Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Августда кучга кирадиган қонун ҳужжатларига киритилган 8 та ўзгартириш
Эртага янги ой бошланади, шу билан бирга қонунчиликка киритилган ўзгартиришларнинг янги пакети кучга киради. Buxgalter.uz асосий ўзгартиришлар бўйича шарҳни тақдим этади.
Шундай қилиб, август ойида:
1. ЖШДСдан озод қилинган тўловлар рўйхати кенгайтирилди
Фарзандларининг Республика таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади. Бунда фарзандларнинг ёши ва таълим муассасасининг тури чекланмаган, асосийси, у Ўзбекистонда жойлашган бўлиши лозим .
2. Тадбиркорларнинг ҳисобварақларидан маблағларни ноқонуний ечиб олганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида маъмурий ва жиноий жавобгарлик, айнан банк ҳисобварақларидаги пуллар билан “манипуляция” қилганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда . Ўзгартиришларни киритадиган Қонун 10 августдан кучга киради.
МЖТКга биноан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача жаримага сабаб бўлади.
Шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин жиноий жавобгарлик юзага келади. Жиноятнинг оғирлиги ва иштирокчилар сонига боғлиқ ҳолда жиноий жазонинг миқдори ва турлари ҳам қатъийлашиб боради. Жиноятнинг ушбу тури учун максимал жазо – 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
3. Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар учун янги талаблар кучга киради
Алкоголь маҳсулотларининг товар белгилари рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги 1 августдан бошлаб алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади .
4. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилади
Янги намунадаги маркаларга ўтиш жараёни 26.07.2023 йилдаги 313-сон ВМҚ билан регламентланган. Биз бу ҳақда бу ерда батафсил ёзганмиз.
5. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш ва истеъмол қилишга нисбатан янги чекловлар кучга киради
“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун 26 августдан эътиборан қуйидаги тақиқ ва чекловларни жорий этади:
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини 21 ёшдан кичик шахсларга сотиш тақиқланади. Сотувчилар ушбу ёшдан ёшроқ кўринган харидордан шахсини ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этишни талаб қилишлари шарт;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари қуйидаги тарзда реализация қилишини мумкин эмас:
савдо автоматлари воситасида;
болаларга мўлжалланган товарлар реализация қилинадиган хоналарда;
- алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, шу жумладан алкоголь маҳсулотлари қуйиб реализация қилиш рухсат берилган умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойлар истисно ҳисобланади;
- тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланадиган жойлар рўйхати белгиланди.
6. Ёшлар микроқарз ва субсидияларни дарҳол картага олишлари мумкин
Ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз шаклида ҳамда “Ёшлар дафтари” ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини 1 августдан бошлаб нақдлаштириш имкониятисиз алоҳида очилган банк картасига ўтказиш мумкин .
7. Ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик тизимларини модернизация қилиш бошланади
Президентнинг 10.04.2023 йилдаги ПҚ-118-сон қарорига асосан ижтимоий соҳанинг 5 722 та объекти тендер асосида хусусий секторни жалб қилган ҳолда кўмир ёқилғисига ўтказилади.
Хусусий субъектлар камида бир 1 йил синовдан муваффақиятли ўтган ва хизмат қилиш кафолати камида 15 йилни ташкил қиладиган қозонларни ўрнатиши мумкин.
Маҳаллий иситиш қозонлари ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хом ашё ва эҳтиёт қисмларини олиб киришда ҚҚСни 6 ой муддатга фоизлар ҳисобланмаган ҳолда бўлиб-бўлиб тўлашга ҳақли.
8. Пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилади
1 августдан бошлаб Президентнинг 28.07.2023 йилдаги ПФ-120-сон Фармонига биноан:
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 568 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 568 000 сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 198 000 сўм этиб белгиланади;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори – ойига 568 000 сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади