Туризм учун янги имтиёзлар

preview

Президент томонидан 28 май куни пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармон имзоланди. 2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб “яшил” ва “сариқ” тоифадаги ҳудудларда (бу ерда ва бу ерда қаранг) яна  туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда соҳанинг бошқа ташкилотлари фаолиятини бошлайди. Шарти - санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этиш. Кириш туризми босқичма-босқич тикланади. Шунингдек, янги Фармон солиқ имтиёзлари ва давлат кўмагининг бошқа чораларини жорий этади. Батафсил -  юридик масалалар бўйича  «Норма» эксперти Олег ЗАМАНОВнинг шарҳида:

- Биринчидан, туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари учун:

  • 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50%га камайтирилади;
  • 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда келгусига ўтказиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Маълумот учун: жойлаштириш воситалари – бу меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва меҳмонхона хизматлари - вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар, шунингдек, тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти транспорти.

Иккинчидан, жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга  - солиқ органларини хабардор қилиш ва кейинчалик йиғимни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш билан фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.

Учинчидан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қўшимча молиялаштириш назарда тутилган:

а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда - қуйидагиларга (Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси томонидан мезонлар белгиланади) 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар:

  • туроператорларга - 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига - ҳар бир ётоқ ўрни учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида;

б) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги “стартап” лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, ахборот дастурлари ва хизматларини  - умумий 1,5 млрд сўм миқдорида қисман субсидиялаш;

в) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда  - грантлар ажратиш:

  • ҳудудларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30%и, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 млн сўм, туроператорлар учун 10 млн сўм миқдорида.

Тўртинчидан, давлат томонидан қўшимча кўмак кўрсатиш:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш:

  • жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари. 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда субсидиялар фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмига берилади;
  • янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;
  • айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

б) жойлаштириш воситаларини субсидиялаш кўринишида - 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и миқдорида;

в) Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • Ўзбекистон резидентлари – туроператорлар ва турагентларга рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш. Тўлов миқдори -  олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун 15 АҚШ доллари миқдорида. Бунда у Ўзбекистонда камида 5 сутка бўлиши керак (истисно - компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлар). Кўмак кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар амалга оширилади;
  • туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30%и миқдорида қисман субсидиялаш кўринишида. Шарт - 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунаб қолиши. Кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан 2020 йил 31 декабрга қадар тўланади;
  • 2021 йил 1 июнга қадар - меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан қоплаш. Қоплаш суммаси меҳмонхонанинг “юлдузи”га боғлиқ ҳолда ҳар бир хона учун ҳисобланади: 3 юлдузли - 5 млн сўм, 4 юлдузли - 10 млн сўм, 5 юлдузли -  15 млн сўм.

Бешинчидан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтирилади.

Олтинчидан, 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган қуйидагилар учун  божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва ҚҚСдан ташқари) озод этилади:

  • дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари;
  • бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар;
  • ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларга хушхабар – уларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.

Олег ЗАМАНОВ

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text160132_turizm_uchun_yangi_imtiezlar