Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Нима учун бизнесда солиқ узилиши коэффициенти формуласини билиш керак
“Ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳсулотларни йирик тармоқли супермаркетлар орқали реализация қилишни режалаштиряпмиз. Айрим тармоқлар билан музокараларда бизга бир қатор ташкилий талаблар қўйишди, хусусан, бизда солиқ узилишининг юқори коэффициенти бўлмаслиги кераклигини таъкидлаб ўтишди. Бу нимани англатади ва унга қандай таъсир қилиш мумкин?”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА шарҳлаб берди:
– Солиқ узилиши – бу назарий жиҳатдан солиқ тўловчилар (солиқ тўловчи) томонидан тўланиши керак бўлган солиқлар суммаси ва ҳақиқатда тўланган солиқлар суммаси ўртасидаги фарқ.
Ўзбекистонда ҚҚСнинг солиқ маъмуриятчилиги амалиётига ушбу тушунчани жорий этиш 2 йил олдин бошланди. Бунда “солиқ узилиши” атамаси биринчи марта норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда нисбатан яқинда – 10.02.2023 йилдаги ПФ-21-сон Фармонда пайдо бўлди. Ушбу ҳужжатнинг 6-бандида Солиқ қўмитасига 2023 йил 1 октябрга қадар тажриба тариқасида товарларни (хизматларни) сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ битимлар иштирокчиларида, агар уларда ҚҚС кам тўланганлиги аниқланса, солиқ назорати тадбирларини тайинлаш ҳуқуқи берилган. Тажриба ҚҚСни қоплаш тартибини такомиллаштириш ва солиқни ноқонуний қоплаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўтказилади.
Буни шундай тушуниш керак: тадбиркорда солиқ узилиши коэффициенти қанчалик юқори бўлса, уни текширишни бошлашлари эҳтимоли шунчалик катта бўлади. Шу боис тадбиркорлар солиқ узилишининг юқори коэффициентига эга (қизил ёки тўқ қизил рангдаги маркер) потенциал ҳамкорларга ҳушёр қарай бошлашди. Ҳатто “сариқ рангга” ҳам хавфсираб қарашмоқда. Бу ҳамкорнинг солиқ узилиши коэффициенти автоматик тарзда сизнинг коэффициентингизга таъсир қилаётганлиги учун содир бўлмоқда.
Бир қарашда, муаммоли ҳамкорлар билан алоқа қилмаслик – бу ўз кўрсаткичингизни ёмонлаштирмаслик учун тўғри усул. Аммо бу унчалик ҳам тўғри эмас, чунки сизнинг коэффициентингизга салбий таъсир қилиши мумкин бўлган талай бошқа вазиятлар мавжуд. Энг ёқимсизи –коэффициентни ҳисоб-китоб қилиш формуласининг мукаммал эмаслиги бунга олиб келиши мумкинлиги. Натижада кўпинча ҳатто қонунга риоя қилувчи солиқ тўловчилар ҳам кўнгилсиз вазиятга тушиб қолишлари мумкин.
Мисол учун, яқинда менга ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қарор қилган, айрон ишлаб чиқарувчи ўзини ўзи банд қилган шахс мурожаат қилди. Савдо тармоқлари билан музокараларда дарҳол у мувофиқ келиши лозим бўлган бир қатор қатъий талабларни қўйишган:
1) ҚҚС тўловчиси бўлиши;
2) ҚҚС тўловчиси гувоҳномасининг амал қилиши тўхтатиб турилган тақдирда – ритейлер шартнома мажбуриятларини бажариш вақтида ололмайдиган ҳисобга олиш суммасини компенсация қилишга тайёр бўлиши;
3) солиқ узилишининг “яшил” рангдаги коэффициентига эга бўлиши.
Бизнес-режани ишлаб чиқишда у мени олдимга келишга ундаган жуда қизиқ масалага дуч келган. Бизнесни ривожлантириш учун ускунани у чет элдан харид қилишига тўғри келади. Бу божхонада у ҚҚСни тўлаши ва унда автоматик тарзда катта фарқ – бюджетга ортиқча тўланган солиқ юзага келишини англатади. Якуний маҳсулотнинг қийматини ҳисобга олган ҳолда, илгари тўланган суммалар “0” суммани бермагунча, у яна анча вақт бюджетга ҚҚС тўламаслиги маълум бўлади. Бу эса деярли дастлабки кунлардан солиқ узилиши коэффициентини ҳисоблаб чиқарадиган формула уни “тўқ қизил” рангга бўяб қўйиши учун етарлидир.
Унинг ўртоғи бўлган тадбиркор ҳам худди шундай вазиятда бўлган ва мижозим энди шундай вазиятга тушиб қолишдан хавотирланмоқда, сабаби ўз маҳсулотларининг катта ҳажмини реализация қилишни мўлжаллаганлар ундан дарҳол воз кечишади.
Бу – солиқ узилиши коэффициентини ҳисоблаб чиқарадиган формула рисоладагидек эмаслигига яққол мисол.
Менинг тушунишимча, рисоладагидек формула қонунга биноан ишлаётганларга дахл қилмасдан, аниқ нишонга уриши керак. Акс ҳолда тадбиркорларнинг меъёрда ишлашларига халақит беради, коррупциявий таркибга айланади.
ПФ-21-сон Фармоннинг 6-банди иккинчи хатбошисига эътибор бериш ўринли бўлади, унда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2023 йил 1 апрелга қадар ҚҚС бўйича солиқ узилишини аниқлаш ва қўллаш тартибини белгиловчи НҲҲ лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган. Ҳужжат – жуда жиддий, унда қуйидагилар бўлиши керак:
- солиқ узилиши коэффициенти ҳисоблаб чиқариладиган формула;
- солиқ тўловчилар ва бюджет ўртасида ўзаро ҳисоб-китобларда коэффициентни қўллаш қоидалари.
Биз ушбу ахборотни олганимиздан кейин ҳар бир муайян ҳолатда нимани ва қандай амалга оширишни тушуниш мумкин бўлади. Ҳозирча эса бу мавзуда мулоҳаза юритиш – бу фақатгина тахмин бўлади.
Ушбу ҳужжатнинг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳужжат – мураккаб, у иқтисодиётнинг барча тармоқларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши керак. Шу боис ҳамма унинг муҳокамасига жиддий тарзда ёндашиши муҳимдир. Фикр ва мулоҳазалар солиқ узилиши коэффициентини барча учун фойдали ва самарали воситага айлантиришга ёрдам беради.
Олег Гаевой тайёрлади