Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Битта давр учун неча марта текширув ўтказилиши мумкин
“Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси хўжалик юритувчи субъектда кетма-кет иккита камерал текширувини ўтказди - 2020 йилда ўша йилнинг III чораги якунлари бўйича ва 2021 йилда 2020 йил якунлари бўйича. Битта давр учун бир нечта камерал текширувларни ўтказиш мумкинми?”.
Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан ДСҚ Солиқ назорати методологияси ва сифатини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Азиз ҲОШИМОВ тушунтирди:
– “Камерал солиқ текшируви айни бир давр учун кўп марта ўтказилиши мумкин.
Солиқ органлари уни солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек унинг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида ўтказади . Солиқ органи раҳбарининг (раҳбари ўринбосарининг) буйруғи текширув учун асос бўлиб хизмат қилади, унда қуйидагилар кўрсатилади:
- солиқ тўловчининг номи ва СТИРи;
- текширувчи шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозими;
- текширувни ўтказиш муддатлари;
- текширилаётган давр ва текширилаётган солиқлар ва йиғимларнинг турлари.
Камерал текширув даъво муддати ўтмаган солиқ даврларига нисбатан ўтказилиши мумкин, бу 5 йилни ташкил этади.
У солиқ мониторинги ўтказилаётган солиқ (ҳисобот) даври учун ўтказилмайди (муддатидан олдин тугатилган ҳоллар бундан мустасно).
Камерал текширувни ўтказиш тартиби қуйидагиларда белгиланган:
- СКнинг 17-бобида;
- Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бобида (07.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚга 2-илова);
- Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисида низомда (АВ рўйхат рақами 3236, 29.05.2020 й.);
- ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низомнинг 4-бобида (14.08.2020 йилдаги 489-сон ВМҚга 1-илова) - қопланадиган ҚҚС суммасининг асосланганлиги масаласи бўйича.
Ушбу ҳужжатларнинг ҳеч бирида солиқ органлари айни бир солиқлар бўйича ёки айни бир давр учун бир мартадан кўп камерал текширув ўтказишга ҳақли эмаслиги кўрсатилмаган. Бинобарин, солиқ органлари айни бир давр учун кўп марта камерал солиқ текширувлари ўтказишга ҳақли”.