ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоб-китоблардаги даромадлар доим ҳам мос келадими

preview

ҚҚСни ҳисоблашда товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар, фойда солиғини ҳисоблашда эса жами даромад инобатга олинади. Ушбу кўрсаткичлар доим ҳам мос келадими? «Норма» эксперти Олег ЦОЙ махсус buxgalter.uz учун аниқ мисол ёрдамида ушбу муҳим жиҳатга ойдинлик киритди.


– Корхонанинг 2020 йил I ярмидаги солиқ ҳисоботини солиштириш якунларига кўра солиқ органи ҚҚС ҳисоб-китобидаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар ва Фойда солиғи ҳисоб-китобидаги жами даромад кўрсаткичларида фарқ борлигини аниқлади.

Бош бухгалтер фарқ юзага келишини ҳисобот даврида асосий восита қуйидагиларга реализация қилингани билан изоҳлади:

  • ҚҚС ҳисоб-китобида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмаларга АВ объектини реализация қилиш қиймати қолдиқ қийматидан юқори нархда киритилган;
  • фойда солиғи бўйича жами даромадга асосий воситани реализация қилишдан даромад киритилган.

Мисол
Асосий воситани реализация қилиш чоғида ҚҚС бўйича ва фойда солиғи бўйича солиқ базаси
Корхона автомобилни 72 000 минг сўмга реализация қилган, шу жумладан ҚҚС – 9 391,3 минг сўм (72 000 :115 х 15), қуйидаги кўрсаткичлар мавжуд:
  • бошланғич қиймат – 101 575,4 минг сўм;
  • жамғарилган амортизация – 40 630,2 минг сўм;
  • қайта баҳолаш сальдоси – 7 859,9 минг сўм.
Битим тарафлари томонидан қўлланилган нархдан келиб чиққан ҳолда реализация қилинадиган товарларнинг қиймати ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳисобланади . Бунда битимнинг нархи товарларнинг бозор қийматидан паст ёки юқори бўлса, солиқ органлари солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли .
Корхона ҚҚС ҳисоб-китобининг 1-«Солиқ даврида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар» иловаси 0105-сатрида асосий воситани етказиб бериш қийматини ҚҚСсиз кўрсатган – 62 608,7 минг сўм (72 000 – 9 391,3).
Корхона Фойда солиғи ҳисоб-китоби 1-«Жами даромад» иловаси 050-сатрида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланадиган АВнинг чиқиб кетишидан даромадни кўрсатиши керак .
АВни реализация қилишдан молиявий натижа қуйидаги формула бўйича аниқланади:
МН = Т – ҚҚ – ҚҚС – ЧХ + ҚБС, бунда:
МН – чиқиб кетишдан молиявий натижа;
Т – тушум;
ҚҚ – қолдиқ қиймат (бошланғич қиймат айирув жамғарилган амортизация);
ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи (тўловчилар учун);
ЧХ – чиқиб кетиш бўйича харажатлар;
ҚБС – чиқиб кетган АВ бўйича қайта баҳолаш сальдоси .
Бизнинг мисолда асосий воситани реализация қилишдан молиявий натижа қуйидаги миқдорни ташкил этади:
72 000 – (101 575,4 – 40 630,2) – 9 391,3 – 0 + 7 859,9 = 9 523,4 минг сўм.

Мисолдан кўринганидек, асосий воситани реализация қилиш бўйича айланма ва унинг чиқиб кетишидан даромад суммалари турлича бўлиб чиққан.

Бинобарин, ҚҚС ҳисоб-китобида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар ва Фойда солиғи ҳисоб-китобидаги жами даромад кўрсаткичлари доим ҳам бир хил бўлмаслиги керак.

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text161090_qqs_va_foyda_soligi_buyicha_hisob-kitoblardagi_daromadlar_doim_ham_mos_keladimi