Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Дилшод СУЛТОНОВ: нима учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ислоҳ қилинмоқда
2022 йилдан бошлаб юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ базаси кўчмас мулк объектларининг белгиланган минимал қийматидан паст бўлиши мумкин эмас . Бу нима учун қилиниши ва келгусида солиқларда қандай ўзгаришлар рўй бериши ҳақида buxgalter.uz илтимосига биноан молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ гапириб берди:
- Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқаришда нима ўзгаради?
- “СКнинг 412-моддасига ўзгартиришлар киритилди. Кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати, 1 кв. м учун белгиланган минимал миқдордан паст бўлмаган қийматда солиқ ҳисоб-китоби учун база бўлиб қолади. Тошкент шаҳрида бу - 2,5 млн сўм, Нукус шаҳрида ва вилоят марказларида - 1,5 млн сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда - 1 млн сўмни ташкил этади.
Кўчмас мулк объектлари қийматининг белгиланган минимал миқдори линияли объектлар ва тугалланмаган қурилиш объектларига нисбатан қўлланилмайди.
Шу билан бирга, ҳамма туманлар ҳам ривожланган инфратузилмага эга эмаслигини инобатга олган ҳолда, Солиқ кодекси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига уни 2 бараваргача пасайтирган ҳолда туманларда ушбу қийматга камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқини берди.
- 1 кв. м минимал қийматининг келтирилган миқдори нимага асосланади?
- Президентнинг “Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6121-сон Фармонига мувофиқ Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида мол-мулк солиғи ва ер солиғини объектларнинг бозор қийматига асосланган кадастр қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариш механизмини жорий этиш бўйича тажриба-синов ўтказилди.
Кўчмас мулкни оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари шуни кўрсатдики, уй-жойнинг минимал бозор қиймати (бозорга яқинлаштирилган) бу туманда 1 кв. м учун 5,5 млн сўмни, тижорат кўчмас мулк объектлари бўйича эса - 6 млн сўмдан ортиқни ташкил этди.
Жорий этилаётган бир кв. метрнинг минимал қиймати - 2,5 млн сўм - кўчмас мулк объектларининг минимал бозор қийматининг 2 баробаридан анча паст.
- Уларда объектларнинг эскириши юқори бўлган ёки Тошкентнинг чекка қисмида жойлашган солиқ тўловчилар нима қилишлари керак?
- Яна таъкидлайман, Мирзо Улуғбек туманидаги яшаш учун мўлжалланмаган кўчмас мулк объектлари бўйича олинган баҳолаш натижалари - бу минимал бозор нархлари. Агар эскириш ҳақида гапирсак, ушбу нархларга 5 дан 15%гача тузатиш киритилиши мумкин.
Биз кўчмас мулк объектлари қийматига уларнинг жойлашган жойи жиддий таъсир кўрсатишини албатта инобатга олдик. Бунда 2,5 млн сўм қиймати - бу кўчмас мулк объектининг бошқа омиллардан “тозаланган” қиймати.
1 кв. м учун қурилиш харажатлари Тошкент шаҳрининг ҳар қандай туманида бугунги кунда юқори бўлади. Масалан, шаҳар марказида ёки четида 100 кв. метрлик дўконни қуриш харажатлари тахминан бир хил, бироқ унинг бозор қиймати жойлашган жойига боғлиқ ҳолда фарқланади. Масалан, тижорат кўчмас мулкининг қиймати шаҳар марказида 1 кв. м учун 17 млн сўмдан ортиқни ташкил қилади.
Шу боис биринчи босқичда объектнинг минимал қиймати - 2,5 млн сўм ҳисобида киритилди. Ўрта муддатли истиқболда солиқ солиш кўчмас мулк жойлашган жойни ҳисобга олган ҳолда кўчмас мулкка ягона солиқ (мол-мулк солиғи ва ер солиғи ўрнига) солиш орқали амалга оширилади. Халқаро амалиётга асосланган солиқнинг ўрта муддатли истиқболда жорий қилиниши Президент топшириғи билан солиқ тизимини янада такомиллаштириш доирасида назарда тутилган.
Шунга қарамай, биз минимал қиймат масаласига мослашувчан тарзда ёндашдик. Агар сиз қийматни белгиланган суммадан паст деб ҳисобласангиз, ўз объектингизни махсус компанияда мустақил баҳолашни буюртма қилишингиз мумкин. Бунинг учун сизда 9 ой бор. Агар баҳолаш натижалари бўйича қиймат белгиланган минимал қийматдан паст, масалан, 1,9 млн сўм бўлса, солиқни 2,5 млн сўмдан эмас, балки шу суммадан тўлаш лозим бўлади. Бироқ, агар баҳолаш натижалари бўйича 1 кв. м қиймати белгиланган минимал қийматдан юқори бўлса, солиқ тўловчи солиқни минимал миқдордан келиб чиқиб тўлайди. Мазкур чора мол-мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қиймати бир квадрат метрнинг минимал қийматидан кам бўлган солиқ тўловчиларга дахл қилади.
Қолдиқ қиймати белгиланган минимал миқдордан кам бўлган шахслар ўз кўчмас мулкларини қайта баҳолашлари мумкин. Агар компания илгари баҳолашни ўтказган, унинг натижалари бухгалтерия балансида ҳаққоний қиймат бўйича акс эттирилган ва у минимал қийматдан юқори бўлса, компания солиқни қолдиқ қийматдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши керак.
- Сиз солиқ маслаҳатчиларидан бирининг ҳисоб-китобини қандай шарҳлайсиз, унга кўра кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган 38 кв. м майдонли офис бўйича солиқ суммаси 11,4 марта оширилиб, янги тартиб бўйича йилига 1 425 минг сўмни ташкил этди? Бунда офис Тошкент марказида жойлашмаган.
- 1 кв. м нинг 7,6 млн сўм қийматидан келиб чиқиб, ушбу объектнинг дастлабки бозор қиймати - 287,3 млн сўм бўлади. Агар мазкур офис юридик шахс томонидан расман сотиб олинса, унинг баланс қиймати 287,3 млн сўмни ташкил этади (амортизацияга тузатиш киритиш билан). Ундан мол-мулк солиғи тўланиши керак эди - тахминан 4 млн сўм. Бироқ минимал қийматдан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китобда жами солиқ суммаси йилига 1 425 минг сўмни ташкил этади.
Ўтган йили мазкур объект бўйича 125 минг сўм тўланган, сабаби унинг қолдиқ қиймати 6,3 млн сўмни ташкил этган. Яъни солиқ суммасининг ўсиши юқори минимал қиймат туфайли рўй бермади - у бозор қийматидан деярли 3 баравар паст. Сабаби - 2021 йилда объект қийматининг жиддий - 45 баравардан ортиқ камайтирилишида ифодаланган.
Бунда яшаш учун мўлжалланмаган объектларга эга жисмоний шахслар ҳам мол-мулк солиғини минимал қийматдан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқаришади. Яшаш учун мўлжалланмаган объектларнинг кадастр қийматини аниқлаш бўйича тегишли ўзгартиришлар тайёрланади ва норматив ҳужжатларга киритилади.
- Мол-мулк солиғини ислоҳ қилишга тайёргарлик кўришда 1 кв. м нинг минимал қийматини қўллашнинг эҳтимолий оқибатлари таҳлил қилинди. Бу билан ўртоқлашсангиз.
- Республикада 60,5 мингдан зиёд мол-мулк солиғини тўловчилар мавжуд. Солиқ бўйича тушумларнинг катта улуши йирик солиқ тўловчиларга тўғри келади - мулкида 4 4 мингта объект бўлган 816 та юридик шахслар. 151 та объект бўйича солиқ суммаси ўзгармайди, 2,4 мингта объект бўйича солиқ мажбуриятлари солиқ ставкаси 200 млрд сўмга пасайиши нажтижасида камаяди, 1,7 мингта объект бўйича улар 490 млрд сўмга ошади, 126 та объект эса солиқ тўлашдан озод қилинган ёки ноль қолдиқ қийматга эга.
Умуман, солиқ суммаси ставканинг пасайишини ҳисобга олган ҳолда 21,5 мингта компания учун камаяди. 41 мингта компанияда солиқ мажбуриятлари ошади, улардан 25 мингта субъектда солиқ мажбуриятлари 30%га ошади.
7,2 мингта юридик шахсда солиқ суммаси ўзгармайди, 4,6 мингта компания эса ноль қийматни баён этиб, мол-мулк солиғини тўлашмади, бу объектни бозор қийматигача баҳолашни амалга ошириш зарурати тўғрисидаги талабга қарамай, уларга солиқдан қочиш имконини берди. Энди улар бошқа солиқ тўловчилар билан тенг шарт-шароитларда бўлишади.
Бу - баҳоланган маълумотлар, сабаби бир хил юридик шахслар ўз майдонларини кадастр органлари билан аниқлаштиришади, бошқалари мустақил баҳолашни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишади.
Барча туманлар ҳам ривожланган инфратузилмага эга эмаслигини ҳисобга олган ҳолда, Солиқ кодекси Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашларига уни 2 бараваргача пасайтирган ҳолда туманларда ушбу қийматга камайтирувчи коэффициент киритиш ҳуқуқини беради. Шу боис айрим туманларда 1 кв. м қийматининг минимал миқдорини камайтириш ҳисобига солиқ мажбуриятлари ҳам ўзгаради.
- Солиқ органлари баҳоловчилар томонидан ўтказилган кўчмас мулк объектлари қиймати ҳисоб-китобини текширмасдан қабул қилишадими? Бу ерда суиистеъмолчиликлар бўлмайдими?
- Ҳа, баҳолаш қиймати қабул қилинади ва кадастр маълумотлар базасига киритилади. Баҳоловчилар ҳисоб-китобларни ягона методология ва миллий стандартлар асосида амалга оширадилар. Албатта, турли ташкилотларда рақамлар фарқланиши мумкин. Агар айни бир туманда 1 кв. м қиймати жуда катта фарқланса, бу албатта эътиборни жалб қилади. Зарурат бўлганда, ҳисоб-китобларнинг ҳаққонийлигини қайта текшириш мумкин.
Бироқ буларнинг ҳаммаси барча кўчмас мулк объектларининг бозор қийматига асосланган оммавий баҳолашни ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилади, у ерда эса баҳолашдаги мумкин бўлган барча камчиликлар текшириб тўғриланади.
- Агар кўчмас мулкнинг майдони тўғрисидаги кадастр маълумотлари мулкдорнинг маълумотларига тўғри келмаса, у нима қилиши керак?
- Маълумотлардаги фарқлар кўчмас мулк объектининг ўзгариши (бузиш, қўшимча қуриш, янги қурилиш) муносабати билан пайдо бўлиши мумкин. Шу боис ўтиш даври жорий этилмоқда. Яъни 2022 йил 1 февралга қадар барча Мол-мулк солиғи суммаси тўғрисидаги маълумотномани ҳисоб-китоблар билан, илгаригидек, объектларнинг қолдиқ қийматидан келиб чиқиб, қийматининг минимал миқдорларини ҳисобга олмасдан топширишга ҳақли. 2022 йилнинг 1 апрелига қадар - аниқлаштирилган маълумотномани тақдим этиш муддати - солиқ тўловчилар Кадастр агентлиги билан биргаликда ўз кадастр ҳужжатларига аниқлик киритишлари ва (ёки) мустақил баҳолашни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилишлари керак. Мазкур чоралар юридик шахсларга тегишли барча объектлар маълумотларини тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлайди.
Объектнинг майдони тўғрисидаги маълумотларни davreestr.uz сайтида кадастр рақамини киритган ҳолда текшириш мумкин.
Солиқ тўловчи 2022 йил 1 апрелга қадар кўчмас мулк объектларини мустақил баҳолашни ўтказиши ёки 1 кв. м нинг минимал қийматидан келиб чиқиб солиқни тўлаши ҳақида солиқ органларини хабардор қилиши керак. Агар баҳолашга қарор қилган бўлсангиз, буни 2022 йил 1 октябрга қадар амалга ошириш лозим.
Баҳолашни ўтказиш учун даврнинг мавжудлиги баҳолаш ташкилотлари хизматларига оширилган талабни юзага келтирмаслик имконини беради.
Агар солиқ тўловчи баҳолашни ўтказишни баён қилган бўлса ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ва мол-мулк солиғи бўйича аниқлаштирилган маълумотномани 2022 йил 1 октябрга қадар тақдим этмаган бўлса, солиқ мажбуриятлари 1 кв. м нинг минимал қийматидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.
Мустақил баҳолаш якунлангандан кейин ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органига 2022 йил учун юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотномани, шунингдек баҳолаш ташкилоти ҳисоботининг нусхасини топшириш зарур.
- Солиқ тўловчи 1 кв. м нинг қиймати унда белгиланган минимал қийматдан паст деб ҳисоблайди ва солиқ органини мустақил баҳолаш тўғрисида хабардор қилади, деб фарз қилайлик. У баҳолашни ўтказгунга қадар солиқни қандай тўлаши керак?
- Агар у солиқ органини қайта баҳолаш тўғрисида хабардор қилса, баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботини олгунча солиқни эскича тартибда тўлайди. Ҳисоботни олгач, у йил бошидан қайта ҳисоб-китобни амалга ошириши керак.
- СКнинг 4-моддасига асосан янги солиқлар ва йиғимлар белгиланишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари расман эълон қилинган кундан эътиборан камида 3 ой ўтгач амалга киритилади. Солиқ имтиёзларини бекор қилишни, янги мажбуриятларни жорий этишни, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни ёки солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини бошқача тарзда оғирлаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳам худди шундай тартибда амалга киритилади. Ушбу нормалар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича ўзгартиришларга ҳам татбиқ қилинадими?
- Қоидага кўра, қонунлар ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда у ёки бошқа нормаларни амалга киритиш муддати кўрсатилади. Жумладан, СКнинг 223-моддасига киритиладиган жавобгарлик чоралари 2022 йил 1 июлдан кучга киради.
Бундан ташқари, СКнинг 4-моддасида белгиланишича, солиқ имтиёзларини бекор қилишни, янги мажбуриятларни жорий этишни, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни ёки солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини бошқача тарзда оғирлаштиришни назарда тутувчи нормалар расман эълон қилинган кундан эътиборан камида 3 ой ўтгач амалга киритилади. Бироқ мол-мулк бўйича ўзгартиришлар янги солиқ жорий қилинишини, имтиёзни бекор қилишни ёки жавобгарлик чораларини кучайтиришни ёхуд солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини бошқача тарзда оғирлаштиришни назарда тутмайди. Мазкур норма мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашга тааллуқли. Хусусан, солиқ тўловчиларнинг тоифаси ва солиқ солиш объекти ўзгармайди. Кўчмас мулк объектининг минимал қиймати - яъни унинг минимал қолдиқ қиймати киритилади. Илгари мазкур қоида тўлиқ эскирган кўчмас мулк объектига нисбатан татбиқ этилган.
Солиқ суммасини ҳаққоний қолдиқ қийматидан келиб чиқиб аниқлашга қаратилган солиқ солиш базасидаги ўзгартиришлар солиқ солиш шартларини оғирлаштириш сифатида ҳисобланиши мумкин эмас.
Бунда солиқ тўловчига, агар у 1 кв. м нинг минимал қийматига рози бўлмаса, мустақил баҳолашни ўтказиш ҳуқуқи берилган.
- Ислоҳот натижасида нималарга эришиш кўзланмоқда?
- Энг аввало - кадастр ҳисобининг тўлиқлигига ва ҳаққоний солиқ базасига эришиш. Кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолаш бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан воз кечиш ва бозор нархлари ва бошқа баҳолаш усулларидан келиб чиқиб аниқланадиган кадастр қийматига ўтишни назарда тутади.
Тегишинча, 2,5 млн сўм миқдорида минимал қийматнинг жорий қилиниши - бу кадастр қиймати бўйича ишларни ташкил қилишдаги биринчи қадам. Шунингдек, якка тартибда баҳолаш бўйича катта ҳажмда маълумотлар тўплаш режалаштирилмоқда. Айниқса бу бозор қиймати етарли ривожланмаган ҳудудларда долзарбдир.
Кўзланаётган чоралар биринчидан, солиқни кўчмас мулк объектлари қийматидан келиб чиқиб адолатли тақсимлашга эришиш имконини беради. Иккинчидан - инсофли ва инсофсиз солиқ тўловчилар учун солиқ юкини тенглаштиради. Учинчидан - бу ҳалол рақобат учун шароитлар яратиш имконини беради”.