Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Чекда нотўғри кўрсатилган МХИК қандай тузатилади (йўриқнома)
2022 йил 1 январдан бошлаб товарлар ва хизматлар бўйича МХИК кўрсатилмаган онлайн-НКМ чекларини бериш тақиқланади . Нотўғри кўрсатилган МХИК ахборот тизимларида ҳисобга олишда хатоликлар юзага келишига ва солиқ имтиёзларини қўллашда муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Чекдаги хатоларни қандай тузатиш кераклигини buxgalter.uz илтимосига биноан «Mарон» ТХКМ мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ тушунтириб берди:
– «2022 йил 1 июлдан бошлаб ЭҲФларда ёки онлайн-НКТ чекларида олинган товарлар (хизматлар) номенклатурасига ёхуд фаолиятнинг ўзига хос хусусиятларига ва амалга ошириладиган турларига мувофиқ бўлмаган идентификация кодларини акс эттириш ЭҲФ ёки чекларда кўрсатилган реализация қилинган товарлар (хизматлар) қийматининг 1%и миқдорида жарима солишга сабаб бўлади .
МХИК акс эттирилмаган ёки МХИК хато кўрсатилган чек уриб берилганда нима қилиш керак?
Бундай хато солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Онлайн-НКМ ва виртуал касса ҳақидаги маълумотлар» интерактив хизматининг «Чекка тузатиш киритиш» функционали ёрдамида тузатилади.
Онлайн-НКМ чекидаги товар бўйича МХИК сизнинг омборингизга ушбу товар келиб тушганда тақдим этилган ЭҲФда кўрсатилган ҳамда tasnif.soliq.uz да ушбу товарлар учун назарда тутилган МХИКга мувофиқ келиши лозим.
ЭҲФдаги МХИК tasnif.soliq.uz да кўрсатилганига мувофиқ келмаса, товарни етказиб берувчига мурожаат қилинг. МХИКдаги хатолик тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш орқали тўғриланиши лозим. Буни қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг.
Бундан кейингина чекка тузатиш киритишингиз мумкин бўлади.
«Чекка тузатиш киритиш» функционали ёрдамида чекдаги хатони тузатиш учун аризани ДСҚга юбориш учун рўйхатдан ўтган жойингиздаги солиқ инспекциясига ариза билан мурожаат қилинг. Аризада хатоликни юзага келтирган вазиятни баён этинг ва уни тузатишга рухсат сўранг. Солиқ инспекциясидан ижобий жавоб келган тақдирда, кейинги босқичга ўтинг ва қуйидагиларни амалга оширинг:
- чекда хатолик борлигини тасдиқлайдиган барча ҳужжатларни тўпланг ва уларга солиқ инспекциясидан келган жавобни ҳам қўшинг;
- солиқ тўловчининг шахсий кабинетидаги «Чекка тузатиш киритиш» функционали ёрдамида аризани ДСҚга юборинг.
Кейинчалик хатоликлар чиқмаслиги учун онлайн-НКМ ёки виртуал кассангизга киритилган товарлар ва хизматлар рўйхатини қайта текшириб чиқинг ва зарурат бўлганда тузатишлар киритинг.
Сизнинг вазифангиз ушбу рўйхатда МХИКсиз ёки нотўғри МХИК билан кўрсатилган товарларни аниқлаш ва тўғри МХИКни кўрсатишдан иборат.
Мазкур жараён кўпинча сиздаги онлайн-НКМ ва виртуал кассанинг техник жиҳатларига боғлиқ бўлади. Ушбу масалада ТХКМ ходимлари техник кўмак кўрсатишлари мумкин».
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.