Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Давлат тадбиркорларни қандай ҳимоя қилади
4 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар билан танишди.
Таклиф этилаётган чора-тадбирлар юзасидан buxgalter.uz илтимосига кўра «ICONSULTANT» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Иродахон АББОСХОНОВА шарҳлаб берди:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
1. 2025 йил 1 январдан бир ҳуқуқбузарлик учун фақат битта жавобгарлик чораси назарда тутилади.
2. Айрим санкциялар бекор қилинади:
- якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини юритганлик учун олинган даромадларнинг 10 фоизи миқдорида, лекин 1 млн сўмдан кам бўлмаган миқдорда жарима.
Ўйлайманки, молиявий санкция самарасиз бўлгани учун бекор қилинмоқда. Биринчидан, солиқ органларида амалиётда маъмурий жиҳатдан жиддий қийинчиликлар юзага келиши эҳтимоли юқори. Расмий рўйхатдан ўтиш ва ҳужжатлар бўлмаган ҳолда даромаднинг ҳақиқий миқдорини аниқлаш – етарлича мураккаб вазифа. Иккинчидан, жариманинг минимал миқдори (айниқса ихтиёрий тўланганда икки баравар – 500 минг сўмгача камайтирилишини ҳисобга олганда) етарли даражада олдини олиш самарасини таъминламайди;
- рақамли маркировкалаш ва фискал белгиларни акс эттириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик – мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 баравари миқдорида маъмурий жарима . СКнинг 227-1-моддасида белгиланган чораклик тушум ҳажмининг 2 фоизи миқдоридаги (бир йил давомида такроран содир этилганда – 20 фоиз) молиявий санкция эса – сақланиб қолади.
Эҳтимол, мантиқ қуйидагича бўлган: ходимлари эмас, балки корхона юридик шахс сифатида жавобгар бўлиши керак;
- ходимлар сонини яширганлик учун маъмурий жавобгарлик (мансабдор шахсга БҲМнинг 10 баравари, бир йил давомида такрор содир этилганда – 20 баравари миқдорида жарима). Ҳуқуқбузарлик учун хўжалик юритувчи субъект ҳам жавобгар бўлади.
3. 2025 йил 1 мартдан низоларни ҳал этишни енгиллаштириш учун, агар суддаги иш томонларнинг келишуви билан якунланса, давлат божини қисман қайтариш тартиби жорий этилади.
Чора томонларни муросага келишга иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиради, бу эса билвосита судда ишларни кўриб чиқишнинг умумий давомийлигига таъсир қилиши мумкин.
4. Тадбиркорларни текшириш бўйича:
- тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли давлат органлари ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Ушбу рўйхатда назарда тутилмаган текширувлар тақиқланади;
- тадбиркорларнинг барча текширувлари "Ягона давлат назорати" ахборот тизимида – Бизнес-омбудсманни мажбурий хабардор қилган ҳолда рўйхатдан ўтказилади. 2025 йил 1 январдан эса улар тадбиркорларни уч хавф тоифасига бўлиб, “Хавфларни таҳлил қилиш” электрон тизими асосида ўтказилади.
Яъни яна расмий жиҳатларга урғу берилмоқда: рўйхатлар тузиш, тизимларда рўйхатдан ўтказиш, хабарномалар... Бироқ, менинг фикримча, бу етарли эмас, чунки асосий муаммолар ҳал этилмай қолмоқда: a) текширувларнинг сифати;
б) текширилаётган хўжалик юритувчи субъект ва давлат органи ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишнинг самарали механизмлари йўқлиги.
Таклиф этилаётган ўзгартиришларда инспекторларнинг малакасини ошириш назарда тутилган бўлса-да, бу текширувларни ўтказишнинг амалиётдаги мавжуд муаммоларни ҳал этмайди. Ҳақиқий ўзгаришларга эришиш учун расмий тартиб-қоидалардан назорат фаолиятига ёндашувларнинг ўзини сифат жиҳатидан ўзгартиришга ва уларнинг самарадорлигини баҳолашга эътиборни қаратиш керак.