Технопарк резидентлари Ўзбекистоннинг норезидентларидан хизматларни сотиб олишда ҚҚС тўлашлари керакми

preview

Технопарк резиденти Ўзбекистоннинг норезидентидан хизматларни сотиб олишда ҚҚС тўламасликка ҳақлими? Мазкур имтиёзсиз маҳсулотнинг якуний нархи ошиб кетмоқда, бироқ уни қўллаш билан мураккабликлар юзага келмоқда.

Вазият давлат регулятори томонидан эътиборни талаб қилади – деб ҳисоблайди солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА. Buxgalter.uz илтимосига биноан у муаммо нимада эканлигини тушунтириб берди.

 

Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармонига мувофиқ Технопарк резидентлари барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек ижтимоий солиқдан озод этилган. Улар фақатгина 7,5% ставка бўйича ЖШДС тўлашлари шарт.

2020 йилга қадар янги таҳрирдаги Солиқ кодекси амалга киритилгунга қадар ушбу имтиёз билан муаммолар бўлмаган. 2020 йил 1 январдан бошлаб СКнинг 255-моддасига асосан норезидентлардан хизматларни сотиб олишда солиқ агенти (ҳолат бўйича харидор) 29 кодига ҚҚСни тўлаши ва 10001_5 кодли шакл бўйича солиқ ҳисоботини топшириши керак.

Агарда ПФ-5099-сон Фармонда “Ўзбекистон Республикасининг норезидентидан хизматларни сотиб олишда барча солиқларни, шу жумладан ҚҚСни тўлашдан озод қилинган” жумласи бўлганда, бундай муаммо юзага келмаган бўларди.

Масалага Президентнинг 22.08.2022 йилдаги ПҚ-357-сон қарорида ечим топилди. Унинг 14-бандида: Президентнинг 2017 йил 30 июндаги ПФ-5099-сон Фармони 5-бандининг 2-хатбошисида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар республика норезидентларидан ахборот технологияларига оид хизматларни сотиб олганда ҳам татбиқ этилади, дейилган.

Бироқ, шундан кейин ҳам ҳаммаси унчалик аниқ эмас. ПҚ-357-сон қарордан бу янги имтиёз эканлиги келиб чиқмайди. Унда Технопарк резидентлари республика норезидентларидан ахборот технологияларига оид хизматларни сотиб олганда ҚҚСдан озод этилганлиги аниқлаштирилмоқда. Мазкур имтиёз ПФ-5099-сон Фармонда назарда тутилган бошқа имтиёзлар каби 2017 йилдан бошлаб амал қилади, деб ҳисоблаш мантиқан тўғри бўлади.

Солиқчилар нима қилишди? Улар солиқ маъмуриятчилигида Президентнинг 22.08.2022 йилдаги ПҚ-357-сон қарорининг 14-бандига 2022 йил 22 июлдан амалга киритилган янги мустақил имтиёз сифатида қарашмоқда. Уни қўллаш учун my.soliq.uz ёки my3.soliq.uz орқали “Солиқ имтиёзларидан фойдаланиш бўйича мурожаат” бериш лозим. Аризани расмийлаштирганингизда имтиёз амал қилишининг бошланиши сифатида автоматик тарзда 22.08.2022 йил қўйилади.

2020 йил 1 январдан 2022 йил 22 августга қадар бўлган даврда имтиёзни қўллаш мумкин эмаслиги маълум бўлади. Мазкур масалани ойдинлаштириш учун солиқ тўловчилар Солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, жавоб олишди (менда хатлар  мавжуд): Президентнинг 22.08.2022 йилдаги ПҚ-357-сон қарорининг 14-бандида назарда тутилган имтиёз фақат Солиқ кодексига белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритилганидан сўнг қўлланилиши мумкин.

Бир идорадан айни бир масала бўйича иккита турли нуқтаи назар мана шундай узатилмоқда. Жавоб ойдинлик киритмади, аксинча, шубҳаларни зиёда қилди.

Бу борада учинчи нуқтаи назар ҳам мавжуд бўлиб, назаримда, у энг тўғрисидир. Уни buxgalter.uz  Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ҳавола берган ҳолда эълон қилган. У бундай баён этилган: “22.08.2022 йилдаги ПҚ-357-сон қарорда назарда тутилган норезидентлардан ахборот технологияларига оид хизматларни сотиб олганда ҚҚС бўйича имтиёз фақат IT-парк резидентлари учун назарда тутилган бўлиб, СКга киритилмайди”.

 

Хулоса

Мен 30.12.2019 йилдаги ЎРҚ-599-сон Қонуннинг 4-моддасидан келиб чиқиб, мазкур имтиёзнинг СКда ёзилиши талаб қилинмаслигига қўшиламан. Мазкур моддада 2020 йилнинг 1 январигача қабул қилинган солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида, шу жумладан Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар амал қилади, дейилган. Бундан ташқари, мен қайд этиб ўтганимдек, 22.08.2022 йилдаги ПҚ-357-сон қарор мазкур имтиёз мавжудлигига шунчаки аниқлик киритмоқда, имтиёз эса 30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармон билан тақдим этилган.

Бинобарин, мазкур имтиёзни 2017 йилдан бошлаб 2028 йилга қадар унинг бутун амал қилиш даври учун қўллашда ҳеч қандай тўсқинликлар бўлмаслиги керак.

Шубҳасиз, мазкур масала бўйича низо етилган, у судга кўриб чиқиш учун топширилиши мумкин. Мазкур имтиёзнинг тўлиқ қўлланилишидан манфаатор бўлган тадбиркорлар масаланинг бундай ҳал қилинишининг ташаббускорлари бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, масала ўзгача тарзда ҳал бўлишини хоҳлардик. Вариант сифатида: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масалани ўз бўлинмаларининг мутахассислари билан муҳокама қилиб ва ишлаб чиқиб, расмий хат чиқариши мумкин, унда қонун ҳужжатлари нормаларини тўғри талқин қилишга асосланган нуқтаи назар баён этилади.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


 

 

ҚҚС ҚҚС ҚҚС /uz/publish/doc/text192039_tehnopark_rezidentlari_uzbekistonning_norezidentlaridan_hizmatlarni_sotib_olishda_qqs_tulashlari_kerakmi