ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
НҲҲ лойиҳасида яширин иқтисодиёт тўғрисида 7 та муҳим янгилик
Президентнинг “Тадбиркорлик соҳасида соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантириш ҳамда иқтисодиётда яширин айланмаларни қисқартиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳасини муҳокама қилиш 12 декабрга қадар давом этади. У қабул қилингандан кейин нималар ўзгариши мумкин?
1. Юқори хавф мавжуд корхоналар қайта рўйхатдан ўтолмайдилар
Қуйидагилар қўшиб олиш ёки қўшиб юбориш йўли билан қайта ташкил этиш доирасида қайта рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлади:
- қўшиб олинаётган ёки қўшиб юборилаётган юридик шахснинг БҲМнинг 50 бараваридан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги;
- амалга оширилган товарлар айланмаси ёхуд товарлар импорти бўйича реализация ҳажмининг солиқ ҳисоботларида тўлиқ акс эттирилмаслик, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаслик.
2. Бир қўлга - фақат битта ЭРИ калити
Шахс номига очиладиган ЭРИ калитлари сони чекланди. Шунингдек, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган айрим хизмат турлари бўйича жисмоний шахсларни биометрик идентификация қилиш тизимини жорий қилиш режалаштирилмоқда.
3. Жарима солинганларга 3 йил янги бизнес очиш тақиқланади
2022 йил 1 майдан сохта тадбиркорлик, сохта банкротлик, банкротликни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш, солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш ва бошқа “оғир қилмиш”ларни содир этган корхоналарнинг таъсисчи ва раҳбарлари 3 йилгача янги ташкилотни ташкил этишлари мумкин эмас.
4. Қарздорликни сўндириш жавобгарликдан озод қилади. Бироқ - ҳаммани эмас...
2022 йил 1 майдан бошлаб солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятни содир этган шахс томонидан етказилган зарар, мавжуд солиқ қарзини, пенялар ва бошқа молиявий санкцияларни тўлиқ қоплаган тақдирда суд қарори чиқарилгунга қадар жавобгарликдан озод қилинади. Такроран ва жуда кўп миқдорда ҳуқуқбузарлик содир этиш ҳолатлари истисно ҳисобланади.
5. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган қурилиш-монтаж ишлари алоҳида назорат остига тушади
Тажриба-синов тариқасида Бухоро ва Наманган вилоятларида марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган ҚМИнинг ғазначилик кузатуви амалга оширилади.
6. Тадбиркорлар “юқори хавф” рўйхатига киритишганини биринчи бўлиб билишади
2022 йил 1 майдан бошлаб юқори хавф тоифасига киритилган тадбиркорлик субъектларининг очиқ эълон қилинадиган рўйхати пайдо бўлади. Шунингдек, солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали бундай тоифага киритилиши сабабларини маълум қилиш тартиби ишлаб чиқилади.
7. 2022 йил 1 октябрдан хизматлар истеъмолчиларининг очиқ рейтинги ишга туширилади
2022 йил 1 октябрдан бошлаб
очиқ эълон қилинадиган, кўрсатилган хизматлар бўйича истеъмолчилар, шу жумладан давлат органлари томонидан аниқланган қонунбузиш ҳолатлари бўйича баҳоланадиган тадбиркорлик субъектлари рейтинги жорий қилинади.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади