Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Электротехника тармоғи корхоналарининг имтиёзлари узайтирилди ва янгилари берилди
Президентнинг 30.05.2019 йилдаги «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4348-сон қарори қабул қилинди.
Устуворликлар рақамларда
Ҳужжат билан электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгиланган, 2019–2020 йиллар учун «Йўл харитаси», шунингдек 2019–2021 йилларда амалга ошириладиган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари, маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш тавсия этилаётган маҳсулот турларининг рўйхатлари тасдиқланган.
Бир ой муддатда электротехника саноатини жадал ривожлантириш дастури қабул қилинади. Унда, хусусан, мисни қайта ишлаш ҳажмини – 5 баравар, электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини – 2 баравар, электротехника ва электромаиший маҳсулотлар экспорти ҳажмини 4 баравар ошириш, шунингдек камида 15 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш назарда тутилади.
Тармоқ корхоналарига преференциялар
2019 йил 1 июлдан тармоқда янгича тартиб амал қила бошлайди:
биринчидан, электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг давлат харидлари, шу жумладан стратегик субъектлар томонидан амалга оширилишида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 20%гача нарх преференцияси қўлланилади;
иккинчидан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни «тайёр ҳолда топшириш» шартлари асосида қуриш ёки реконструкция қилиш бўйича тендер ҳужжатларида пудратчи томонидан республикада ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар сотиб олиш назарда тутилади;
учинчидан, электротехника саноати тармоғи корхоналари учун қуйидагилар белгиланади:
- ўзлари ишлаб чиқарган электротехника ва электромаиший маҳсулотларни экспорт қилиш операциялари бўйича муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати – БЮД расмийлаштирилган санадан бошлаб 180 кун этиб;
- ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун технологик ускуналарни республикага олиб кириш ва «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштириш ёки импорт контрактлари бўйича улар учун тўланган пул маблағларини қайтариш муддати – импорт контрактлари бўйича тўлов амалга оширилган кундан бошлаб 270 кун этиб;
тўртинчидан, кредит суммаси ва валюта туридан қатъи назар, электротехника саноати тармоғи корхоналари томонидан республикада ишлаб чиқарилмайдиган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун маҳаллий тижорат банкларидан олинадиган кредитларнинг экв. $1 млн дан ошмаган қисми бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган фоиз ставкасининг 50%и миқдорида, лекин кредит ставкасининг 5 фоизлик пунктидан ошмаган миқдорда 2 йил мобайнида қопланади.
Солиқ ва божхона имтиёзлари
«Ўзэлтехсаноат» уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январгача ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божлари тўлашдан озод этилди.
Бундан ташқари, ТИФ ТН кодлари 7407–7410 ва 7412–7419 гуруҳлари бўйича мисдан ясалган маҳсулотлар экспортига ҚҚСнинг ноль ставкасини харид қилинган мис бўйича солиқ суммасининг 50%ини ҳисобга киритиш, қолган ярмини корхона харажатларига ўтказиш тартиби худди шу санага қадар узайтирилди. Аввалбошдан имтиёз 2020 йилнинг 1 январига қадар қўлланиши назарда тутилган эди.
Молиялаштириш
2019-2020 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига 20 млрд сўм бюджет маблағлари тушади. Давлат томонидан молиялаштиришдан грантлар ажратиш, стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларни жорий этиш бўйича харажатларнинг 50%ини қоплаш (лекин битта ҳолат бўйича экв. $20 мингдан кўп бўлмаган миқдорда), халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50%ини қоплаш (лекин битта ҳолат бўйича экв. $10 мингдан кўп бўлмаган миқдорда) учун фойдаланилади ва ҳ.к.
2019-2021 йилларда электротехника саноати соҳасидаги халқаро стандартларни қабул қилиш учун 3,6 млрд сўм йўналтирилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.06.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.