Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Дилшод СУЛТОНОВ ҳар чораклик асосда ҚҚС ҳисоботи бўйича саволларга жавоб берди
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган ҚҚС тўловчилар 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга. II чоракда кўпчилик мазкур ҳуқуқдан фойдаланди . Шунга қарамай III чорак учун хабарнома беришдан олдин, буни эса 20 августга қадар бажариш зарур, бухгалтерларда яна саволлар туғилмоқда. Buxgalter.uz илтимосига биноан уларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди.
1. Молия вазирлигининг 16.04.2020 йилдаги 06/04-01-03-32/1107-сон тушунтириш хатида келтирилган мисолларда ҚҚС тўловчи ҳар чораклик асосда ҳисобот тақдим этишга ҳақли эканлигини аниқлаган ҳолда реализация бўйича айланмани ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатри бўйича ҳисобга олиш лозимлиги кўрсатилган. Бироқ бу сатрда реализация бўйича айланма эмас, балки фақатгина айланма бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилади. Қандай қилиб ҳар чораклик асосда ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этиш ҳуқуқини аниқлаш мақсадида товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмани ҳисобга олиш мумкин – ҚҚСсизми ёки солиқни ҳисобга олган ҳолдами? Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматлар кўрсатиш бўйича айланма ҳисобга олинадими?
- “Нима товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҳисобланиши СКнинг 239-моддасида келтириб ўтилган. Бунда товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмани аниқлаш Ўзбекистон реализация қилиш жойи деб эътироф этилишига боғлиқ эмас.
Реализация қилиш жойи фақат ҚҚС бўйича солиқ солиш объектини аниқлашда ҳисобга олинади .
Ҳар чораклик асосда ҳисобот тақдим этиш ҳуқуқингизни аниқлаган ҳолда реализация қилиш бўйича умумий айланмани ҳисобга олинг. ҚҚС бўйича ҳисоботда у ҚҚС ҳисоб-китобига 1-иловада қуйидаги сатрлар бўйича 3-устун маълумотларини қўшган ҳолда акс эттирилади:
- 010-сатр “Солиқ давридаги товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмалари, жами ((0101-0108-сатрлар йиғиндиси) + 0109-сатр)”;
- 020-сатр “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этилмайдиган хизматларни кўрсатиш бўйича айланма”.
ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатрида 1-илованинг 010-сатри 4-устунидан товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмалари бўйича ҚҚС суммаси акс эттирилади.
3-устунда реализация қилиш айланмалари ҚҚСсиз акс эттирилиши боис, ҳар чораклик асосда ҳисобот тақдим этиш бўйича нормани қўллаш мақсадида реализация қилиш айланмасини ҚҚСсиз ҳисобга олиш лозим”.
2. 2020 йилнинг III чорагида корхона ҳар чораклик асосда ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этиш ҳуқуқидан фойдаланишга қарор қилди. Бунинг учун 20 августга қадар у солиқ органларига махсус хабарнома тақдим этади. Июль ва август ойларида реализация қилиш бўйича айланма 1 млрд сўмдан ошмайди. Бироқ сентябрь ойида – ошди. Қандай қилиб бу ҳолатда корхона III чорак учун ҳисобот топшириши керак –ҳар ой (июль, август, сентябрь) учун 3 та ҳисобот топширадими ёки битта чораклик ҳисоботними?
- “Агар сентябрь ойида реализация қилиш бўйича айланма 1 млрд сўмдан ошса, корхона ҳар чораклик асосда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади. Тегишинча, у солиқ ҳисоботини июль, август ва сентябрь ойлари учун алоҳида тақдим этиши ва 2020 йил 20 октябрдан кечиктирмай ҚҚСни бюджетга тўлаши керак. Бунда июль ва август ойлари учун ҳисоботни октябрь ойида тақдим этиш пеня ҳисобланишига сабаб бўлмайди ва СКнинг 220-моддасига биноан солиқ ҳисоботи тақдим этилмаган деб қаралмайди”.
3. Ҳар ойда реализация бўйича 1 млрд сўмдан кам айланмага эга бўлган корхона ҚҚС бўйича чораклик ҳисоботни топширади. my.soliq.uz да ҳисобот топширишнинг чорак даврини танлашда танлаш ойнасида: I
чорак, ярим йиллик, 9 ой ва йил чиқади. Бу ҳисоботни танланган давр учун ўсиб борувчи якун билан тўлдириш зарурлигини билдирадими?
- “Ҳар чораклик асосда ҳисобот тақдим этувчи корхоналар унда фақат чорак учун кўрсаткичларни акс эттирадилар. Масалан, 2020 йил июлда ҳисобот тақдим этган ва “ярим йиллик” ҳисобот даврини танлаган ҳолда, сиз унда фақат II чорак учун кўрсаткичларни акс эттиришингиз керак бўлган. ҚҚС бўйича ҳисоботни октябрда тақдим этишда сиз “9 ой” даврини танлайсиз ва унда фақат III чорак учун кўрсаткичларни акс эттирасиз”.
4. 2020 йилнинг II чорагида корхона солиқ органларига ҚҚС бўйича чораклик ҳисобот топширишга ўтиш тўғрисида хабарнома тақдим этди. Бироқ май ойида реализация қилиш айланмаси 1 млрд сўмдан ошди ва корхона ҳар чораклик асосда ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотди. У ҳар чоракда III ва IV чоракларда ҳам ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этиш ҳуқуқини йўқотадими?
- “Йўқ, III ва IV чоракларда корхона янгидан чораклик асосда ҳисобот топширишга ўтиш тўғрисида хабарнома беришга ҳақли:
- III чорак учун – 20 августдан кечиктирмай;
- IV чорак учун – 20 ноябрдан кечиктирмай.
Агар III чоракнинг қайсидир ойида реализация қилиш бўйича айланма 1 млрд сўмдан ошса, мазкур ҳуқуқ йўқотилади, бироқ – фақат жорий чорак тугагунга қадар. IV чорак учун хабарнома берган ҳолда корхона яна ҳисоботни ҳар чоракда тақдим этиши мумкин”.