ДСҚ ҚҚС тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтказишга кеч қолганлар учун ҳисобварақ-фактуралар бўйича техник чекловларни олиб ташлайди

preview

Ишлар яқин соатларда тугалланади.

ҚҚС тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза қандай тўғри топширилади? СКнинг 461-моддасига мувофиқ ҚҚСга ўтиш мажбурий бўлганда сиз ариза бериш муддатини ўтказиб юборган тақдирда нимани билиш зарур? Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни ДСҚ қўшимча қиймат солиғи бошқармаси бошлиғи Беҳзод ИСАҚУЛОВ тушунтирди:

- Рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали «ҚҚC тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш» хизмати ёрдамида берилади. Ушбу хизматдан фойдаланишда дастур мураккаб бўлмаган электрон шаклни тўлдириш ва “Жўнатиш” тугмасига босишни таклиф қилади. Ариза жўнатилган пайтдан эътиборан 6 кун мобайнида ДСҚ солиқ тўловчининг шахсий кабинетига электрон шаклда рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномани юборади.

Эслатиб ўтаман, ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ихтиёрий ва мажбурий бўлиши мумкин. ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза беришда Солиқ тўловчиларини ҚҚС тўловчилари сифатида махсус рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган муддатларга риоя қилиш зарур:

ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тартиби

Тартиб татбиқ этиладиган тадбиркорлик субъектлари рўйхати

ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза бериш муддати

Мажбурий

  • Товарларни  реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • Ўзбекистон ҳудудида товарларни (хизматларни) реализация қилувчи чет эл юридик шахслари, агар товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон эътироф этилса;
  • фаолиятни Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали амалга оширувчи чет эл юридик шахслари;
  • оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) доирасида амалга ошириладиган фаолият бўйича - оддий ширкатнинг ишларини юритиш вазифаси зиммасига юклатилган ишончли шахс - оддий ширкатнинг иштирокчиси;
  • Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтувчи (импорт) юридик шахслар ва ЯТТ;
  • акциз солиғи тўланадиган товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар ва (ёки) фойдали қазилмаларни кавлаб олишни амалга оширувчи шахслар;
  • юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, башарти уларда 50 гектар ва ундан ортиқ суғориладиган қишлоқ хўжалиги экин майдони мавжуд бўлса ёки пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчилар;
  • бензин, дизель ёқилғиси ва газни реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар;
  • бўш турган бинолар, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотлар ва қурилиши тугалланмаган объектлар, шунингдек фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларининг мулкдори бўлган юридик шахслар, улардан самарасиз фойдаланилаётганлиги бўйича қонунда белгиланган тартибда хулоса киритилганда;
  • марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан объектларни (жорий ва капитал таъмирлаш бундан мустасно) қуришни бажарувчи юридик шахслар 

Солиқ тўловчи ҚҚС тўлашга ўтиши шарт бўлган ойнинг 5 санасидан кечиктирмай

Ихтиёрий

  • Янги ташкил этилаётган юридик шахслар;
  • мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси бўлмаган юридик шахслар;
  • солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар
  • Юридик шахслар учун – ҚҚС тўлашга ўтиладиган ойнинг 1 санаси бошлангунга қадар;
  • даромади 100 млн сўмдан ошган, бироқ 1 млрд сўмгача бўлган ЯТТ учун - белгиланган суммадан ошган санадан 5 кундан кечиктирмай;
  • ҚҚС ва фойда солиғи тўлашни танлаган янги ташкил этилаётган юридик шахслар учун -давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан (солиқ солиш шакли тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризада кўрсатилади)

СКга мувофиқ солиқ тўловчи бундай мажбуриятлар юзага келган пайтдан эътиборан ҚҚСни тўлаши керак.

Ҳозирги вақтда қадар ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказиш муддатини қандайдир сабабларга кўра ўтказиб юборган тадбиркорлар СКнинг 461-моддасига мувофиқ ҚҚС тўлаш бўйича мажбурият юзага келган пайтдан бошлаб ҳақиқатда тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилгунга қадар давр учун ҚҚС билан ҳисобварақ-фактураларни шакллантира олишмаган. Ҳозирги вақтда ДСҚ ЭҲФ операторлари билан биргаликда ушбу чекловларни олиб ташлаш учун техник ишларни олиб боришмоқда.

Бунда шуни назарда тутиш жоизки, солиқ тўловчи ва унинг контрагентлари фақат у ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома олгандан ва унга ҚҚС тўловчиси коди (гувоҳномада кўрсатилади) берилгандан кейин мустақил равишда ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин бўлади .


Олег ГАЕВОЙ
тайёрлади