Мажбурий тиббий суғурта қанчага тушади

preview

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҚҲТБТ порталида «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини эълон қилди, у 2021 йил 1 январдан кучга кириши керак.

Таклиф этилаётган қонуннинг мақсади Ўзбекистон фуқароларининг малакали тиббий ёрдам олиш ҳамда мажбурий тиббий суғуртанинг (МТС) ҳуқуқий, ташкилий, молиявий асослари ва тамойилларини белгилаш учун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида МТС соҳасида юзага келадиган жамоатчилик муносабатларини тартибга солиш.

МТСнинг асосий тушунча ва тамойиллари белгиланди. Тушунчалар аппарати бепул тиббий-ижтимоий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми, тиббиёт муассасалари, уларнинг турлари, тиббий хизмат ва бошқа тавсифларни ўз ичига олган.

Ушбу соҳанинг ижтимоий аҳамиятини инобатга олган ҳолда тиббий хизматлар давлат харидлари, суғурта ва суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари амал қилиш соҳасидан ташқарида харид қилинади.

МТСнинг асосий тамойилларига қуйидагилар киради:

  • ижтимоий мақоми ва киритган йиғими (бадали) миқдоридан қатъи назар, барча суғурталанган шахслар тиббий хизматлардан тенг фойдаланади;
  • тиббий хизматлардан ҳудудларда тенг фойдаланилади;
  • ҳамёнбоп ва сифатли тиббий хизматлар кўрсатилади.

Лойиҳа тиббий ресурслардан тенг фойдаланишни, ўз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдан манфаатдорликни таъминловчи мотивация дастурларини жорий этиш йўли билан саломатликни сақлаш учун фуқароларнинг жавобгарлигини оширишга ҳам йўналтирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан мажбурий тиббий суғурта учун йиғим ва бадаллар миқдорини Президент тасдиқлайди.

Қонун кимларга татбиқ этилади

 Қонун қуйидагиларга нисбатан амал қилади:

  • бепул тиббий ёрдам ва МТСнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган суғурталанган шахслар;
  • иш берувчи бўлган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, якка тартибдаги тадбиркорлар, тиббий хизматларни етказиб берувчилар, Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси (бундан кейин – Жамғарма), давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек МТС соҳасида фаолият юритувчи бошқа шахслар.

Ўзбекистон фуқаролари, бу ерда доимий яшовчи хорижий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва уларга тенглаштирилган шахслар, шунингдек кириш «инвестиция визаси» олган хорижий инвесторлар, уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари ва фарзандлари мажбурий тиббий суғурталанишлари лозим бўлади.

Суғурталанган шахслар, тўловчилар, аккредитацияланган тиббий хизматларни етказиб берувчилар ва Жамғарма мажбурий тиббий суғурта субъектлари ҳисобланади.

Жамғарма бюджети қуйидагилар ҳисобидан шакллантирилади:

  • аҳолини тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми билан таъминлаш харажатларини қоплаш учун ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари;
  • мажбурий тиббий суғуртани қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан белгиланадиган мажбурий солиқлар ва йиғимлар;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон ҳудудида бўлган барча жисмоний шахслар шошилинч тиббий ёрдам олишга ҳақли бўлади.

Суғурталанган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш

Тиббий хизматларни етказиб берувчини танлаш ҳуқуқини қайд этган ҳолда уларни кўрсатиш, суғурталанган шахсларни бошқа етказиб берувчига қайта йўналтириш таомиллари, иккиламчи фикр олиш ҳуқуқи, суғурталанган шахслар ҳисобини юритишнинг асосий қоидалари, биргаликда тўловларни амалга ошириш ва ахборот махфийлиги тартиби белгиланади.

Лойиҳага мувофиқ, тиббий ёки бошқа кўрсатмалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, суғурталанган шахслар тиббий хизматлардан фойдаланиш учун сўралаётган тиббий хизматларни кўрсатиш шартномаси тузилган етказиб берувчига мурожаат қилишга ҳақли. Суғурталанган шахс етказиб берувчига мурожаат қилганда шахсини тасдиқловчи гувоҳномани ва, мавжуд бўлган тақдирда, суғурта полиси, тиббиёт картаси ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларни тақдим этиши шарт, шошилинч ёрдам кўрсатиш ҳоллари бундан мустасно.

Етказиб берувчи суғурталанган шахсда тиббий кўрсатмалар, суғурта полиси, тиббиёт картаси ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги сабабли қабул қилишни рад эта олмайди. Етказиб берувчи тузилган шартномага мувофиқ сўралаётган тиббий хизматни кўрсатмаса, мурожаат қилиш далилини қайд этади, шунингдек сўралаётган тиббий ёрдамни олиш учун шахс қайта йўналтирилган етказиб берувчини кўрсатади. Шахс қайта йўналтирилган етказиб берувчи суғурталанган шахсга сўралаётган хизматни кўрсатиши шарт.

Алоҳида хизмат учун биргаликда тўлов назарда тутилган бўлса, шахс етказиб берувчига белгиланган миқдорда ҳақ тўлаши, у суғурталанган шахс томонидан биргаликда тўловни олганидан кейин уни кўрсатиши шарт. Қонун лойиҳасига кўра: биргаликда тўлов – Жамғарма ва суғурталанган шахс томонидан солидар тартибда кўрсатилган тиббий хизматлар учун тўланиши лозим бўлган сумма.

Маблағ қаердан олинади

Ўзбекистонда тиббиётнинг бюджет модели амал қилади. Аҳоли солиқларни тўлайди, уларнинг бир қисми соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги МТСни жорий этиш заруратининг иқтисодий асосланмасида соғлиқни сақлашга жами харажатлар қўшимча ҳажмини шакллантиришнинг 2 та вариантини келтирган.

1. «МТСга ажратмалар ва қатъий белгиланган бадаллар миқдори – 2% ва 1 ЭКИҲ». У 2021 йилдан Ўзбекистонда ёлланма ходимлар номинал иш ҳақидан 2% миқдорида ажратмалар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан 1 ЭКИҲ миқдорида қатъий белгиланган бадаллар МТС тизимига жорий этилишига асосланган.

Чунончи, 2021 йилда жами тушумлар 1 211 млрд сўмни, 2022 йилда 1 297 млрд сўмни, 2025 йилда 1 576 млрд сўмни ташкил этиши мумкин. 2021 йилда соғлиқни сақлашга жами харажатлар аҳоли жон бошига 444 минг сўмни, 2022 йилда 453 минг сўмни, 2025 йилда 570 минг сўмни ташкил этади. 2017 йилги даража билан солиштирганда 2025 йилда улар 2,5 баравар ошади.

2. «Тамаки ва алкоголли ичимликлардан, Пенсия жамғармаси ҳисобидан – МҲТФнинг 0,5%и, якка тартибдаги тадбиркорларнинг бадаллари ҳисобидан – 2 ЭКИҲ МТСга ажратмалар ва қатъий белгиланган бадаллар миқдори».

Ушбу вариант алкоголь ва тамаки ишлаб чиқарувчиларнинг фойдасига катта таъсир кўрсатмайди, сабаби 0,5 л сиғимга эга 1 шиша ароқ учун йиғим миқдори 250 сўмни, 1 шиша пиво учун 100 сўмни, фильтрли ва фильтрсиз 1 қути сигарета учун 20 сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқарувчи ушбу харажатларни маҳсулот қийматига киритса, уни истеъмолчи тўлайди.

Истеъмолчи ҳам нарх ошганини сезмайди, сабаби жорий этилган йиғим улуши ўрта ҳисобда қуйидаги миқдорни ташкил этади:

  • 0,5 л сиғимга эга ҳар бир шиша ароқнинг тахминан 1,25%и, пивонинг эса 2%ини;
  • фильтрли сигарета ҳар бир қутисининг 0,25%и, фильтрсизининг 0,57%ини.

Якка тартибдаги тадбиркорларнинг бадалларидан Жамғармага тушумлар ҳажми 2021 йилда 161 млрд сўмни, 2022 йилда 175 млрд сўмни, 2025 йилда 224 млрд сўмни ташкил этиши мумкин. Соғлиқни сақлашга жами харажатлар аҳоли жон бошига 2021 йилда 511 минг сўмни, 2022 йилда 524 минг сўмни, 2025 йилда 652 минг сўмни ташкил этади. 2018 йилги даража билан солиштирганда 2025 йилда улар 2,9 баравар ошади.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Константин Мосин.



 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text152068_majburiy_tibbiy_sugurta_qanchaga_tushadi