Ўзбекистонда 2024 йил 1 июндан нималар ўзгаради

preview

Ўзбекистонда 2024 йил июнь ойида кучга кирадиган қонунчиликка ўзгартиришларнинг анъанавий шарҳини тайёрладик.

 

Материалларимизни телеграм-каналда кузатиб боринг.

 

Ҳужжатларсиз ер участкалари учун жисмоний шахслар уч карра ставка бўйича тўлайдилар

2024 йил 1 июнда ер участкаларидан ҳужжатларсиз фойдаланаётган жисмоний шахсларга ер солиғининг 3 карра оширилган ставкасида ер солиғи ҳисоблаш тартибини тўхтатиб турган меъёрнинг амал қилиш муддати тугайди (14.06.2023 й. ПҚ-192-сон). Энди ер участкаларини расмийлаштиришга улгурмаган жисмоний шахслар оширилган ер солиғи тўлашади.

 

Иш берувчилар мигрантлар учун субсидия олишлари мумкин

Меҳнат миграциясидан қайтган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир ишга олинган бундай ходим учун 12 ой давомида ойига 500 минг сўмдан субсидия тўланади (04.04.2024 й. ПФ-59-сон).

Ушбу тартиб бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга татбиқ этилмайди. Тартиб 2024 йил 1 июндан 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.

Меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар деб хорижда 3 ва ундан ортиқ ой мобайнида меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, яшаш манзилига қайтиб келганлигига бир йилдан кўп вақт бўлмаган шахслар тушунилади.

Субсидия тўлаш учун асос – Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси.

 

Чиқинди учун тўламадингизми – электр энергияси ва газ бўлмайди

1 июндан бошлаб Тошкент, Нукус ва шаҳарлар – вилоятлар марказларида “чиқинди” учун қарзларни ундириш механизми жорий этилади. Агар қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун 6 ой учун қарз мавжуд бўлса, электр энергияси учун ҳақ тўлаш мумкин эмас (04.01.2024 й. ПФ-5-сон).

1 июндан бошлаб чиқинди учун қарздорлик ҳақида смс орқали хабардор қилиб бориш тизими ҳам ишга туширилиши керак.

 

Алоҳида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун санитар тозалаш корхоналарига мурожаат қилиш мумкин 

2024 йил 1 июндан бошлаб махсус техникага эга бўлган санитар тозалаш корхоналари келишилган нархларда алоҳида тўлов эвазига қуйидаги чиқиндиларни олиб чиқиб кетишни амалга оширишлари мумкин:

  • саноат чиқиндилари;
  • суюқ маиший чиқиндилар;
  • йирик ҳажмли маиший чиқиндилар;
  • қурилиш чиқиндилари ва тупроқ;
  • тиббиёт чиқиндилари;
  • заҳарли-кимёвий чиқиндилар (04.01.2024 й. ПФ-5-сон).

 

Макулатура, пластик ва маиший чиқиндилардан бошқа иккиламчи хом ашё – энди биржада

Маиший чиқиндилар таркибидаги иккиламчи хомашёни фақат биржа орқали реализация қилиш жорий этилади. Ушбу тартиб тадбиркорлар аҳолидан сотиб оладиган иккиламчи хомашёга тааллуқли эмас (04.01.2024 й. ПФ-5-сон).

 

Транспорт экология юзасидан текширилади

1 июндан “Экологик транспорт” тизимини жорий этиш бошланади – дастлабки 2 йил у Тошкент шаҳрида жорий этилади (29.03.2024 й. 166-сон ВМҚ).

Пойтахт “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” (“яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар) экологик зоналарга ажратиб борилади. Автотранспортнинг нормативларга мослиги даражаси текширилади ва тегишли рангдаги экостикер берилади. Экостикер қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга. Диагностика ва экостикер берганлик учун алоҳида ҳақ ундирилмайди.

Сўнгра экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш жорий этилади.

 

“Ёш тадбиркор” танлови ўтказилади

Лойиҳалар ва бизнес-ғояларни саралаш “маҳалла - туман - вилоят – республика” босқичларида ўтказилади. Республика босқичи якунлари бўйича саралашдан ўтган ҳар бир лойиҳага БҲМнинг 1 000 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, ғолиблар хорижий давлатларга малака оширишга юборилади (21.02.2024 й. ПФ-37-сон).

 

Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида жамоат транспорти брутто-шартномага ўтказилади

1 июндан бошлаб Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида мунтазам шаҳар автобус йўналишида йўловчилар ташиш брутто-шартнома асосида ташкил этилиши керак (16.02.2023 й. ПҚ-59-сон).

Брутто-шартнома деганда барча тушум шаҳар бюджетининг махсус ҳисобварағига ўтказилиши, шаҳар маъмурияти эса ташувчига бажарилган қатновлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда ва сифатли ташиш хизматлари кўрсатилган тақдирда тўловни амалга ошириши тушунилади.

 

Янги бинолар зилзилага бардошли бўлиши керак

2024 йил 1 июндан бошлаб 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда қурилиш учун янги меъёрлар кучга киради. 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори бинолар актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳаланиши керак. Қурилиши режалаштирилаётган III-IV тоифа бўлган объектларда газ ва электр тармоқларини кучли зилзила пайтида автоматик блоклаш тизими билан жиҳозланиши керак (17.04.2024 й. ПҚ-161-сон).

 

IT-соҳасидаги чет эл компаниялари учун махсус режим жорий этилади

IT-парк ҳудудида рақамли технологиялар соҳасида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун қулай шароитларга эга бўлган махсус ҳудуд сифатида Рақамли технологиялар халқаро маркази (International Digital Technology Center - "ENTERPRISE UZBEKISTAN", ташкил этилди.

2024 йил 1 июндан бошлаб 5 йилгача бўлган муддатга Марказда хорижий компаниялар учун махсус ҳуқуқий режим эксперимент тариқасида жорий қилинади:

  • рақамли технологиялар соҳасида инновациялар, хизматлар ва бизнес маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш бўйича "тартибга солиш қумдони"ни жорий этиш;
  • божхона ва солиққа тортиш;
  • меҳнат муносабатлари;
  • молия ва банк фаолияти;
  • шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш;
  • давлат хизматларини кўрсатиш;
  • интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;
  • тижорат ва фуқаролик низоларини кўриб чиқиш (01.02.2024 й. ПФ-25-сон).

 

 

 

 

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text200212_uzbekistonda_2024_yil_1_iyundan_nimalar_uzgaradi