Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Иш ҳақини натура шаклида қандай тўлаш керак
Иш берувчи фақат ходимнинг ёзма розилигига асосан ва белгиланган ҳолларда меҳнатга “натура шакли”да ҳақ тўлашга ҳақлидир. Вазирлар Маҳкамаси 13.07.2023 йилдаги 286-сон қарори билан ушбу амалиётни регламентлади.
Шундай қилиб, ходимнинг ёзма розилигига асосан қуйидагилар билан меҳнатга натура шаклида ҳақ тўланиши мумкин:
- иш берувчи томонидан ишлаб чиқарилган ва етиштирилган озиқ-овқат ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан – уни ишлаб чиқаришда иштирок этадиган ходимларга;
- озиқ-овқат ва вақтинча уй-жой шаклида – уй хўжалигини юритиш учун ёлланган ходимларга.
Иш ҳақини натура шаклида тўлаш шарти меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлиши керак.
Иш ҳақининг натура шаклидаги умумий суммаси 30 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Бунда Меҳнат кодексининг 269-270-моддаларида назарда тутилган ушлаб қолишлар миқдори ҳисобга олинади. Ходимнинг ёзма розилигидан қатъи назар унинг иш ҳақидан:
- 50 фоизгача миқдорда ушлаб қолинса – ходимга натура шаклида тўланадиган иш ҳақининг умумий суммаси 10 фоиздан ортиқ бўлиши мумкин эмас;
- 50 фоиздан ортиқ миқдорда ушлаб қолинса – ходимга иш ҳақини натура шаклида тўлаш тақиқланади.
Ходимларга иш ҳақини натура шаклида тўлашда қуйидагиларни инобатга олиш лозим.
Ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонунчиликда ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаслиги керак.
Қишлоқ хўжалиги товар ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилаётган маҳсулотларнинг нархи уларнинг таннархидан юқори бўлиши мумкин эмас.
Алкоголь, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, каннабис ўсимлиги ҳамда қонунчиликда реализация қилиш (бериш) тақиқланган ўсимлик ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлаш тақиқланади.
Уй хизматчиларини ёллаган иш берувчилар томонидан тақдим этилаётган озиқ-овқатлар нархи ва уй-жойдан вақтинча фойдаланганлик учун тўловлар миқдори ҳақиқий бозор нархидан юқори бўлиши мумкин эмас.