси учун қонун лойиҳасида ижтимоий солиқни тўлаш муддатлари аниқлаштирилади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи

Қонун лойиҳасида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича камайтирилган ставканинг 0,2%дан 0,4%гача ва алоҳида объектлар ва ер участкаларига нисбатан юридик шахсларнинг ер солиғи ставкаларига қўлланиладиган камайтирувчи коеффициентнинг 0,1%дан 0,25%гача оширилиши назарда тутилмоқда. Бу уларни мол-мулк солиғи ва ер солиғининг базавий ставкага босқичма-босқич етказиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз: мол-мулк солиғи бўйича камайтирилган ставка ва ер солиғи ставкаларига камайтирувчи коэффициент аввал солиқ имтиёзлари берилган объектларга нисбатан 2020 йил 1 январдан киритилди.

Ер солиғи бўйича қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун, республика ҳудудлари кесимида мутлақ катталикда, уларни 15% индексация қилинишини ҳисобга олган ҳолда, базавий солиқ ставкаси белгиланмоқда. Солиқ ставкаларининг аниқ миқдори маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан уларнинг нуфузли туман ва иқтисодий ривожланишига қараб оширувчи ва камайтирувчи коэффициентларни қўллаган ҳолда белгиланган ставкалар асосида аниқланади.

Мева-сабзавотчилик қишлоқ хўжалиги корхоналарини 2021 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги экинзорларининг норматив қийматидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар каби ер солиғи ставкасини белгилаган ҳолда, ер солиғини ҳисоблаб чиқаришга қайтиш назарда тутилмоқда. Бу мазкур тоифадаги ерларга солиқ солишнинг яггона тартибини белгилаш имконини беради.

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича солиқ ставкаси солиқ тўловчиларнинг тоифалари кесимида, шунингдек белгиланган мақсадларда ишлатиладиган сув ҳажми қисмида белгиланмоқда. Бу солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ҳар хил мақсадлар учун ишлатиладиган сув ресурслари ҳажмининг ҳисобини алоҳида юритишни тақозо этади.

Солиқ ставкалари 15%га, иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари учун 30%га индексация қилинмоқда. Индексация қилиш мақсади - ставкаларни саноат корхоналари учун белгиланган ягона солиқ ставкасига босқичма-босқич етказиш.

Коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари учун сув ресусрларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йил даражасида сақлаб қолинмоқда.

Қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун ишлатиладиган сув ҳажми ва балиқларни ўстириш (етиштириш), шу жумладан деҳқон хўжаликлари учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича 1 куб метри учун 40 сўм ягона солиқ ставкаси белгиланмоқда.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича алоҳида қурилиш фойдали қазилмалари бўйича ставкалар унификация қилинмоқда. Бу норуда фойдали қазилма конларини ўзлаштириш ва уларни, айниқса дарё ўзанларидан, самарали қазиб олишини таъминлашга қўшимча шарт-шароитлар яратади.

Янги таҳрирдаги СК нормаларининг амалий таъсири ва самарадорлигини мониторинг ва таҳлил қилиш доирасида мутахассислар, тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек солиқ маслаҳатчилари ва экспертларнинг таклифларидан келиб чиқиб СКга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text165106_2021_yilda_soliq_solishda_nimalar_uzgaradi