Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Спирт, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари айланмаси автоматлаштирилган тарзда назорат қилинади
19 июндан истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ва уларнинг айланмасини назорат қилиш бўйича «таҳлика-таҳлил» тизими фаолият юрита бошлайди .
Янги тизим яқин орада ишлаб чиқилади ва жорий йилнинг 1 майигача Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси (бундан кейин – Инспекция) фаолиятига жорий этилади.
«Таҳлика-таҳлил» тизимида истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда маҳсулот ишлаб чиқарилиши ва уларнинг айланмаси соҳасида ҳуқуқбузарлик хавфи автоматик тарзда (инсон омили аралашмаган ҳолда) таҳлил қилинади.
Тизим Инспекциядаги мавжуд ички ҳамда МВ, ДСҚ ва ДБҚ томонидан тақдим этилган ташқи маълумотларга асосан қуйидагиларни таҳлил қилади:
- лицензия талаблари ва шартларининг бузилишини;
- сарфланган хом ашё ва ёрдамчи материалларнинг тайёр маҳсулотга нисбатан мутаносиблигини;
- маҳсулотларни сақлаш, транспортда ташиш ва реализация қилишда ҳужжатлар бўлмаслиги ҳолатларини;
- истеъмол этил спиртини ишлаб чиқарувчи корхоналарда маҳсулот намуналарининг синовдан ўтказиш натижалари бўйича қайта ишлаб чиқариш жараёнига қайтарилишини;
- маҳсулотларни маркировкасиз ёки қалбаки акциз маркалари билан реализация қилиш ҳолатларини;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг айнан бир ташкилот фаолиятидан норозилигини ва ҳ.к.
Олинган маълумотлар асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши тўлиқ таҳлил қилинади, бунинг натижасида балли тизим орқали ҳуқуқбузарлик хавфи даражаси баҳоланади. Ҳуқуқбузарлик хавфи даражасининг балли тизими Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бундан кейин – ваколатли орган) билан келишилган ҳолда Инспекциянинг буйруғи билан тасдиқланади.
Таҳлил ва баҳолаш натижаларига кўра тадбиркорлик субъектлари 3 тоифага бўлинади: ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори, ўртача ва паст бўлган ташкилотлар. Инспекция уларнинг рўйхатини шакллантириб, қуйидаги чораларни кўради:
- ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи юқори бўлган субъектларга нисбатан – текшириш ўтказиш юзасидан ваколатли органга мурожаат қилади;
- ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўртача бўлган субъектларга аниқланган тафовут ҳамда камчиликлар батафсил баён қилинган ёзма хабарнома юборади. Ташкилот камчиликларни бартараф этмаса ва асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинган жавоб хати юбормаса, Инспекция текшириш ўтказиш юзасидан ваколатли органга мурожаат қилади;
- ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст бўлган ташкилотларга Инспекция текшириш ўтказмаган ҳолда аниқланган камчиликлар баён қилинган ёзма хабарнома юборади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 19.06.2020 йилдан кучга киради.
Ленара Хикматова.