Тўловларни йўқотмасдан товарни “импорт”дан “реэкспорт” режимига расмийлаштириш

preview

“Компания импорт режими (ИМ 40) учун божхона тўловини тўлади. Контрагент контракт шартларини тўлиқ бажармади. Ҳозир худди шу товарни реэкспорт режимига жойлаштириш зарур. Илгари тўланган божхона божларини йўқотмасдан буни қандай тўғри амалга ошириш мумкин?”. 

Масалани ДБҚ мутахассислари тушунтиришди:

 

– Айни бир вақтнинг ўзида Божхона кодексининг 6-бобида айтиб ўтилган қуйидаги шартларга риоя этилган тақдирда товарни импорт режимидан реэкспорт режимига қайта расмийлаштириш мумкин:

  • контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;
  • товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;
  • товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно .

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилади . Бунда:

     1) товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан 2 йил ичида расмийлаштирилиши керак;

     2) товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлиши керак, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно .

Юқорида баён этилган вазиятда тўланган тўловни қайтариш учун:

  • шахсий ғазна ҳисобварағига божхона тўлови ўтказиб берилган божхона органига ариза топширинг;
  • ундирилган божхона тўловларини қайтариш ҳуқуқини юзага келтирувчи ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этинг .

Ариза келиб тушган ва зарур ҳужжатлар тақдим этилган куннинг эртасидан эътиборан 10 иш куни ичида тўловчининг аризасига кўра қарор қабул қилинади. Қўшимча текширувни амалга ошириш зарурати туғилганда, аризани кўриб чиқиш 10 иш кунидан ошмайдиган муддатга узайтирилади .

Божхона тўловларини тўловчига қайтариш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, аризачи божхона органи билан бирга ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасини тузади.

Қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади .

Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, божхона органи қарздорликни тўловчининг розилиги билан қайтарилиши лозим бўлган сумма ҳисобидан сўндиради.

Қарздорлик чегирилгандан кейин, тўловчи қолган суммани олади.

Эътибор беринг
Реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарларни божхона ҳудудидан амалда олиб чиқиш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 6 ойдан кечиктирмай амалга оширилиши керак . Агар бу амалга оширилмаса, мазкур товар худди эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилгандек, божхона божи ва солиқларни тўлашга тўғри келади.

Манбага қаранг.

Сизга қуйидаги тавсиялар асқотиши мумкин:

 

 

ТИФ ТИФ ТИФ /uz/publish/doc/text181367_tulovlarni_yuqotmasdan_tovarni_importdan_reeksport_rejimiga_rasmiylashtirish