Бухгалтерия ва солиқ ҳисоби мақсадларида курсдаги фарқлар қандай ҳисобга олинади

preview

2022 йил 1 январга қадар бухгалтерия ва солиқ ҳисоби учун курсдаги фарқлар 22-сон БҲМС “Чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг ҳисоби”га асосан ҳисобга олинган. 1 январдан бошлаб берилган ёки олинган бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди .

Ушбу ўзгартиришни ҳисобга олган ҳолда ҳисобни қандай тўғри юритиш ва солиқ солинадиган фойдани аниқлашни Profi Training бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) тушунтирди:

 

–  22-сон БҲМСнинг 8-бандига асосан чет эл валютасида ифодаланган активлар ва мажбуриятларнинг қиймати, бухгалтерия ҳисобида акс эттириш мақсадида сўмларга қайта ҳисобланиши керак.

 

Бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун қайта ҳисоблашиш чет эл валютасида операция содир этилган санада Марказий банк курси бўйича амалга оширилади. Бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун чет эл валютасида айрим операцияларни содир этиш саналари 22-сон БҲМCга иловада келтирилган.

Корхоналар ҳар ойда баланснинг валюта моддаларини қайта баҳолайди:

  • ҳисобот ойининг охирги кунига;
  • хўжалик операцияларини содир этиш санасига.

22-сон БҲМСда қайта баҳолаш ва курс фарқларини аниқлаш мақсадида баланснинг валюта моддаларига қуйидагилар киритилади:

  • кассадаги ва банк ҳисобварақларидаги валюта маблағлари;
  • тўланиши ёки олиниши чет эл валютасида белгиланган дебиторлик ва кредиторлик қарзлари;
  • кредит ва қарзлар;
  • пул эквивалентлари;
  • бошқа актив ҳамда мажбуриятлар.

Берилган ва олинган бўнакларни қайта баҳолаш бухгалтерия ҳисоби мақсадлари учун - ҳисобга олинади. Илгаригидек, чет эл валютасидаги бундай бўнаклар Бухгалтерия балансида (1-сон шакл), уларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги фарқлар эса - Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботда (2-сон шакл) акс эттирилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб фойда солиғи ҳисоб-китобида берилган ёки олинган бўнакларни қайта баҳолашдан юзага келадиган курсдаги ижобий ва салбий фарқ солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олинмайди .

Агар уларнинг ҳисоби чет эл валютасида юритилса, бўнакларни ҳисобга олиш счётлари солиқ ҳисоби мақсадларида қайта баҳоланмайди:

Активлар

Пассивлар

  • 4200 “Ходимларга берилган бўнакларни ҳисобга олувчи счётлар”
  • 6300 “Олинган бўнакларни ҳисобга олувчи счётлар”
  • 4300 “Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнакларни ҳисобга олувчи счётлар”
  • 7300 “Харидорлар ва буюртмачилардан олинган бўнакларни ҳисобга олувчи счётлар”

 Бундан ташқари, ўзининг иқтисодий моҳияти ва битимларнинг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиқиб, солиқ солиш мақсадларида қуйидаги бухгалтерия счётлари ҳам бўнакларни ҳисобга олувчи счётлар сифатида ҳисобланиши мумкин, деб ҳисоблаймиз:

  • 3110 “Олдиндан тўланган оператив ижара ҳақи”;
  • 3120 “Олдиндан тўланган хизмат ҳақи”;
  • 3190 “Бошқа келгуси давр харажатлари”;
  • 6630 “Устав капиталини кўпайтириш бўйича муассисларнинг улушлари”.

Бинобарин, агар уларнинг ҳисоби чет эл валютасида юритилса, ушбу счётлар ҳам қайта баҳоланиши керак эмас.

Мисол
Курсдаги фарқни бухгалтерия ва солиқ ҳисоботларида акс эттириш

2022 йил 28 февралда корхона товар учун 8 000 АҚШ доллари миқдорида бўнак тўлади. Шартнома шартларига биноан 15 март куни у яна 1 500 АҚШ доллари миқдорида бўнак тўлайди. Товарни етказиб бериш санаси - 2022 йил 10 апрель.

Мазкур операция бўйича валюта курслари:

  • 28 февраль: 1 АҚШ долл. = 10 120 сўм;
  • 15 март: 1 АҚШ долл.  = 10 145 сўм;
  • 31 март: 1 АҚШ долл. = 10 300 сўм.

Шунингдек, корхона ҳисобида қуйидаги операциялар мавжуд:

1. Илгари олинган товар бўйича чет эл валютасида белгиланган кредиторлик қарзи:

  • 2022 йил 28 февраль ҳолати бўйича қарздорлик: 3 000 АҚШ долл. х 10 120 сўм = 30 360 000 сўм.

2. Жўнатилмаган маҳсулот учун чет эл валютасида олинган бўнак:

  • 2022 йил 28 февраль ҳолати бўйича қарздорлик: 1 000 АҚШ долл. х 10 120 = 10 120 000 сўм.

 

2022 йил I чорак учун кўрсаткичлар*:

  • реализация қилишдан олинган соф тушум - 120 000 000 сўм;
  • реализация қилинган маҳсулотлар таннархи - 40 000 000 сўм;
  • ялпи фойда - 80 000 000 сўм;
  • давр харажатлари (маъмурий) - 30 000 000 сўм.

*Мазкур мисолда фойда солиғи ҳисоб-китоби кўриб чиқилмайди.

 

Курсдаги фарқ ҳисоб-китоби:

  • 8 000 АҚШ долл. х 10 120 = 80 960 000 сўм (28.02.2022 й.).
  • 1 500 АҚШ долл.  х 10 145 = 15 217 500 сўм (15.03.2022 й.).

Жами “бўнак” суммаси: 9 500 АҚШ долл.  = 96 177 500 сўм.

 

31.03.2022 йил ҳолати бўйича бўнакни қайта ҳисоблаш: 9 500 АҚШ долл.  х 10 300 = 97 850 000 сўм.

Тўланган бўнак бўйича курсдаги фарқдан олинган даромад: 97 850 000 – 96 177 500 = 1 672 500 сўм.

31.03.2022 йил ҳолати бўйича мажбуриятларни қайта ҳисоблаш: 3 000 АҚШ долл.  х 10 300 = 30 900 000 сўм.

Мажбурият бўйича курсдаги фарқдан кўрилган зарар: 30 900 000 – 30 360 000 = 540 000 сўм.

Олинган бўнакни қайта ҳисоблаш: 1 000 АҚШ долл.  х 10 300 = 10 300 000 сўм.

Олинган бўнак бўйича курсдаги фарқдан кўрилган зарар: 10 300 000 – 10 120 000 = 180 000 сўм.

 

2022 йил I чорак учун Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботдан кўрсаткичлар:

Кўрсаткич номи

Сатр коди

Даромадлар /харажатлар (минг сўмда)

Ялпи фойда

030

80 000,00

Давр харажатлари

040

30 000,00

Асосий фаолиятдан олинган фойда/зарар

100

50 000,00

Валюта-курсдаги фарқдан олинган даромадлар

150

1 672 ,5

Валюта-курсдаги фарқдан кўрилган зарар

200

720,0

Умумий хўжалик фаолиятидан олинган фойда/зарар

220

50 952,50

 

2022 йил I чорак учун Бухгалтерия балансидан кўрсаткичлар:

Кўрсаткич номи

Сатр коди

Ҳисобот даври охирига

Активлар

 

 

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган бўнаклар

260

97 850,00

Пассивлар

 

 

Тақсимланмаган фойда/қопланмаган зарар

450

50 952,50

Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга қарз

610

41 200,00

 Кўрганимиздек, бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида тузиладиган молиявий ҳисоботда ҳеч қандай ўзгаришлар рўй бермади.

Энди фойда солиғи ҳисоб-китоби мақсадларида солиқ ҳисобини кўриб чиқамиз.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-иловадан жами даромад: 

 

Жами даромадлар

010

120 000

Товарларни реализация қилишдан олинган даромад

020

120 000

Ижобий курсдаги фарқ

130

0

 

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-иловадан харажатлар:

Жами харажатлар

010

70 540

Сотилган товарлар/хизматлар таннархи

020

40 000

Маъмурий харажатлар

040

30 000

Салбий курсдаги фарқ

0115

540

 

2022 йил I  чорак учун Фойда солиғи ҳисоб-китоби:

Кўрсаткичлар

Сатр коди

Сумма

Жами даромад

010

120 000

Чегириладиган харажатлар

020

70 540

Солиқ базаси

060

49 460

 Фойда солиғи ҳисоб-китобига 1-илова “Жами даромад”нинг 130-сатрида:

  • бўнак счётларини қайта баҳолашдан олинган даромад ҳисобга олинмайди.

Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илова “Харажатлар”нинг 0115-сатрида:

  • бўнак счётларини қайта баҳолашдан салбий курсдаги фарқ - ҳисобга олинмайди;
  • мажбуриятларни қайта баҳолашдан салбий курсдаги фарқ - ҳисобга олинади.

МНҲда (2-сон шакл) бухгалтерия фойдаси 50 952,50 минг сўмни, солиқ ҳисоботидан фойда -  49 460,00 минг сўмни ташкил этади.

Ўзимизни текширамиз: (49 460 + 1 672,5) – 180 = 50 952,50 минг сўм (бухгалтерия фойдаси).

Эътибор беринг

Агар корхона фаол ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширса ва счётлар бўйича жиддий айланмаларга эга бўлса, ҳисоб регистрларида курсдаги фарқни қўлда ҳисоблаб чиқариш  - хатарли.

Бундай корхоналарга бухгалтерлик дастурларида (1С, 1Uz ва ҳоказо) 2022 йил 1 январдан бошлаб курсдаги фарқнинг солиқ ва бухгалтерия ҳисобининг ажратилиши хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда регламент операцияларида бўнак счётларини қайта баҳолаш функциясини қайта созлашни тавсия қиламиз.

 

 

ТИФ ТИФ ТИФ /uz/publish/doc/text181781_buhgalteriya_va_soliq_hisobi_maqsadlarida_kursdagi_farqlar_qanday_hisobga_olinadi