Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
ҚҚСни ҳар чоракда эмас, ҳар ойда тўлаш тартибига ўтганда
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган ҚҚС тўловчилар 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга . III чоракдан бошлаб ушбу тизимга ўтиш истагини билдирувчилар учун хабарнома тақдим этиш муддати 20 август куни тугади.
Корхона солиқ органларига хабарнома йўллаган, бироқ унга жавоб олмаган бўлса, III чоракдан бошлаб ҚҚСни чораклик асосда тўлаши ва у бўйича ҳисоботларни тақдим этиши мумкинми? Корхона қандай ҳолларда ҚҚС бўйича ҳисоботни ҳар чоракда тақдим этиш ҳуқуқини йўқотади, бу қандай рўй беради?
Тошкент шаҳар ДСБнинг ҚҚС бўлими бошлиғи Зафар ВАҲОБОВ buxgalter.uz илтимосига кўра саволларга жавоб берди:
– ДСҚ солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетларига йўлланган хабарнома-хатда ҚҚСни чораклик асосда тўлаш ва у бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этишга ўтиш тартиби юзасидан тушунтириш берган. Қоидалар билан бу ерда танишиш мумкин.
Солиқ тўловчи қуйидаги ҳолларда 3 ойда бир марта ҚҚСни тўлаши ва у бўйича ҳисобот тақдим этиши мумкин:
- унинг айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмаган бўлса;
- корхона ЭҲФга тўлиқ ўтган бўлса.
Тадбиркорлик субъекти ушбу талабларга мувофиқ келса, шахсий кабинети орқали қуйидаги муддатларда солиқ органларига хабарнома йўллаши керак (10012_1 шакли my.soliq.uz порталидаги электрон солиқ ҳисоботи шакллари таркибида жойлаштирилган):
Муддат |
Чораклик асосда тўлаш ҳуқуқига эга бўлади |
2020 йилнинг 20 августига қадар |
2020 йилнинг III чорагидан |
2020 йилнинг 20 ноябрига қадар |
2020 йилнинг IV чорагидан |
Солиқ органлари хабарномага жавоб бермайдилар, балки уни маълумот учун қабул қиладилар.
Солиқ тўловчилар ушбу саволни кўп берадилар: корхона 1 апрелдан, яъни имтиёз амал қила бошлаган пайтдан эътиборан ҚҚСни чораклик асосда тўлаган бўлса, III ва IV чоракларда ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш учун қўшимча равишда хабарнома йўллаши керакми?
Солиқ органларининг позицияси: солиқ тўловчи бу даврда ҚҚСни чоракда бир марта тўлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлмаган бўлса, йўқ, керак эмас.
Ҳисобот чорагидаги бирор-бир ойда солиқ тўловчининг айланмаси 1 млрд сўмдан ошган бўлса, у чоракда бир марта ҚҚСни тўлаш ва у бўйича ҳисобот тақдим этиш ҳуқуқини йўқотади.
Мисол учун, солиқ тўловчи III чоракдан бошлаб ҚҚСни чоракда бир марта тўлаши ҳақида солиқ органларини хабардор қилган. Бироқ август ойида унинг айланмаси 1 млрд сўмдан ошган. Бу солиқ тўловчи август ойидан бошлаб ҚҚСни чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотганини англатади. Тегишинча, у 2020 йилнинг 20 сентябридан кечиктирмай июль ва август ойлари учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиши ҳамда бюджетга ҚҚСни тўлаши керак. Бунда 20 сентябрдан кечиктирмай июль ойи учун ҳисоботнинг тақдим этилиши ва солиқнинг тўланиши пеня ҳисоблашга олиб келмайди ва унга СК 220-моддаси бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этмаслик деб қаралмайди.
Солиқ тўловчи август ёки сентябрь ойлари якунларига кўра ҚҚСни чоракда бир марта тўлаш ҳуқуқини йўқотса, у IV чоракда ҳам ҚҚСни чораклик асосда тўлаш ҳақида яна бир марта хабарнома йўллаш ҳуқуқига эга бўлади. Асосий шарти – октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида унинг айланмаси чегаравий суммадан ошмаслиги ва ЭҲФни расмийлаштиришга доир талаблар бузилмаслиги лозим.
Солиқ органлари солиқ тўловчи солиқни чоракда бир марта тўлаш ҳуқуқини йўқотганлиги ҳақида уни хабардор қиладилар. Бироқ тегишли ҳолатлар рўй берганда бундай хабарнома келишини кутмай, ҚҚСни ҳар ойда тўлашга мустақил равишда ўтишни маслаҳат бераман.
Таҳририятдан: молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ илгари ҳам мазкур масала бўйича тушунтиришлар берган.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.