Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Норезидентнинг УФга мол-мулк билан ҳисса киритилса, ноль ставкали ҚҚС қўлланиладими
“Ўзбекистон корхонаси Қозоғистондаги чет эл корхонаси таъсисчиси ҳисобланади. УФга ҳиссани мол-мулк (темир йўл вагонлари) билан киритади. Бу солиқ солиш мақсадларида экспорт ҳисобланадими? Агар темир йўл вагонлари ҳисса сифатида ўтказиш пайтида Ўзбекистонда жойлашган бўлса, ноль ставкали ҚҚСни қўллаш мумкинми?”.
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни Солиқ қўмитаси Солиқ солиш методологияси департаменти директори Йигитали НАРЗИЕВ тушунтирди:
– Йўқ, мазкур ҳолда ноль ставкали ҚҚСни қўллаш мумкин эмас.
Ноль ставкали ҚҚС Ўзбекистон ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилига олиб чиқилган товарлар реализация қилинганда қўлланилади .
Товарлар экспорт қилинганлиги қуйидагилар билан тасдиқланади :
1) контракт (контрактнинг белгиланган тартибда тасдиқланган кўчирма нусхаси);
2) товарларни чиқаришни амалга оширувчи божхона органининг товарларни Ўзбекистон божхона ҳудудидан олиб чиқиш учун белгиси қўйилган божхона юк декларацияси;
3) ўтказиш пунктида жойлашган божхона органининг товарлар белгиланган мамлакатга жўнатилганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.
Экспорт контракти – бу товарлар (ишлар, хизматлар) экспортига экспорт қилувчи билан норезидент ўртасида тузилган хўжалик шартномаси ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ экспорт контрактларига тенглаштирилган контрактлар (бартер контрактларидан ташқари) .
Шу тариқа, экспорт операцияларини тасдиқлаш учун экспорт контрактини тақдим этиш лозим. Бинобарин, товарларни (темир йўл вагонларини) устав фондига ҳисса сифатида олиб чиқиш ноль ставкали ҚҚСни қўллаш мақсадларида товарни экспорт қилиш деб эътироф этилмайди.